Линклар

logo-print
Ўзбекистонлик тадбиркор Елена Агибалова хорижда экан унинг VISA карточкасидаги пулнинг бир қисми аввал йўқолиб, сўнг пайдо бўлди. Бир кунда карточкадан 80 доллардан ортиқ пул ечиб ола олмаган тадбиркор пластик карточка муаммо манбаига айланганини айтади.


Елена Агибалова Тошкентда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. У ўн йилдан буён Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мижози ҳисобланади.

У жорий йилнинг 15 майида Бирлашган Араб амирликларига борганида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидан олган VISA халқаро пластик карточкалари билан боғлиқ муаммоларга дуч келди.

Елена Агибалованинг айтишича, биринчи муаммо унинг ҳисобидаги пуллар аввал камайиб¸ яна ўз ўрнига тушгани билан боғлиқ:

- Биз 15 май куни Дубайга учиб келганимиздан сўнг дарҳол карточкаларимиздаги пулнинг балансини текширдик. Менинг бир карточкамда 2039, иккинчисида 2050 АҚШ доллари бор эди. Буни қарангки, биринчи карточкамда 300 доллар етмади, иккинчисига 80 доллар. Йўлдошим Динара Латипованинг карточкасида эса 400 доллар етишмади. Тошкентда қолган эримга айтдим, банкка телефон қилиб айтди. Кейин бир кундан сўнг эса балансимни текшириб кўрсам, пуллар жойига тушибди. Менинг шахсий карточкамдаги пулларни банк нега мендан сўрамасдан олади? Кейин банкда ишлайдиган танишларимдан сўраб суриштирсам, бу улар учун оддий ҳол экан, дейди Елена Агибалова.

Тадбиркорнинг пластик карточкаси билан боғлиқ муаммолар шу билан тугамади. Елена Агибалованинг айтишича, хорижга чиқишдан олдин у банкка валюта олишга оид чекловларни бекор қилиш учун ёзма мактуб ҳам берган, бироқ у бир кунда 80 доллардан ортиқ пул ечиб ололмаган:

- Мен банкоматдан пул олишга ҳаракат қилдим. 80 долларга тенг келадиган 300 дирҳам олдим. Кейин яна олмоқчи бўлсам, “Сизнинг ҳисобингиздаги маблағ етарли эмас” деган жавоб чиқаверди. Дубайда майда-чуйда сотадиган кўп дўконлар нақдга, терминалсиз ишлайди. Менинг эса карточкамда пул бору, лекин уни ололмайман. Бир дўкончи менга ишонмай, ўзи карточкамни банкоматга солиб балансини текшириб ҳам кўрди ва ёқасини ушлади. “Бу нима деган гап, ахир сен ўзингни пулингни ҳам ололмайсанми, бу шармандалик”, деди. Рости гап биз жуда ҳам уялдик. Чунки биз Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мижози эдик, дейди Елена Агибалова.

Тадбиркорнинг айтишича, Марказий банкнинг “банкнинг масъулиятли ходимлари қисқа муддат ичида валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш давомида жисмоний шахсларнинг халқаро пластик карталарига валютани кирим қилишлари ва бу жисмоний шахслар хорижда барча ҳисоб-китобларни чекланмаган тарзда амалга ошириш имконини бериши керак”, деган кўрсатмаси ҳам фақат қоғозда қолиб кетмоқда.

Елена Агибалова иккинчи квартал учун банкдан сотиб олиши мумкин бўлган 2000 АҚШ долларини энди қаердан олишини билолмай ҳайрон қолаётганини айтади:

- Мана 30 июнда иккинчи квартал тугайди. 2000 АҚШ доллари олишим керак. Ҳайрон бўлиб турибман. Агар буни пластик карточкамга туширсам, ундан барибир хорижда кунига 80 доллардан ортиқ ололмайман. Агар қора бозордан сотиб олмоқчи бўлсам, қўлга тушиб қолсам яна бир бало бўлади. Айни пайтда ана шу икки ўт орасида қолганман, деди тошкентлик тадбиркор Елена Агибалова.

Озодлик Агибалова тилга олган муаммоларга муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан боғланди. Банкнинг конвертация бўлими мутахассиси Санжар Рихсиевнинг айтишича, Марказий банк томонидан жисмоний шахсларнинг VISA карточкаларидан хориждан бир кунда ечиб оладиган пули миқдори 100 АҚШ доллари қилиб белгиланган:

- Барча банкларга 100 доллар қилиб Марказий банкнинг ўзи қўйган. Бу шу мақсадда қилинганки, масалан ҳар хил одамлар чиқиб кетаяпти, бировлар номига карталар олиб, хуллас бу тизимдаги қаллобликка қарши шундай қилинган. Аслида, 100 доллар етарли. Чунки, жуда узоқ борса¸ фуқаролар бир-икки ҳафтага боради. Шунда ҳар куни 100дан ечиб олиб бемалол ишлатса бўлади, деди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мутахассиси Санжар Рихсиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG