Линклар

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” маҳаллий аҳолига ҳам авиачипталарни валютада сотишни режалаштирмоқда. Бир-биридан мустақил икки манбадан олинган хабарга кўра, айни пайтда Ўзбекистондан ташқарига учадиган резидентлар 1 июлдан бошлаб АҚШ долларида авиачипта харид қилишлари ҳақида ҳужжат тайёрланмоқда.


1 июлдан бошлаб "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси мамлакатдан ташқарига учадиган ўзбекистонлик йўловчиларга АҚШ долларида чипта сотишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда хабар берган Узметроном Интернет газетасига кўра, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолётларига ўзбек сўмида чипта харид қилиш 2-жаҳон уруш фахрийлари,1 ва 2- гуруҳ ногиронлар, хизмат сафарига чиққан йўловчилар ва яқинларининг дафн маросимига борадиган шахслар учун сақланиб қолади. Қолган йўловчиларнинг ҳаммаси фақат АҚШ долларида чипта сотиб олишга мажбурдирлар.

Тошкентда истиқомат қиладиган Озодлик манбаси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компаниясида ишлайдиган мулозим гапига таяниб бундай ҳужжатнинг ҳозирланганини хабар қилди:

- "Ҳаво йўллари"да ишлайдиган танишимнинг аниқ айтишича, шу компаниядан халқаро авиалиниялар бўйича учадиган ўзбекистонлик йўловчилар учун ҳам долларда билет харид қилиш йўлга қўйилаётган экан. Ҳозир ана шу хусусда махсус ҳужжат тайёрланяпти экан. Фақат ҳозир битта проблема бор экан. Яъни агар чиптани йўловчи қайтарса, возвратни сўмда тўлаш керакми ёки долларда, шу хусусда ишлашаётган экан, деди Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири бу янгиликка изоҳ олиш мақсадида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компанияси билан боғланди. Компаниянинг чипталар ва тарифлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бундай гаплардан хабари йўқлигини айтди:

- Бизда ҳозирча бундай гап йўқ. Аслида¸ агар сиз 1 июлдан деб айтаётган бўлсангиз, шундай бўлган тақдирда ҳам бизга бу хабар бир кун олдин айтилади. Ҳозир компания ўзбекистонлик резидентларга фақат сўмда чипта сотмоқда, деди "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компаниясининг чипталар ва тарифлар бўлими ходими.

Узметрономга кўра, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг бундай чоралар кўришига ҳукуматнинг валюта хазинаси хароблашиб қолгани ва мамлакатга инвестициялар кириб келишининг сустлашуви боғлиқ.

Ўзбекистон ҳаво йўллари яқинда учта A-310 ва учта RJ-85 самолётларини сотувга қўйгани ҳақида хабар қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 апрелидан бошлаб, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компаниясидан бошқа барча хорижий компаниялар самолётларига авиачипталарни валютада сотиш тартиби жорий қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG