Линклар

Душанбе шаҳрининг Рудаки туман ИИБ ходимлари сўнгги бир ҳафтада шов-шувга сабаб бўлаётган YouTube сайтидаги жинсий алоқа тасвири акс этган видео Болшевизм қишлоғининг имом-ҳатибига тегишли эканини аниқлади.

Тожик милицияси ўтган ҳафтадан буён Интернет тармоқларида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган жинсий алоқа "саҳнаси" акс этган тасвирнинг YouTube сайтига жойлаштирилиш сабабларини ўрганмоқда.

YouTube ва Facebook тармоқлари орқали тарқатилган ушбу видеода бир эркак билан ёш аёлнинг жинсий алоқа пайти олинган тасвирлари акс этган. Видео уларнинг ўзи томонидан мобил телефонига тасвирга олингани айтилаяпти.

Рудаки туман ИИБ маълумотига кўра, видео тасвирда акс этган шахсларнинг кимга тегишли экани аниқланган.

Милиция бўлимидаги манбага кўра, ушбу видео бўйича Болшевизм қишлоғидаги масжиднинг имом-ҳатиби "суҳбат”га чақиртирилган.

Манба маълумотига кўра, имом-ҳатиб мазкур видео ўзига тегишлиги экани, унда “рафиқаси билан яқин алоқалари акс этган”и ва видео ўзи томонидан мобил телефонига туширилганини тан олган.

Милициядаги манбанинг айтишича, имом Интернетда ушбу видео пайдо бўлишидан бир ҳафта аввал мобил телефонини йўқотгани ва кейин уни топган кимса “видеони Интернетга жойлаштирган бўлиши“ мумкинлиги ҳақида гапирган.

Facebook тармоғида ушбу видео пайдо бўлгач унга нисбатан салбий муносабат билдирилган изоҳлар кўп бўлгани айтилаяпти.

Рудаки ИИБдаги манба Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбири билан суҳбатда, этика нуқтаи назаридан видео муаллифларининг исм-шарифлари матбуотга ошкор қилинмаслигини айтган.

Мазкур видео ўтган ҳафтада Facebook тармоғида Солех Хотамиён исмли фойдаланувчи томонидан тарқатилган. Ҳозирча бу исм видеони тарқатган ушбу шахснинг ҳақиқий исми-шарифи экани номаълум.

Милиция ходими "Болшевизм масжидининг имом-ҳатиби ақлан ва жисмонан соғлом киши" эканини айтди.

Ҳозирда тожик милицияси видеонинг қандай қилиб Интернет тармоқларига тушиб қолганини аниқлаш устида бош қотираяпти.

Мақола сайтга тайёрланаётган пайтда ушбу видео Тожикистон муфтийлар кенгаши сўровига кўра, YouTube порталидан олиб ташлангани хабар қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG