Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:44

Сурияда ҳалок бўлган жиҳодчилар орасида бир ўзбек ҳам бор


Сурияда президент Башар ал-Ассад армиясига қарши жангларда ҳалок бўлган халқаро жиҳодий гуруҳ вакиллари орасида бир ўзбекистонлик ҳам бор. Бу ҳақда Вашингтондаги Яқин Шарқ Институти ҳамда Ню Йоркдаги “Flashpoint Global Partners” ташкилоти эълон қилган ҳисоботда билдирилди.


Ҳар икки ташкилот мутахассислари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Сурияда сўнгги 11 ой ичида Ассад режимига қарши мухолиф гуруҳлар таркибида жанг қилаётган 280 нафар хорижлик жанггари ўлдирилган.

Аксари Ливия, Саудия Арабистони, Тунис, Иордания, Ливан, Фаластин каби мамлакатлар фуқаролари бўлган бу жанггарилар орасида бир ўзбек фуқаросининг ҳам ҳалок бўлгани аниқланди.

Ҳисоботда ўзбек фуқаросининг исми, қачон ва Суриянинг қайси қисмида ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келтирилмаган.

Сурияда ҳалок бўлган хорижлик жанггарилар орасида Чеченистон, Доғистон, Озарбайжон ҳамда Россиядан бўлган постсовет ўлкалари фуқароларининг ҳам борлиги айтилади.

Уларнинг етти нафари Россия, бир нафари Озарбайжон, беш нафари Чеченистон ва тўрт нафарининг Доғистондан экани маълум.

“Flashpoint Global Partners” тадқиқотчиларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксари Ал-Қоида террор тармоғи билан алоқадор “Жабҳат ан-Нусра” исломий гуруҳи жангчилари бўлишган.

Ҳалок бўлганлар орасида ўзбек фуқаросининг ҳам борлиги ҳақидаги хабар Покистон ва Афғонистонда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон исломий ҳаракати мужоҳидлари Сурияда Ассад режимига қарши жангларда қатнашаётгани ҳақидаги иддаоларни кучайтирди.

Бир йил аввал халқаро жиҳодий гуруҳлар сафларида бўлган 40 дан зиёд ўзбекистонлик жанггарининг Башар ал-Ассад армиясига қарши курашаётган исёнчиларга қўшилиш учун Сурия ҳудудларига ўтгани хабар қилинган эди.

Британияда чиқадиган The Guardian газетаси мухбири Суриянинг Алеппо шаҳрида мукаммал тайёргарликдан ўтган хорижлик жанггарилар, жумладан ўзбек ва чеченлар жангларда қатнашаётганини ўз кўзи билан кўргани ҳақда ёзган эди.

Сурияга Туркия орқали ўтгани ишонилаётган бу жанггариларнинг аксари Ўзбекистон исломий иаракатидан ажралиб чиққан Исломий жиҳод иттифоқи аъзолари бўлиши мумкин.

2012 йилнинг август ойида Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳам Сурияда Ассад режимига қарши жиҳодга қўшилаётган кўнгиллилар сони ортиб бораётгани ҳақида ўз саҳифаси орқали билдирганди.

Сурияда Ассад режимига қарши жанг қилаётган мухолиф гуруҳлар ўз сафларида Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мужоҳидларнинг борлигини рад этишган.

Туркия расмийлари ҳам ўз ҳудуди орқали хорижлик жанггариларнинг Сурияга ўтгани эҳтимолини инкор этди.
XS
SM
MD
LG