Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:53

Блейк Марказий Осиё учун таҳдид манбаси ички муаммолар эканини таъкидламоқда


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.
Марказий Осиё осойишталиги учун асосий таҳдид ташқаридан эмас, ички муаммолардан келади. АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Вашингтонда ўтказилган халқаро анжуманда ана шундай мулоҳаза билдирди.

Жума куни якунланган халқаро анжуманда Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги у ерда инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда иқтисодий эркинликларга оид муаммоларнинг ҳал этилишига боғлиқ экани таъкидланди.

2014 йилда Афғонистондаги жанговар ҳаракатларнинг расман тугатилиб, халқаро кучларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши ортидан минтақада экстремистлар яна бош кўтариши ва хавфсизликка таҳдидлар кучайиши борасида хавотирлар илгари сурилган.

Вашингтондаги анжуманда сўз олган АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блэйк бу хавотирлар ўринсиз эканини қайд этди.

Жаноб Блэйк фикрича, Афғонистон шимолида фаолият доирасини кенгайтиришга уринаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати каби қуролли гуруҳлар таркибида ўнлаб, балки юзлаб аскар бўлиши мумкин, лекин минглаб эмас.

- Уларнинг зўравон мафкурасини Марказий Осиёдаги аксарият аҳоли рад этиши тайин, - деди Роберт Блэйк.

Жаноб Блэйк фикрича, Марказий Осиё учун асосий муаммо демократия ва сўз эркинлигига қўйилган чекловлар билан боғлиқ ички муаммолардир.

- Ҳукуматлар экстремизмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги тамойилларига зид усуллардан фойдаланиши минтақада узоқ муддатли барқарорликни хавф остига қўяди, - деди Блэйк.

Қўшма Штатлар Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун турли дастурлар орқали кўмак бериб келади.

Ўтган молия йилида Вашингтон Марказий Осиёнинг беш мамлакати Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга бу мақсадлар учун қарийб 26 миллион АҚШ доллари ажратган.
XS
SM
MD
LG