Линклар

logo-print

Шу кунларда Озодликка боғланаётган тадбиркорлар маҳаллий ҳокимият улардан давлат ғазнасига кўпроқ нақд пул топширишни талаб қилаётганидан норози бўлмоқда. Ойликлар, пенсиялар, стипендиялар тобора кўпроқ пластик карточкаларга ўтказилаётгани боис нақд пул тушуми камаяётган бир кезда савдо ва маиший хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар мушкул аҳволда қолмоқда.


Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳар ҳокимияти томонидан маҳаллий тадбиркорлардан бирига нақд пул тушумини ошириш бўйича берилган ҳужжат Озодлик таҳририятига йўлланди.

Зарафшон шаҳар ҳокимнинг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Шаҳобиддин Аҳроров, шаҳар Солиқ бўлими раҳбари Орзумурод Умаров, шаҳар Миллий банки бўлими раҳбари Дилшод Омоновлар имзо чеккан ҳужжат "2013 йил июн ойи учун нақд пул тушуми бўйича топшириқ прогноз", деб таснифланган.

Озодликка мустақил манба томонидан йўлланган ҳужжат.

Озодликка мустақил манба томонидан йўлланган ҳужжат.

Шундай ёзма топшириқни олган ва Озодликка шахси сир қолиши шарти билан сўзлаган тадбиркорга кўра, у июн ойи ичида давлат ғазнасига 3 миллион сўм нақд пул топшириши керак.

"Биз ҳар доим ўзи нақд пул топишириб келганмиз, талаб бўлган. Лекин, ҳозир ҳамманинг ойлиги, пенсияси пластикка ўтаётганда, ҳамма пластикка савдо қилаётганда, мен қандай қилиб нақд пул тушумини ошираман", дейди тадбиркор.

Унинг Зарафшон шаҳрида ишлаб турган кичиккина маиший хизмат корхонасида бир ойлик нақд пул тушуми 2 - 2,5 миллион сўмга боради.

"Улар олдин ойлик нақд пул тушумини мониторинг қиладида, кейин шунақа режа беради. Просто, ҳозир режани оширворишяптида. Агар ойига 3 миллиондан тўлиқ режани бажариб келсангиз, кейин 4 миллион, кейин 5 миллион қилиб оширишяпти", дейди зарафшонлик тадбиркор Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик мухбири таҳририятга йўлланган ҳужжатга имзо чеккан Зарафшон шаҳар ҳокимининг нақд пул тушумига масъул ўринбосари Шаҳобиддин Аҳроров ва шаҳар Солиқ бўлими раҳбари Орзимурод Умаровлар билан боғлана олмади.

Аммо, ҳужжатда номи тилга олинган Миллий Банкнинг Зарафшон шаҳар бўлими раҳбари Дилшод Омонов билан Озодлик мухбири боғланишга муваффақ бўлди.

Зарафшон шаҳридаги хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига давлат ғазнасига нақд пул топшириш бўйича берилган топшириқ матнига имзо чекканини тасдиқлаган банк раҳбари Озодликка бу борада интервью беришга рози бўлмади.

Аммо, шаҳардаги бошқа бир банк мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда шаҳарлик тадбиркорлар зиммасига қўйилаётган талабнинг асосли эканини таъкидлади.

Банк мулозими билан қурилган қисқагина суҳбатдан маълум бўлишича, Зарафшон шаҳрида аҳолига берилаётган маош, пенсия ва бошқа тўловларнинг 50 фоизи пластик карточкалар орқали, қолган 50 фоизи эса нақд пул кўринишида амалга оширилмоқда.

Бу мулозимга кўра, шаҳардаги хўжалик юритувчи субъектлар ҳам ўз хизматининг энг камида 50 фоизини нақд пулга амалга оширмоқда.

"Яъни, қанчадир миқдорда нақд пулга муомала бор. Бусиз бўлмайдику. Бизда, масалан, ойига 12 миллиард нақд пул чиқарилади. Шунинг, 5-6 миллиардини одамлар тўйга сақлаб қўйдиям, дейлик. Қолган 5-6 миллиарди савдо точкаларига тушяптику. Ўша нақд пуллик хизмат мониторинг қилинадида, шунинг асосида режа қўйилади", деди банк мулозими.

Бу режани эса ҳозир ҳокимиятлар қошида ташкил қилинган Пул-кредит комиссиялари ишлаб чиқмоқда.

Бу комиссия туман ҳамда шаҳарлардаги Солиқ, Инкассация ва Банклардан олинган маълумотлар асосида юридик ва якка тартибда ишлаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг ойлик даромадини ҳисоб-китоб қилади.

"Лекин, биринчидан, тадбиркорлар нақд пулни яширишга уринади. Иккинчидан, халққа берилаётган нақд пул банкка тўлиқ қайтмаяпти. Кимдир Асакадан мошина олиб, пулни у ёққа ташлаб келяпти. Кимдир Тошкентга ташлаб келяпти. А биз пенсияни қандай тўлаймиз, нақд пул тўловларга пулни қаердан оламиз?!" дея савол ташлади Зарафшон шаҳридаги банклардан бирининг мулозими.

У ўзи ишлаётган банк ҳар ойда аҳолига 2 миллиард сўм атрофида нақд пул тўловларини амалга ошириши, аммо савдогарлар ортидан қува-қува, зўрға 600 миллион сўм тушум қилишини қўшимча қилди.

Албатта, бу мулозимнинг жавобидан Зарафшон шаҳридаги нақд пул тақчиллигига олиб келаётган омилларни бироз тушуниш мумкиндек кўринади.

Бироқ, нақд пул тақчиллиги муаммоси республика миқёсида кузатилмоқда. Бундан ташқари, зарафшонлик харидор нақд пулни хорижда эмас, айтайлик, Асака ёки Тошкентда сарфламоқда.

Маҳаллий банк мулозими буни тан олди.

"Тўғри, республика бўйича бу муаммо. Энди уни республикадан сўрайсизда! Мен сизга Зарафшондаги вазиятни билганимча тушунтириб бердим", деди зарафшонлик банкир.

Озодликка сўнгги кунларда боғланаётган тингловчилар айнан нақд пул муаммоси боис, пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш ҳам имконсиз бўлиб қолаётганини айтмоқда.

Сурхондарё вилоятиинг Денов шаҳри, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳарларида, ҳатто, PayNet тўлов тизими ходимлари ҳам давлат ғазнасига нақд пул тушуми бўйича режаси борлигини айтиб, пластик карточкаларга хизмат кўрсатишдан бош тортаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон Марказий Банки, Ўзбекистон Миллий Банки раҳбарияти Озодлик радиоси мухбирларининг бу борада қилган расмий мурожаатларини жавобсиз қолдириб келмоқда.

UZPayNet ширкати ходимлари эса тингловчиларнинг пластик карточкалари орқали тўлов сўрови ходимлари томонидан инкор этилгани хусусида ширкатда бирор маълумот бўлмагани, мижозлардан бирорта шикоят тушмаганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG