Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:55

Қаршидаги маҳбуслар қийноқлардан Озодликка хабар йўллади


Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга ëзган ушбу мактуб 2007 йилда Озодлик мухбирларига етказилган эди.
Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга ëзган ушбу мактуб 2007 йилда Озодлик мухбирларига етказилган эди.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидаги 64/33 сонли Қарши қамоқхонасидаги маҳбусларга нисбатан қийноқлар янада кучайгани, сўнгги икки ойдан буён диндорлар якка ҳолда калтакланаётгани айтилмоқда. Қамоқдан Озодликка йўлланган хабарга кўра, қийноқлар юзларига ниқоб таққан рецидивист маҳкумлар ёрдамида амалга оширилмоқда.


Озодликка Россиядан боғланган ўзбекистонлик тингловчи Қаршидаги 64/33 сонли қамоқхонадаги диндор маҳбуслардан хабар олиб келганини айтди.

Исми сир қолиши шарти билан сўзлаган тингловчи сўнгги икки ойдан буён бу қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган диндор маҳбуслар тергов изоляторида биттама-битта калтакланаётгани ҳақида сўзлади.

Суҳбатдошимиз "зона"даги маҳбуслар ўзларини оммавий тарзда қийноққа солиш ишларига бошчи бўлаётган шахсларга оид маълумотларни ҳам ошкор қилишни сўраганини айтди.

- Қаршидаги 33-зонада ўтирган маҳбусларни, айниқса, сиёсий, 159-модда билан қамалган маҳбусларни қаттиқ қийнашяпти экан. Замначалник Баҳром, дегани ва қамоқхонадаги оперларнинг бошлиқлари қаттиқ зулмларни қўллаётган экан. Маҳбусларни биттама-битта изоляторда ўладиган даражада уриб, санчастга тиқаётган экан. Ураётганлар юзига маска кийиб олган лохмачлар, аристонлар экан кўпроқ,- деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка маҳбуслардан хабар йўллаган тингловчи.

Унинг сўзларига кўра, диндор маҳбусларга нисбатан қийноқнинг кучайиши бундан икки ой муқаддам бошланган.

- Шунақа тепадан буйруқ бўлган шекилли. Асосан, шу Ҳизб ут-Таҳрирда айбланган маҳбусларни қийнашяпти экан. Йўлидан қайтариш учун синдириш бўлаяпти экан. Шунга маҳбуслар Озодликка хабар чиқарайлик, дейишибди. Менга ўша зонада ўтирганлардан бирининг опаси шу хабарни етказди,- деди ўзбекистонлик тингловчи.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки ойда нисбатан кучайган қийноқлар боис маҳбусларнинг нобуд бўлганига оид маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда Қаршидаги 33-зонада бўлаётган вазиятдан хабари борлигини айтади.

- Аслида бу зонада диндорлар муттасил, систематик равишда қийноққа тутилади ва бизда буни тасдиқловчи далиллар кўп. Лекин, ҳар икки-уч ойда тепадан буйруқ боради диндор маҳбусларни қийноққа солиш бўйича. Бу ҳозир доимий тус олган,- дейди Суръат Икромов.

Унинг сўзларига кўра, диндорларни қийноққа солишда рецидивист маҳкумлар "хизматидан" фойланилмоқда. Бунда уларни таниб қолишмасин учун бу маҳбуслар юзларига ниқоб тақиб олишади.

- Чунки, маҳбуслар бир-бирини танийди, исм-фамилиясини биладику! Агар шунақа хабарлар орқали у лохмачлар ёки қамоқхона нозирларининг исми матбуотга чиқиб кетса, агар биз шунақа конкрет фактларни ёритсак, уларга чора кўришга мажбур бўлишади. Мен буни ўз практикамдан биламан. Лекин, улар юзига ниқоб тутиб олганидан кейин билолмидида,- деди ҳуқуқ фаоли.

Озодликка хабар йўллаган тингловчининг ўзи ҳам бир вақтлар Қизилтепа қамоқхонасида жазо муддатини ўтаганини айтади.

У диндорлар, айниқса, Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига аъзоликда айбланиб қамалган маҳбусларни вақти-вақти билан "синдириш" амалиёти бўлиб туришидан хабардорлигини айтди.

- Мен 2003 йилда чиққанман Қизилтепадаги қамоқхонадан. У ерда ҳам бизни синдиришга уриниш бўлган. Изоляторга ташлашади ва кейин лохмачлар кириб, уриб, хуллас, шунақа синдириш бўлади. Энди диндан қайтармоқчи бўлишади. Биз ҳам қайтдик, деб ёзиб берганмиз. Энди тилимизда бу. Дилимиздагиси Оллоҳга аёнку. Лекин, ҳозир Қаршидаги синдириш жуда қатиқ бўлаётган экан. Йигитларни умуман уриб тўкиб ташлашаётган эканда, деди собиқ маҳбус.

Қашқадарёдаги Қарши ва Навоий вилоятидаги Қизилтепа қамоқхоналари кўпроқ диний-сиёсий мотивларда айбланган маҳбуслар сақланадиган муассасалардир.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи берган маълумотларга кўра, муттасил қўлланадиган қийноқлар боис маҳбусларнинг нобуд бўлиши ҳам айнан шу қамоқхоналарда кўп кузатилади.

Ушбу гуруҳ кузатувларига кўра, биргина 2010 йилда мамлакат қамоқхоналарида 39 маҳбус қийноқ ёки касалликдан нобуд бўлган, марҳумларнинг жасадлари яқинларига яширинча берилган.

Бу эса ушбу гуруҳга яқинлари берган шикоятлар асосида йиғилган маълумотдир. Аслида мавжуд рақамларнинг бундан бир неча баробар кўп экани тахмин қилинади.

Бироқ, Ўзбекистон ИИВ қошидаги Жазони ижро этиш бош бошқармасидан қамоқхонада вафот этаётган маҳбуслар ва умуман, диний-сиёсий мотивларда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг аниқ сони ҳақида расмий маълумот олиш имконсиз қолмоқда.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти вакиллари эса айни дамда Ўзбекистондаги қамоқхоналарга кириш имконидан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG