Линклар

HRW: Қирғиз расмийлари июн воқеалари бўйича адолатли судловни таъминлай олмаяпти


HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман июн воқеалари бўйича ўтказилган айрим судларда судланувчиларнинг адолатли судлов бўйича ҳуқуқи поймол қилинаётганини айтади.

HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман июн воқеалари бўйича ўтказилган айрим судларда судланувчиларнинг адолатли судлов бўйича ҳуқуқи поймол қилинаётганини айтади.

Human Rights Watch ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти вакиллари қирғиз расмийларига мамлакат жанубидаги вазиятни ўнглаш бўйича конкрет қадамлар қўйишни ва қийноқ қўлланилгани айтилаётган судланувчилар ишларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилмоқда.


Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритманга кўра, Қирғизистон жанубида истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида ҳали ҳам ҳадик кайфияти ҳукмрон.

- Айни пайтда жанубдаги вазият озми-кўпми осойишта, бироқ кўпчилик ўзбеклар қўрқув ичида ва ўзининг чорасизлигини ҳис қилган ҳолда яшашда давом этаяптилар. Ҳозир июн воқеалари билан боғлиқ маҳкама жараёнлари камайган, бироқ бир неча суд шу кунгача давом этмоқда, - деди Мира Ритман.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман.

HRW вакиласи мазкур судларда, айниқса этник ўзбеклар ишлари кўрилаётган маҳкамаларда зўравонлик муҳити ҳукм сураётганини қайд этади.

- Бу судларнинг айримларида судланувчиларнинг адолатли судлов бўйича ҳуқуқи поймол қилинмоқда. Жанубда адвокатларга босим ўтказиш ва уларга ҳужум қилиш ҳолатлари бор, яқинда эса бундай ҳолат Бишкекда - Олий судда ҳам кузатилди. Балки расмийларда бундай маҳкамалар чоғида қўриқчилар сонини кўпайтириш имкони бордир, бироқ расмийлар ҳар доим ҳам адвокатлар ва судланувчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора кўриш ва таҳдидларга чек қўйишга муваффақ бўлолмаяптилар, - деди Ритман хоним.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман Қирғизистон жанубидаги вазиятни нормаллаштириш учун расмийлар қатор ишларни амалга оширишлари зарурлигини айтди.

- Биринчидан, маҳкама жараёнларида хавфсизлик таъминланиши лозим. Акс ҳолда, бунақа вазиятда адолатли судловни таъминлашнинг имкони бўлмайди. Шу сабабдан июн воқеалари бўйича айрим маҳкамалар уч йилдан бери давом этиб келаяпти. Иккинчидан, июн воқеалари билан боғлиқ тергов ишлари чоғида қийноқ қўлланилганига оид фактлар бўйича текширув ўтказиш зарур. Human Rights Watch Қирғизистон расмийларига июн воқеалари бўйича судланаётганларга нисбатан қийноқ қўлланилгани ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани айтилаётган барча жиноий ишларни қайтадан кўриб чиқишни тавсия қилади, - дер экан Мира Ритман илк қадамлардан бири жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўриб чиқилиши бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

2010 йилнинг 10-14 июн кунлари Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўшдаги вакили Ренате Фрейх Озодлик билан бўлган ўтган йилги суҳбат чоғида июн воқеалари бўйича Ўшда судланган 102 кишидан 97 нафари ўзбек миллатига мансуб экани, бу судланувчиларни тергов қилиш чоғида улардан 61 нафарига нисбатан қийноқ қўлланилганини айтган. Қирғизистон расмийлари эса БМТ вакилининг бу баёнотида келтирилган фактларни рад этган.

Қирғизистон президенти фармойишига биноан ишлаб чиқилган Ўш қирғинининг расмий версиясига кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари (73,3%) ўзбеклардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG