Линклар

logo-print

Туркия Бош вазири етакчилигидаги партия намойишчиларнинг муддатидан олдин сайлов ўтказиш талабини рад қилди. Айни пайтда Истанбулнинг учта машҳур футбол жамоаси ишқибозлари норозилар сафига қўшилди.

Туркия Бош вазири етакчилигидаги партия намойишчиларнинг муддатидан олдин сайлов ўтказиш талабини рад қилди. Айни пайтда Истанбулнинг учта машҳур футбол жамоаси ишқибозлари норозилар сафига қўшилди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси намойишчиларнинг муддатидан аввал сайлов ўтказиш талабини бажаришдан бош тортди.

Партия ўн минглаб одам иштирок этаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари дарҳол тўхтатилишини талаб қилди.

Адолат ва тараққиёт партияси вакиллари маҳаллий ва президентлик сайловлари, режада белгиланганидек, 2014 йилда, умумий сайловлар эса 2015 йилда ўтказилишини таъкидлади.

Айни пайтда Туркияда ҳукуматга қарши намойишлар якшанба куни ҳам давом этди.

8 июн куни кечқурун Истанбулнинг Тақсим майдонига йиғилган минглаб намойишчилар сафига Бешиктош, Галатасарой ва Фенербаҳче футбол жамоаларининг минглаб ишқибозлари ҳам қўшилди.

Учта машҳур футбол жамоаси ишқибозлари биргаликда юриш ўтказиб, Бош вазирни истеъфога чиқишга чақирди.

Туркиядаги воқеаларни Истанбул шаҳрида туриб кузатаётган Озодлик мухбири Гленн Кейтсга кўра, узоқ йиллар давомида бир-бирига ашаддий рақиб бўлиб келган Бешиктош ва Фенербаҳче футбол жамоаларининг ишқибозлари ҳозирда муштарак мақсад йўлида бирлашган.

24 ёшли Саид Бурақ футбол ишқибозларининг намойишга қўшилгани сабаблари тўғрисида Озодликка қуйидагиларни айтди.

- Биз Туркияни диктаторлик ва ҳуқуқларимиз чекланган давлат, деб ўйлаймиз. Туркия келажакда эркинроқ давлат бўлиши учун футбол жамоалари ишқибозлари ўзаро келишмовчиликни бир чеккага суриб қўйдик ва ҳаммамиз биргаликда нимадир қилишга уриняпмиз, - деди Бешиктош жамоаси ишқибози Саид Бурақ.

Кундалик "Ҳуррият" нашрининг спорт бўйича муҳаррири Четин Йилмазнинг Озодликка айтишича, норозилик акциялари бошлангунига қадар Туркия футболида муҳит энг қуйи даражага тушган ва яқин фурсатда яхшиланиш белгилари кузатилмаган.

Унга кўра, 31 май куни полиция намойишчиларни куч билан тарқатиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг учта футбол жамоаси фан-клублари ижтимоий тармоқлар орқали намойишчиларни қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, ўзаро бирлашган.

Тақсим майдонидаги намойишда қатнашаётган Галатасарой жамоаси ашаддий ишқибози Намиқ Камол Бора Гўмуллер ўғли Озодликка учта жамоа ишқибозлари бирлашганидан ғурурланишини айтди.

- Мен ҳамма жамоалар асосий муштарак ғоя йўлида бирлашганини ҳеч қачон кўрмаганман. Биз ўз ҳуқуқларимиздан мосуво бўляпмиз ва бу ҳақда ҳатто баландроқ овозда гапириш имкониятига эга эмасмиз, - деди Галатасарой футбол жамоаси ишқибози.

Озодлик мухбири билан сўзлашган турли футбол жамоаларининг ишқибозлари Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон Мустафо Камол Отатурк асос солган Туркиянинг дунёвийлигига тажовуз қилди, деган фикрда эканлигини айтган.

Айни пайтда норозилик намойишига қўшилган Фенербаҳче футбол жамоасининг бир гуруҳ ишқибозлари миллиатчилик шиорларини айтиб, Бош вазир Эрдўғонни айирмачи Курдистон ишчилар партияси билан тинчлик келишувига эришишга уринганликда айблаган.

Улар “Туркия - турклар учун” каби шиорларни айтиб бақиришган.

Учта футбол жамоаси ишқибозлари Озодликка, сиёсий мотивлар қандай бўлишидан қатъий назар, янги биродарлик руҳи пайдо бўлганидан мамнун эканларини айтишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG