Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:13

Намойишчилар Эрдўғон чақириғини рад этди


Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг намойишларни тезликда тўхтатиш ҳақидаги талабларига қарамай, минглаб одам бугун ҳам Истанбулнинг Тақсим майдонида қолмоқда.


Намойишчилар майдонда ўйин-кулги қилиб, рақсга тушиб, ҳукуматга нисбатан ўз норозиликларини ифода этишмоқда.

Намойишчиларга нисбатан куч қўллаганлар жазоланиши, Истанбул ва Анқара ҳокимлари ва полиция бошлиқларининг истеъфога чиқарилиши ҳамда Истанбулнинг Гези боғидаги қурилишлар тўхтатилиши намойишчилар илгари сураётган талабларнинг айримларидир.

- Талабларимиз бажарилмагунича, ҳукумат ўз режасидан қайтмагунича, биз шу ерда қоламиз, - дейди Гўкче Гунаж исмли намойишчи.

Бир ҳафта олдин Истанбулдаги Гези истироҳат боғида дарахтлар кесилишига қарши бошланган тинч намойишлар полициянинг зўравонлиги туфайли мамлакат бўйлаб норозиликларни келтириб чиқарганди.

Истанбул ва Анқара шаҳарларида намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда шу кунгача уч киши ҳалок бўлган, юзлаб одам жароҳатланган.

Намойишчилар Эрдўғон ҳукуматини тобора авторитар бўлиб бораётгани ва Туркия дунёвий давлат принципларидан чекиниб, кўпроқ исломийлашувга қараб кетаётганида айблашмоқда.

- Биз Туркияда муайян ҳуқуқлар, муайян эркинликларга эга эдик. Ҳозир шу ҳуқуқларимизни биздан олишаяпти. Биз бунга қарши ҳозир намойишга чиққанмиз, - дейди туркиялик намойишчилардан бири Жавоҳирўғли.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг мартабали расмийси Туркия ҳукуматини Истанбул ва Анқара шаҳарларида намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўллаган полициячиларни жазолашга чақирмоқда.

Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича масъули Штефан Фюле Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида Туркиядаги зўравонликлар билан боғлиқ тергов “тез ва шаффоф” ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

- Демократик жамиятда тинч намойишлар фикр билдиришнинг қонуний усули ҳисобланади. Уларга нисбатан полициянинг куч қўллаши каби ҳолатларга демократик жамиятларда ўрин бўлмаслиги керак, - деди Фюле.

Ўз навбатида, Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Европани иккиюзламачиликда айблади.

- Европанинг истаган мамлакатида кимки давлат қурилиш лойиҳасига қарши бунақа қутирган кўринишда намойиш қилса, бундан ҳам баттар шаклда жавоб қайтарилган бўлар эди, менга ишонаверинг, - деди Эрдўғон.

Европа Иттифоқи Туркияни ўз сафига қабул қилиб олиш учун бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг фундаментал тамоилларига амал қилишни талаб қилиб келади.
XS
SM
MD
LG