Линклар

Бир гуруҳ гавдали-гавдали чегарачилар қўлида кичкина компютери билан кириб, текширишни бошлади. Уларни Россиянинг қизил паспортиям, Украинанинг кўк паспортию қозоқларнинг ҳаворанг паспорти ҳам қизиқтирмайди. Уларга ортиқча сўроқ-саволсиз штамп уриб кетаверади. Яшил паспорт эгалари билан бошқачароқ гаплашилади. Энди бу ерда "жуз рубл" кетмайди. Мингсиз иш битиши қийинроқ...

Ўзини Ўзбек Турист деб таништирган тингловчимиз WhatsApp дастури орқали ёзиб жўнатган йўлномаси - Шиғар жуз рубл-1 ва Шиғар жуз рубл-2 ҳикоялари билан май ойида танишган эдингиз. Техник муаммолар туфайли бу тингловчи биз билан бир муддат боғлана олмаган экан. Ўз манзилига етиб олгач, у ҳикоянинг давомини Озодликка жўнатишга муваффақ бўлди.

Ўзбек Турист ўз смартфон ҳикоясида бу гал ўзбек меҳнат муҳожирларининг Россия ва Украина чегараларида дуч келган ҳодисаларини баён қилади


***

Салом, Озодлик. Турист яна алоқада.

Хуллас, поездимиз йулида давом этяпти. Биз ҳам амал-тақал қилиб, қозоқ чегарачиларининг кўнглини олдик. Борлар пул беришди. Пули йўқлар - ким майиз, ким туршак, қурут, бир-икки пачка кўк чой, яна бири банкада яримлаб қолган қовурдоқ дегандай - бергиси келмасаям беришди.

Бу азаматлар ҳам тортиниб ўтиришмас экан - нима бўлса олиб, чўнтакларига, сиғмаганни қўйинларига тиқиб, хурсанд бўлиб, тушиб кетишди. Биз ярим соатча юриб, ярим тунда Россия чегарасига етиб келдик. Бу чегарада айтарли ҳеч бир ҳодиса содир бўлмади, деҳқонободлик бир йигитни тушириб, қайтарворганини ҳисобга олмаганда (тўланмай қолиб кетган штрафи борларни Россия қайтиб киргизмайди, қайтарворади чегарадан).

Россия

Ўзбекларимиз манзилларига етиб, битта-битта ё гуруҳ-гуруҳ бўлиб тушиб қоляпти. Тушган жойида ҳар вагоннинг олдида кутиб олувчисидан ҳам олдин жонсарак мелисалар (ёки замонавий қилиб айтганда полициячилар) кутиб олишади.

Улар орасида тахминан шундай суҳбат бўлиб ўтади:

Мелиса: Билет.
Муҳожир йўловчи: Марҳамат, мана билетим.
Мелиса: Паспорт.
Муҳожир йўловчи: Мана паспорт, мана миграционка. Мана янги паспортлиги учун переводи.
Мелиса: Нима мақсадда келдинг?
Муҳожир йўловчи: Ишлашга (аммамнинг ўғлини кўргани келаманми бўлмасам?!).

Мелиса охирги, "роковой ход"ини ишга солади. У: “А у вас есть приглашение на работу от работадателя?” деб сўрайди (сўраган нарсасини шунча йил мелисада ишлаб, ўзиям билмайди қанақа бўлишини).

Ана!!! Бу ёғи энди қозоқчасига "шиғар жуз рубл!"

Шунақа томошалар билан йўлда давом этамиз.

Йўл-йўлакай шу ерларда ишлайдиган ўзбеклар чиқишади: ким нос сўраб чиқади, ким кўк чой, гуруч сўраб, ҳатто “тандирда ёпилган уй нони борми, яхши пул берамиз”, деганлариям бор.

Россиядан чиқишга 2-3 соат қолганда бир станцияда 4 йигит келди. Учтасининг миллий либосидан (сариқ камзулидан) билдимки, ё документи йўқ, ёки бир ишкали бор. Тўртинчиси қолган учтасини кузатиб, вагонга опчиқиб қўйиб, қайтиб кетди. Уччовининг биттадан салафан пакетдан бошқа юки йўқ. Пакетда нима борлигини кўрмасам ҳам биламан: битта батон нон, бир баклашка сув, учта доширак (балким тўрттадир), лекин бошка нарса йўқ. Булар ким? 23-26 ёшлардаги бу йигитлар Андижоннинг Жалолқудуқ деган жойидан экан. "Кирди-чиқди"га кетишяпти.

Кўпчилик билсаям, изоҳ бериб кетаман. Россия қонунига кўра, мигрантлар 90 кунда чиқиб кетиши керак Россиядан. Бўлмаса, штраф ёки депортация. “Унда қандай йиллаб ишлаяпти?” десангиз, худди мана шунақа "кирди-чиқди" қилинади ҳар уч ойда. Бунда ўзбек поездга чиқади, боя айтганимдек, битта салафан билан. Россиядан чиқади, Украинага киради. Яна шу поезднинг ўзида Украинадан чиқиб, Россияга киради янги миграционка, паспортда янги печат билан. Кейин яна уч ой бемалол ишлайверади.

Бу Украинага яқин жойларда ишлайдиганлар. Қозоғистонга кириб-чиқадиганлар ҳам бор. Бунга ўртача билет-милетлари билан 100 доллардан 200 долларгача пул кетади.

Бундан арзон йўлиям бор. Беш-олти юз рублга Украина, Россиянинг қалбаки печатини босиб, сохта печатли миграционкани қўлингизга беради. Ҳам арзон, ҳам тез. Кўпчилик шунақаям қилиб юради. Лекин хавфли томони бор, қалбаки печат билан қўлга тушиб қолсангиз, оқибати яхши булмайди, ўзимнинг бошимдан ўтган. Қалбакилигини кўчада тўсиб текширадиган мелиса билмайди. Лекин уйга кетаётганда чегарачи билади. Инсофлироғи индамай чиқарворади. Ёмонроғига тушиб қолсангиз, ё пулингизни олади, ё штрафга тортади. Пул олгани яхши. Жарима солиб қўйса, уйга кетаётган одам тушиб қолиб, югуриб бориб, банкка пул тўлаб келмайди-ку. Қўлида квитанцияси билан кетаверади. Кейин келганда, кечаги деҳқонободлик болага ўхшаб, чегарадан ўтолмай, қайтиб кетади.

Россиядан чиқиш чегарасида кўпчилик тушиб кетди. Вагонда ҳаммаси бўлиб, 15-17 тача одам қолди Украинага кетадиган.

Украина

Россиядан чиқиб, бирпасда Украинага кирдик. Бу ернинг чегарачилари поездга чиқиб, кейинги станциягача текшириб кетаверар экан. Кейинги станцияда тушиб қолишади. Кўзига ёқмаган йуловчиларниям шу ерда тушириб, Россияга қайтарворишади.

Мана, биз кетаётган вагонгаям навбат келди. Бир гуруҳ гавдали-гавдали чегарачилар қўлида кичкина компютери билан кириб, текширишни бошлади.

Уларни Россиянинг қизил паспортиям, Украинанинг кўк паспортию қозоқларнинг ҳаворанг паспорти ҳам қизиқтирмайди. Уларга ортиқча сўроқ-саволсиз штамп уриб кетаверади. Яшил паспорт эгалари билан бошқачароқ гаплашилади. Энди бу ерда "жуз рубл" кетмайди. Мингсиз иш битиши қийинроқ. Ўзларини ҳар хил қонунларини пеш қилишади. Гуё Украинадан чиқиб кетгандан кейин бу мамлакатга 90 кун ўтмасдан кириш мумкинмасмиш.

Ёки мана бундай суҳбат бўлиб ўтади улар билан:

Чегарачи: Кимникига кетяпсан?
Яшил паспорт эгаси: Фалончиникига.
Чегарачи: Фалончи Украина гражданими? Телефон номери борми? Сени келишингни биладими? Ҳозир телефон қилиб, сўраб кўрамиз рост ё ёлғон гапирганингни.

Ёки:

Чегарачи: Неча кунга келяпсан Украинага?
Яшил паспорт эгаси: Фалонча кунга.
Чегарачи: Ҳар бир меҳмонни кунлик эҳтиёжи фалонча гривен, демак, фалон кунга кўпайтирсак, фалонча гривен бўлади. Сенда борми шунча пул? Йўқми, демак, Украинагаям йўл йўқ.

Хуллас, шунга ўхшаш жинни-кетти принциплар. Кирди-чиқдига келаётганларни дарров билишади. Жалолқудуқлик болаларниям паспортини олиб, чўнтагига солволди. Роса у ёқдан бу ёққа судраб юриб, уччовига икки минг рублга печат қўйиб берди. Пулини олгани етмагандек, ҳалиги йигитлардан бирининг калласи каттароқ экан - ўртага олишиб, тўрт киши роса масхара қилишди.

Улар ўтиб кетиши билан таможнячилар кириб, ҳамманинг сумкасини тит-пит қилишни бошлади. “У мумкинмас Украинага, бу мумкинмас”. Қўқонлик савдогар опалар бор экан қўшни вагонда, уларниям бизнинг вагонга чақириб, анча пулини олишди “мумкинмас”лигини пеш қилиб.

Украинада ишлаётган ўзбеклар Россиядаги ўзбеклардан анча фарқ қилади. Украинада ўзбек муҳожирларимизнинг кўпи тадбиркорлик билан шуғулланади. Бозорда “точка”си бор, запчаст магазини бор, машина тузатадиган устахонаси бор.

Ошхонаси, ресторани бор ўзбекларам йўқ эмас. Қурилишларда, қора ишларда ўзбек кам. Ўзимнинг шахсий хулосам - Украина чегарасидаги ставкаларни ҳам ўзимиз кўтариб юбордик шекилли, айтган пулини беравериб. Айтувдим-ку, Украина чегарачисининг олдида қозоқ аскари ўн баравар арзон сўрайди, деб.

Ҳикоям тамом. Воқеалар ҳаммаси рост, ҳаммаси реал. Ишингизга ривож тилаб,

Ўзбек Турист.

Р.S. Украинанинг мелисалари ҳақида ёзиш эсимдан чиқибди. Улар ҳақида кейинроқ ҳикоя қилиб берарман.


Озодликдан: Тингловчимиз Ўзбек Туристнинг смартфондаги Whats App дастури орқали ёзиб жўнатган ҳикояси поёнига етди.

Озодликнинг WhatsAppи:

(WhatsApp +420 724 971 539)


Сиз ҳам биз билан алоқага чиқинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG