Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:09

Ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқовни милиция таъқиб қилмоқда



Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг хабар қилишича¸ жамиятнинг Бухоро вилояти бўлими раиси, фермер Бобомурод Раззоқов ўзи истиқомат қиладиган Жондор тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан сўнгги бир ой давомида бир неча марта ноқонуний равишда Бухоро вилояти ИИБга олиб кетилган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Бобомурод Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев томонидан сўроқ қилинган:

- Бобомурод Раззоқовнинг “Эзгулик” жамиятига расман юборган аризасига кўра, терговчи Андаев сўнгги бор у билан уч ярим соатлик суҳбатга ўтказиб, кучли босимлар ўтказган. Бобомурод акадан Ўзбекистон халқ ҳаракати, Эрк партияси ҳақида сўраган, “Эзгулик” билан боғлиқ фаолиятини сўраган. Кейин “Эзгулик”дан чиқиб кетиш ва хорижий оммвий ахборот воситаларига вилоят ҳақида ҳеч қандай ахборот бермаслик, агар бу айтганлари қилинмаса¸ унинг бошига қора кунлар тушиши ҳақида огоҳлантирган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Бобомурод Раззоқов маҳаллий ҳокимиятдаги коррупция ва порахўрлик ва бошқа қонунбузарликлар ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситаларига доим холис ахборотлар бериб турганлиги учун ҳам шундай таъқибга учрамоқда:

- Биз Бобомурод Раззоқовнинг қонунбузарликларга қарши айтилган жуда кучли баёнотларини эшитиб келганмиз. У “Эзгулик”нинг вилоятдаги фаоли сифатида ҳам инсон ҳуқуқи бузилишига оид фактларни тез-тез жамиятимизга етказиб турарди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг шу воқеалар муносабати билан тарқатилган баёнотида: “...вилоятнинг собиқ ҳокими Самойдин Ҳусейнов ва унинг 10 дан ортиқ жиноий шериклари яқинда узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилиниб, таъбир жоиз бўлса, вилоятни буткул шарманда қилиб бўлишди. Ҳоким ва унинг ҳамтовоқларига жиноий фаолият учун кенг йўл очиб берган вилоят прокуратураси, ИИБ Бухоронинг шаънини кунда булғашмоқди. Бобомурод Раззоқов эса ана шу қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом танқид ва конструктив фаолият тарафдоридир” дейилади.

Жамият Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Пакт ва бошқа қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан мазкур ҳолат бўйича дарҳол изоҳ беришни талаб қилган.

Озодлик мухбири Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Алишер Андаев билан телефон орқали боғланиб, Бобомурод Раззоқов нега таъқиб қилинаётгани ҳақида сўради.

Алишер Андаев тадбирда эканлиги ва гаплашишга имкони йўқлигини айтиб¸ саволларга жавоб беришдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG