Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:15

Марказий Осиё учун асосий таҳдид ички муаммолардан келади


Марказий Осиё тинчлигига асосий таҳдид ташқаридан эмас, ички муаммолардан келади.

Вашингтонда жума куни якунланган халқаро анжуманда Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги у ерда инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда иқтисодий эркинликларга оид муаммоларнинг ҳал этилишига боғлиқ экани таъкидланди

2014 йилда Афғонистондаги жанговор ҳаракатларнинг расман тугатилиб, халқаро кучларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши ортидан минтақада экстремистлар яна бош кўтариши ва хавфсизликга таҳдидлар кучайиши борасида хавотирлар илгари сурилган.

Вашингтондаги анжуманда сўз олган АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Робер Блэйк бу хавотирлар ўринсиз эканини қад этди.

Жаноб Блэйк фикрича, Афғонистон шимолида фаолият доирасини кенгайтиришга уринаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати каби қуролли гуруҳлар таркибида ўнлаб, балки юзлаб аскар бўлиши мумкин, лекин минглаб эмас.

-Уларнинг зўравон мафкурасини Марказий Осиёдаги аксарият аҳоли инкор этиши тайин, - деди Блэйк.

Жаноб Блэйк фикрича, Марказий Осиё учун асосий муаммо демократия ва сўз эркинлигига қўйилган чекловлар билан боғлиқ ички муаммолардир.

- Ҳукуматлар экстремизмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги тамоилларига зид усуллардан фойдаланиши минтақада узоқ муддатли барқарорликни хавф остига қўяди, -деди Блэйк.

Қўшма Штатлар Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун турли дастурлар орқали кўмак бериб келади.

Ўтган молия йилида Вашингтон Марказий Осиёнинг беш мамлакати Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга бу мақсадлар учун қарийб 26 миллион АҚШ доллари ажратган.
XS
SM
MD
LG