Линклар

logo-print
Қаршилик пенсионерлар уч ойдан буён пенсия ололмаяпти. Ҳар замон почтага келтириладиган бир тутам пенсия 5-6 кишидан ортмаяпти. Почта эшигида куну-тун қоровуллик қилаётган пенсионерлар тарвузи қўлтиғидан тушиб уйига қайтмоқда.


Қаршилик пенсионерлар сўнгги пенсиясини бундан уч ой муқаддам, март ойида олишган эди.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган қаршилик биринчи гуруҳ ногиронига кўра, фақат пенсияга яшайдиган одамлар жуда оғир аҳволга тушиб қолди:

- Мана июн бошланди. Ҳали апрел, май ойлари турибди. Биринчи гуруҳ ногирониман, кўзим ожиз. Икки нафар вояга етмаган болам бор. Уч ойдан буён қийналиб кетдик. Таниш дўконлардан қарзга озиқ-овқат оляпмиз. Пенсиямиз чиқса қарзни ёпамиз. Марказий Банкнинг ишонч телефонига қирқ марта телефон ҳам қилдик. Лекин аниқ жавоб айтишмайди, “ҳа чиқади, ҳа беради”, дейишдан нарига ўтишмайди, деди биринчи гуруҳ ногирони.

Қарши шаҳрида истиқомат қиладиган 32 ёшли Гулсара ҳам ногирон боласига нафақа пулини уч ойдан буён ололмаётганидан шикоят қилди:

- Апрел ойидан буён ҳеч нарса йўқ. Почталондан сўрасак, “банкка борсам, бир ярим-икки миллион сўм пул беряпти, холос. Буни мен 3-4 одамга тарқатяпман холос”, деяпти. Ҳеч ким буни сабабини очиқ айтолмаяпти, деди Гулсара.

Озодлик суҳбатлашган қаршилик Зиёдилло бобонинг айтишича, қариялар ҳозир почта эшигида саҳардан шомгача қоровуллик қилишади:

- Почталарни олдида урҳо-ур. Почтага кириб ҳам бўлмайди, бориб ҳам бўлмайди. Озгина пул келса ҳаммага ҳам етмайдида, шунга жанжал, вағур-вуғур бўлади. Қарияларимиз қийналиб кетди. Давлатга 40-50 йил ишлаб берган қариялар бугун сарсон, ўз пенсиясини ололмайди. Мен ҳам давлатга 50 йил ишлаб берганман. Наҳотки қариган чоғимизда энди шундай азоб беришса, деди Зиёдилло бобо.

Озодлик бу муаммонинг сабабларини ўрганиш мақсадига аввал Қарши шаҳар пенсия жамғармаси билан боғланди. Жамғарма бошлиғи Мавлуда Худойқулованинг айтишича, пенсия ва нафақалар тўла почтага ўтказиб берилган:

- Биз ойни бошида почтага пенсия ва нафақларни молиялаштириб ҳам берганмиз, ведомостини ҳам берганмиз. Ҳозир фақат апрел учун тўлов кетяпти. Почта тўлови ҳали 50 фоиз ҳам бўлгани йўқ. Пулнинг нега етмаётганлигини почта бошлиғидан сўранг, деди Қарши Шаҳар пенсия жамғармаси бошлиғи Мавлуда Худойқулова.

Озодлик Қарши шаҳар почтаси бошлиғи Нормурод Арзиқулов билан боғланди. Унинг айтишича, пенсияларнинг берилмаётганига Асакабанкнинг Қарши шаҳар филиали айбдор:

- Пенсия жамғармаси томонидан 4 миллиард 495 миллион сўм пул молиялаштирилиб, ведомост берилган. Асакабанкка шунча пулга талабнома берилган. Лекин бугунги кунгача 2 миллиард 461 миллион сўм олдик. Асакабанк қолган пулни беролмаяпти. Нақд пул йўқ дейди. Биз банкка 22 май куни тўловлар кечикиб кетаётганлиги ҳақида хат ҳам чиқарган эдик, лекин ижобий ҳал бўлмади. Бугунги число билан апрел ойининг тўловлари кечикиб кетяпти, деб яна хат чиқардик, деди Қарши шаҳар почтаси бошлиғи Нормурод Арзиқулов.

Асакабанкнинг Қарши шаҳар филиали бошлиғи Нурбек Боймуродов эса Озодлик билан суҳбатда, пенсия пуллари таъминотида узилишлар бўлаётганини кескин рад этди:

- Муаммо йўқ, 100 фоиз пул бериляпти, пенсияда ҳеч қандай муаммо бўлган йўқ. Бизда нақд пулда муаммонинг ўзи йўқ, мана бугун ҳам жуда катта сумма олишади, деди Асакабанкнинг Қарши шаҳар филиали бошлиғи Нурбек Боймуродов.

Ўзбекистонда пенсияларнинг икки-уч ой кечиктирилиб берилиши бошқа вилоятларда ҳам кузатилади. Ўзбекистон Марказий Банки мулозими Озодлик билан суҳбатда пенсия тўловларида нақд пул муаммоси йўқлиги ҳақида гапирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG