Линклар

Тулада ўзбеклар қулдай ишлатилаяпти

  • Ҳурмат Бобожон

Туладаги ўзбек муҳожирларидан паспортлари олиб қўйилгани айтилмоқда.

Туладаги ўзбек муҳожирларидан паспортлари олиб қўйилгани айтилмоқда.

Россиянинг Тула вилояти далаларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари паспорти олиб қўйилиб, қул каби ишга солинмоқда.


Бу ҳақда ўзини Аҳмад деб таништирган ўзбекистонлик Озодликка маълум қилди.


- Кеча телефон қилган эдик. Подмосковьеда эдик. Жиянларим бор эди. 50-60 та бола эканда қисқаси. 4-5 та жияним далада ишлагани кетган эди Москвага. Шуни олиб кетгани борсак, паспортини бермаяпти. Проблема бўлиб ëтибди. Сизлар отделениеларга телефон қилиб, ëрдам берасизларми?

Озодлик: Нимага бермаяпти?

- Пушинский район Ивановка қишлоғи. Уч ой олдин келишган далага ишлагани. Ўзбекистондан биттаси сотиб юборганми буларни... Чегарадан Газелга чиқиб келиб, булар октябргача ишлаши керак экан. Октябрда ойига 100 доллардан пул берар экан. Ҳозир у болаларнинг мазаси йўқ. Овқатлари чатоқ, дейди. Ошқозони оғрияпти. Тушунтириб бўлмаяпти. “Паспорти йўқ, кетса кетаверсин”, дейди.

Озодлик: Паспорти қаерда?

- Паспортини уч ой олдин регистрацияга берган экан. Регистрация ҳали ҳам йўқ. Паспортни кимга берганини, телефонини ҳам билмайман, дейди. Ўйин қилаяпти-да у. “Октябр-ноябргача ишлайсан. Кейин паспортни берамиз” дейди.

Озодлик: Ким айтаяпти?

- Корейс хотин бор экан Ли деган. Натали деб қўйишар экан. “Қаëққа борсанг, боравер. Хоҳласанг полицияга, хоҳласанг, УФМСга бор” деяпти. Пушиново районида 200-300 ўзбек палаткаларда яшаб ишлаб ëтибди. Ит ëтиш, мирза туриш. Қўй ҳам ундан яхши қўйхонада ëтади. Кўрсангиз, сасиб ëтибди. Уч-тўрт ойдан бери ювинмаган. Сасиб кетган гўшт олиб келади, вақти ўтиб кетган нон олиб келади, деяпти. Чой сўрасак, сотади, дейди. Ëзиб қўяди, октябрда ҳисоблашамиз, деб айтади, дейди.

Озодлик: Паспортини ишлатиш учун олиб қўйганми?

- Ишлатиш учун. "Қочиб кетмасин болалар" деб олиб қўйган.

Озодлик: ФМСга, полицияга шикоят қилиб боришдими?

- Бордик. Кеча битта ўзим бордим. Милицияга борганда: “Тушунтириш хати ëзади”, дейди. У тушунтириш хати ўрталарида. Кетганимиздан кейин йиртиб юбораверади. У ерда собиқ участковой бор экан Борисов деган. Натали дегани ўшанга: “Борисов, у меня проблема” деб телефон қилаяпти-да.

Озодлик: Россияда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар йўқми? Шуларга мурожаат қилмадингларми?

- Пока биз у нимани билмадик.

Озодлик: Нечта бола бор у ерда?

- 18 та бола бор ўша Наталининг қўлида. Зўрлаб ишлатаяпти. Эрталаб соат 5да туришади, кечқурун соат 9 гача, дейди ўзини Аҳмад деб таништирган ўзбекистонлик.

Туланинг Серпухова туманида паспорти олиб қўйилиб, кунига тўққиз соат ишлашга мажбурланаётган тошкентлик Артур билан суҳбатлашамиз.

- Қисқаси бу ердан ҳеч қаëққа чиқиш мумкин эмас.

Озодлик: Сизларни қўрқитиб қўйдими у аëл?

- ...

Артур билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.



Ўзбекистонликларнинг паспортларини олиб қўйгани айтилаётган Наталя Ли исмли аёлга қўнғироқ қилдик. Наталия Ли ўзбекистонликларнинг паспортларини олиб қўйганини рад этди, лекин саволларга жавоб беришдан бош тортиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

- Мен ишлашга мажбурлаяпманми? Мен кимни ишлашга мажбурлаяпман. Номма-ном айтинг. Сиз билан суҳбатимиз қовушмаяпти....

Ўзга юртларга тирикчилик илинжида боришган ўзбек мухожирлари ўзларини депортация этишлари ёки ортларидан тушишларидан қўрққан муҳожирлар камдан-кам ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этишади.

*************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG