Линклар

logo-print

Эрдўғон ўзи кабилар таянчига муҳтож


Бош вазир Эрдўғон рафиқаси.

Бош вазир Эрдўғон рафиқаси.

Бир пайтлар дунëни титратган Усмонли империясининг пойтахти бўлмиш Истанбулнинг асосан ишчилар қатлами яшайдиган районлари ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этаëтган Тақсим майдонидан кўп ҳам узоқ эмас. Айнан ана шу ҳудудда туғилиб ўсган балиқчининг ўғли Ражаб Тоййип Эрдўғон¸ бугун ўз мухолифлари қаршисида қолар экан¸ собиқ маҳалладошлари таянчига муҳтож.

Истанбул қалби бўлмиш Тақсим майдонида шовқин-суронли намойишлар давом этаëтган айни кунларда бу майдондан атиги 2 километр масофада бўлган Қосимпошшо районида ҳаëт ўз одатий маромида давом этмоқда.

Одамлар кундалик ташвиши билан банд¸ кўча-кўйлар¸ хусусан чойхоналар олдида турк қаҳваси симириб¸ нарда ўйнаб ўтирган эркаклар бисëр.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййип Эрдўғон¸ Истанбулнинг ана шу оддий меҳнаткашлар яшовчи қисмида туғилиб катта бўлди ва унинг маҳалладошлари фахр билан Эрдўғон ҳокимиятга келганидан бери оддий халқ ҳаëтида жуда катта яхшиликлар бўлганидан гапиради.

Зотан Эрдўғонни 10 йилдан бери сайловларда қайта-қайта ғолиб қилиб келаëтган асосий омил¸ нафақат Истанбул¸ балки Туркиянинг каттаю кичик Қосимпошшо каби туман ва маҳаллаларида яшовчи оддий халқ таянчидир.

Эрдўғон ва у етакчилигидаги ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партиясини ўз манфаатларини менсимай келаëтганликда айблаб¸ Тақсим майдонига чиққан минглаб истанбулликлар қаршисида қолган Эрдўғон¸ бугун яна ана шу ўзи мансуб ишчи синф қўлловига муҳтож бўлиб турибди.



Истанбулдаги “Ҳуррият” газетаси муҳаррири Барчин Йинанч Озодлик билан суҳбатда Эрдўғонни асосан кундалик турмуши ислом ва турк анъаналари устига қурилган меҳнаткашлар синфи яхлит бир куч сифатида қўллаëтгани ҳолда¸ унинг мухолифлари ичида бирлик йўқлигини айтади:

- Эрдўғон менинг орқамда меҳнаткаш халқ бор¸ деган ишонч билан бошқаларни менсимай қўйди. Бугунги намойишларнинг келгуси сайловлар натижасига қандай таъсир қилишини билмайман¸ аммо Эрдўғонни қўлловчи жуда жиддий ва яхлит қатлам борлиги аниқ. Айни пайтда¸ Эрдўғонга қарши овоз берган 50 фоиз туркияликлар орасида бундай яхлитлик кузатилмайди¸ дейди туркиялик муҳаррир.

Тақсим майдонига норозиликка чиққан аксарияти дунëвий давлат тарафдори бўлмиш турклар Эрдўғонни Исломни давлат бошқарувига ошиғич аралаштириб юбораëтганликда айбламоқда.

Қосимпошшодаги туркларни бундай жиҳат безовта қилмаëтган бўлса-да¸ Эрдўғоннинг ашаддий тарафдори бўлган бу қатлам ичида ҳам Бош вазирни жорий сиëсий бўҳронни рисоладагидай эплай олмаганликда айблаëтганлар талайгина.

Шундайлардан бири Било¸ Эрдўғонни Туркия дунëвий давлат бошқарувини ўта шошқалоқлик билан исломийлаштираëтганликда айблайди:

- Гап дин ҳақида борар экан¸ чиндан ҳам аксариятимиз мусулмонлармиз. Аммо мусулмонлик баробарида биз ҳаммамиз ўз фикримизга эгамиз ва бу фикрлар турличадир¸ дейди Било.

Нарда ўйнаëтганлар даврасидаги 26 яшар Бада¸ Эрдўғонни бор вужуди билан қўллаб-қувватлашини айта туриб¸ унинг ҳукуматини ëш авлод ташвишларини тушунишга етарлича ҳаракат қилмаëтганликда айблайди.

Қосимпошшолик 60 яшар Иброҳим Бодур ҳам ўзининг машҳур маҳалладоши Эрдўғонни умумиятлар қўллай туриб¸ унинг Тақсим майдонига чиққанларни “хулиган”лар деб аташини унга ярашмайдиган баëнот деб атайди:

- Бошқаларни “хулиган” дейишни мен қўлламайман. Бу яхши эмас¸ дейди кекса қосимпошшолик.

Шимолий Африкага тўрт кунлик сафар бошлаш арафасида Эрдўғон¸ Тақсим майдонидаги намойишчиларни “хулиган”лар ва “талончи”лар деб атади ва бундай баëнот билан ўз мухолифлари ғазабини янада қўзитди.

Тақсимдаги намойишлар¸ умумиятла тинч кечаëтган бўлса-да¸ мазкур майдондаги айрим бинолар деразаларининг синдирилгани¸ Эрдўғонга шундай кескин баëнот қилишга асос бергандек.

Аммо Бош вазир мухолифлари¸ бундай тартибсизликлар ортида ҳукумат кучлари турганини таъкидламоқдалар.

XS
SM
MD
LG