Линклар

logo-print

Ҳизб ун-Нусрат ҳақиқатан бор ташкилотми?


Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳизб ун-Нусрат деб аталмиш янги ташкилотнинг 20 га яқин аъзоси қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганини даъво қилмоқдалар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳизб ун-Нусрат деб аталмиш янги ташкилотнинг 20 га яқин аъзоси қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганини даъво қилмоқдалар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда “Ҳизб ун-Нусрат” деб номланган янги диний-экстремистик ташкилот аниқлангани, бу ташкилотга аъзо бир неча киши судланганини иддао қилмоқда. Мустақил экспертлар эса тартиб посбонларининг бу каби даъволарига шубҳа билан қараяптилар.


Ўзбекистон куч ишлатар тузилма ходимлари иддаосича, “Ҳизб ун-Нусрат” тошкентлик Шарипжон Мирзажонов исмли киши томонидан ташкил қилинган ва у беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда дастлаб Ўзбекистон махсус хизматларига яқинлиги айтиладиган Горизонт.уз сайти 7 июн куни хабар тарқатди. 10 ва 11 июн кунлари эса бу ҳақдаги хабарлар Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон сайтларида пайдо бўлди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исми келтирилмаган манбаларга асосланган ҳолда ёйинланган хабарларга кўра, 61 ёшли Мирзажонов аввал “Ҳизб ут-Таҳрир” партиясига аъзо бўлган ва бунга алоқадор фаолияти учун қамалган. Хабарларда унинг неча йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида айтилмайди, бироқ қамоқда бир муддат жазо ўтагач, Мирзажонов амнистия асосида озодликка чиққани қайд этилади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маълумотига кўра, аввалдан “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг варақа тарқатиш орқали одамларни очиқ даъват қилиш каби усулларидан норози бўлиб юрган Шарипжон Мирзажонов қамоқдан чиққанидан кейин ўз ташкилотига асос солади. Мақсад ва вазифалари “Ҳизб ут-Таҳрир” каби халифалик қуриш бўлган бу ташкилот, ўзбекистонлик тартиб посбонлари иддаосича, фаолиятини ўта махфий суръатда олиб бориши ва ташкилот ичида интизомнинг қаттиқлиги билан ажралиб турган. Айни пайтда “Ҳизб ун-Нусрат” деб аталаётган ташкилот ўз фаолияти давомида “Ҳизб ут-Таҳрир”га дохил қатор адабиётлардан фойдаланиб келгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, ҳозиргача мазкур гуруҳнинг 20 га яқин аъзоси қўлга олиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Айни пайтда манбалар бу кишилар устидан маҳкама қачон ва қаерда бўлиб ўтганига аниқлик киритмаганлар.

11 июн куни эса 12uz.com сайти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тошкентда экстремист аёлларни тайёрлаш бўйича мактаб топилгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда айбланиб ўтган йилнинг декабр ойида 9 йилга қамалган Маҳмудхўжа Аҳмаджоновнинг хотини Лола Аҳмаджонова эрининг кўрсатмасига биноан атрофига диндор аёлларни йиғиб, ноқонуний диний таълим билан шуғулланган.

12uz.com манбаси Лола Аҳмаджонова таълим чоғида "Ҳизб ут-Таҳрир" ва "Ҳизб ун-Нусрат"нинг нотўғри ақидаларидан фойдаланганини, шу тариқа бир неча йил мобайнида у тошкентлик бир неча аёлни ашаддий экстремистга айлантиришга муваффақ бўлганини иддао қилади.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов оммавий ахборот воситаларида Ҳизб ун-Нусрат ташкилоти тўғрисида кетма-кет пайдо бўлган бу материалларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган кампания ҳосиласи, деб баҳолайди.

- Яна қандайдир намозхонларни ушлаб, “мана ўша оқимга аъзо” деб, реклама қилишади. Биз кейин барибир буни кузатамиз, [у одамларнинг айтилаётган оқимларга] ҳеч қанақа алоқаси йўқлиги маълум бўлади. Шунинг учун бунга шубҳа билан қараяпман, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Боз устига, ҳуқуқ фаоли ҳозир Ўзбекистонда янги бир диний-экстремистик оқим ташкил қилиб, унга чор-атрофдан тарафдорлар жалб қилиш мумкинлигига ҳам ишонмайди.

- Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида бир янги диний оқимни ташкил қилишнинг ўзи, менимча, жуда қийин масала, бу биринчидан. Иккинчидан, бунга жуда кўп маблағ керак, бошқа-бошқалар керак. Буни бир киши барибир қилолмайди. Бу мухолифат партиялари эмас - диний нимада дарров билинади бу нарса, агар кимдир қўл урган бўлса бунга, - дейди Суръат Икромов.

Мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса Ўзбекистонда Ҳизб ун-Нусрат номли бир ташкилотнинг бор ёки йўқлиги ҳақида тугал бир хулосага эга эмаслигини қайд этади.

- Ўзбекистон давлати ҳам, жамияти ҳам ёпиқ жамият. У ердан маълумот олиш ва текшириш имкониятлари мутлақ чекланган. Бу ташкилотнинг борлигини тасдиқлай ҳам олмайман, инкор ҳам қила олмайман, чунки бу мен учун имконсиз. Лекин шу нарсани таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистондаги асосий омил бу ҳукумат ва давлат. Гап шундаки, Ўзбекистон давлатчилиги тафаккурида ички ва ташқи таҳдидлар билан кураш иқтисодий ривожланиш ёки бошқа бир ислоҳотлардан кўра биринчи ўринда, устун турадиган омил ҳисобланади. Ўзбекистон, масалан, 90-йилларнинг биринчи ярмида дунёвий оппозиция билан курашди, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан то бугунги кунгача диний оппозиция, ҳукуматнинг ўз таъбири билан айтганда эса, диний экстремизм ва терроризм билан курашишни ўзининг бош устивор мақсади қилиб олди ва Ўзбекистонда шаклланган қудратли репрессив машина учун душман қиёфаси жуда ҳам муҳим, - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос Раббимов Ўзбекистондаги қатағон машинасини комбайнга қиёслайди.

- Юз мингдан ортиқ бўлган милиционерлар, юз мингдан ортиқ бўлган миллий хавфсизлик хизмати ва шунга ўхшаган қудратли куч ишлатар ташкилотлари мана шу репрессив комбайнни ташкил қилади. Бу комбайннинг ишлаб туриши учун, умуман, сиёсий режимни мустаҳкамлаб туриш учун “ёқилғи” керак. “Ёқилғи” - бу айнан душман қиёфаси. Буни ички, яширинган, топилиши қийин бўлган “душман” дейишимиз мумкин. Бу орқали бир томондан сиёсий режим мустаҳкамлаб турилади ва унинг энг асосий вазифаларидан биттаси жамоатчилик тафаккурини қўрқув билан бойитиб туриш. Агарки, мана шу “ёқилғи”, яъни “душман” мавжуд бўлмас экан, бу комбайн тезда ишдан чиқиш хавфи пайдо бўлади. Яъни сиёсий режимнинг экзистенциал, яъни борлиқ (мавжуд бўлиш) масаласи кун тартибига қўйилади. Шунинг учун, ўйлайманки, сиёсий режимнинг мана шундай душман топишга ва яратишга катта эҳтиёжи бор. Мана шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Ҳизб ун-Нусрат партияси ёки гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати учун энг керакли унсурлардан бири бўлиб ҳисобланиши мумкин, - деди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG