Линклар

2011 йилнинг декабр ойида пойига буқа сўйилиб¸ катта тантаналар билан очилган “Мегапланет” гипермаркети шаҳардаги савдо-сотиқ маданиятининг намунаси бўлажаги ваъда қилинган эди. Аммо бу ваъда амалга ошмаган кўринади.



Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “Мегапланет” савдо маркази пойтахтдаги илк гипермаркет, дея реклама қилинади.

50дан зиëд кичик дўконлар¸ кинотеатр ва кўнгилочар масканларидан таркиб топган тўрт қаватлик “Мегапланет” савдо маркази “фаровонлик сайëраси” деган жумлани ўзига шиор қилган.

Ташқаридан “фаровонлик сайëраси” тарзида ярқираб кўринадиган савдо маркази ичидаги ишчилар ва иш берувчилар¸ ижарачилар ҳамда соҳиблар ўртасидаги низолар ҳақидаги гап-сўзлар гипермат очилган 2011 йилдан бери тингани йўқ.

Ижара тўлашни кечиктирганлар калтакланади

“Мегапланет”нинг ранг-баранг пештахталари орқасидаги реал вазиятдан хабардор манбанинг Озодликка билдиришича¸ “Мегапланет” савдо маркази хизматчилари меҳнат қонунларида кўрсатилмаган “қаттиқ режим” шароитида ишлашга маҳкум.

Бу биринчи навбатда ижара тўлашни кечиктирганларга оид, дейди ўзини Жавлон деб таништирган манба:

- Агар келишилган кун ижара пулини тўламасангиз, дарров дўконингиз эшигига қулф осиб қўйишади. Икки кун ичида пул тўламасангиз дўкондан ҳайдашади. Агар эътироз билдирсангиз калтаклашади¸- дейди ўзини Жавлон деб таништирган Озодлик манбаси.

“Мегапланет” савдо марказидаги дўконлар ижараси ойига 1200 доллардан 6000 долларгача экани айтилмоқда.

Бу Тошкент дўконларидаги энг юқори ижара ҳақи экани айтилади. Ижара ҳақини тўлаш мушкуллиги эса низоларни келтириб чиқармоқда.

Савдо марказининг иккинчи қаватидаги эркаклар пойабзаллари дўкони хизматчиси Равшаннинг Озодликка айтишича¸ ижарадан пулидан ташқари турли ўлпонлар ҳам савдогарлар силласини қуритмоқда:

- Ҳомийлик мақсадларида йиғиладиган йиғилмалар куп. Дўконларнинг ижара нархлари кимматлиги, кундалик ҳаражатларнинг кўплиги махсулотлар таннархига таъсир килади. Кўпинча махсулотлар сотилмайди, аксарият ҳолларда фирма эгалари томонидан маҳсулотларнинг нархларини ассоссиз равишда ошириш ҳоллари мавжуд. Одатда оддий аҳоли кўпроқ бозордан савдо қилади, бу ердан асосан хорижликлар, маълум тоифа кишиларгина харид килади. Шу боис ижара ҳақининг катталиги бизга малол келяпти¸- дейди суҳбатдош.

Суҳбат асносида гипермаркет қўриқчиларининг ўта қўпол ва шафақатсиз экани аëн бўлди.

Гипермаркет ишчилари Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясига савдо марказида меҳнат қонунлари бузилганидан шикоят қилишди.

Шикоятни текширган касаба уюшмаси нозирининг Озодликка айтишича¸ “Мегапланет” савдо маркази мутасаддилари қаттиқўллик ҳолатларини рад қилишмаган.

- Улар ижарачиларга қўполлик қилган қўриқчиларга нисбатан интизомий чора кўрамиз деб ваъда қилишди¸- дейди Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг ўз исмини айтмаган ходими Озодлик билан суҳбатда.

Савдо марказидаги атир -упа растасининг ўзини Гулмира, деб таништирган сотувчиси марказ қўриқчиларининг қўпол муомаласига ҳар куни нишон бўлаëтганидан нолиди:

- Ҳақиқатан ҳам мажмуа хавфсизлик хизмати ходимлари қўпол ва тўпори. Бу ерда аксар ҳолларда хавфсизлик ва сервис соҳасига таниш-билиш орқали ишга олишади. Бу ерга ишга қабул қилинаётганларнинг аксарияти маълумотсиз, агар танлов асосида бу ишларга қабул килинганида эди, бундан аввало хизматчилар, дўкон сотувчилари ва харидорлар наф кўрар эди¸- дейди суҳбатдош.

Озодлик мухбири “Мегапланет” савдо марказидаги “қаттиқ режим” тамсилчиси бўлган хавфсизлик хизмати ходими билан ҳам суҳбатлашди.

Ўзини Даврон деб таништирган қўриқчи гипермаркетдаги қаттиқўллик тизими ҳақидаги маълумотларни қисман тасдиқлади:

- Бошлиқлар қаттиққўл ва иш тартибига риоя килиш учун талаб кучли. Аммо ходимларни калтаклаш деган гап жуда кулгили. Чунки ҳозирги замонда бировни калтаклаб ишлатиш жуда кулгили. Шароит ва маошлар яхши, бу ерга ҳаммани ҳам ишга олаверишмайди¸ дейди “Мегапланет” савдо маркази қўриқчиси.

Қўриқчининг “бу ерга ҳаммани ҳам ишга олаверишмайди” деган гапини “Мегапланет” савдо марказидаги вазиятдан хабардор бўлган Жавлон изоҳлади:

- Бу гап тўғри. Гипермаркетда таниш билишчилик урчиган. Савдо маркази назорати Дилшод деган болани қўлида. У марҳум ҳукумат мулозими Алишер Азизхўжаевга қариндошман деб гапириб юради. “Мегапланет” савдо марказини Алишер Азизхўжаевнинг Азиз исмли жияни Араб Амирликларидан туриб бошқаради¸ дейди суҳбатдош.

Жавлоннинг айтишича¸ “Мегапланет” савдо маркази юқори мартабали мулозимлар ëрдамида солиқ¸ прокуратура ва бошқа тафтишчилар ҳуружидан ҳимоя қилиниб даҳлсиз ҳудудга айлантирилган.

Суҳбатдош назарида айнан мана шу “даҳлсизлик омили” боис “Мегапланет” савдо маркази ишчилари қўпол муомала ва калтаклашларга чидаб келишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG