Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

Ўзбек футболчилари Хитойдан уча олмаяпти


Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитой аэропортидан Сеулга учиб кета олмаяпти. Ўзбекистон футбол федерацияси маълумотига кўра, бунга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлаяпти.

Ўзбек футболчилари 7 июн куни Хоххот маҳаллий вақти билан тушдан сўнг Пекинга учиши лозим эди. Бироқ футболчиларнинг "Байта" аэропортида бир неча соат кутишига тўғри келди. Шундан сўнг Хоххотдан Пекинга учишга муваффақ бўлган футболчилар яна кутишга мажбур бўлишди.

Пекинда ҳам ўзбек футболчиларининг учиши лозим бўлган рейс номаълум муддатга кечиктирилган.

Хитойда футболчилар билан бирга бўлган Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаевнинг твиттер саҳифаси орқали хабар беришича, жамоа учиши керак бўлган рейс яна 2 кунга кечикади.

Ризаевга кўра, ўзбек футболчилари 9 июн куни Сеулга учиши мумкин, ўйинчиларнинг 8 июн кунги машғулотлари эса Пекинда ўтказилади.

Сеул аэропортида маҳаллий журналистлар ўзбек футболчиларини 3 соат кутиб, кейин тарқалишган. Ўзбекистонлик ишқибозлар гуруҳи ҳам Сеулга етиб боргани айтилаяпти.

Ўзбекистон футбол федерациясининг Тошкентдаги идорасидан олинган маълумотга кўра, Хитойда нафақат терма жамоа учаётган рейс балки бошқа барча рейслар кечиктирилган бўлиб, бунга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлаяпти.

Ўзбек футболчилари 6 июн куни сафарда Хитой терма жамоасига қарши ўтган ўртоқлик учрашувида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Хитойнинг Хаххот шаҳрида ўтган учрашувда ҳисоб мезбонлар тарафидан ўйиннинг 31-дақиқасида очилди.

Миржалол Қосимов шогирдлари биринчи бўлим тугашига бир дақиқа қолганда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Голга ҳужумчи Улуғбек Бақоев муаллифлик қилди.

Иккинчи бўлимнинг 54-дақиқасида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

Икки тарафдан бўлган кескин ҳужумларга қарамасдан ўйин сўнггигача ҳисоб ўзгармай қолди.

Эслатамиз, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 11 июн куни Сеулда Жанубий Корея терма жамосига қарши 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинлари доирасидаги учрашувда майдонга тушади.

Агар ушбу ўйинда Жанубий Корея жомоаси устидан ғалаба қозонса, Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал Жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин.
XS
SM
MD
LG