Линклар

Қўқон шаҳрида яшовчи рўмолли аёлларга агар рўмолларини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, болаларига бериладиган нафақа пуллари тўхтатилишидан таҳдид қилинди.



“Бошяланг юринглар”, “Рўмолингни ечмасанг, нафақа пули ололмайсан” каби таҳдидларни қўқонлик аёллар деярли ҳар куни эшитаяпти.

Бу ҳақда Озодликка Қўқоннинг 23-маҳалласида яшовчи бир йигит хабар қилди.

“Онам билан холам рўмол ўрайди. Яқинда маҳалла раислари иккаласини ҳам чақириб, агар рўмолларингизни ечмасангизлар, болаларингизга бериладиган пособие пулини бермайсиз, дейишди. Маҳалладаги бошқа ўранган аёлларга ҳам шундай гап айтилган”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз қўқонлик йигит.

Қўқон шаҳар 23-маҳалла қўмитаси фаолларидан бири Дилором Каримова Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда рўмолли аёллар, рўмолларини ечмаса ёки айтилганидек ўрамаса, бола учун бериладиган нафақа пулидан маҳрум қилинишдан огоҳлантирилганини тан олди.

“Пул бермаймиз, деганмиз. Рўмолни орқадан ўраб қўйинглар, бўлмаса нафақани бермаймиз деб, жиндай чўчитиш маъносида гапирганмиз. Энди ўранмасин деб, айтганмиз бу гапни”, деди Дилором Каримова Озодлик билан ўзаро суҳбатда (Д. Каримова билан суҳбат сўзма-сўз келтирилаяпти).

Унинг айтишича, маҳалладаги ўранган аёллар орасида диний уламоларни жалб қилган ҳолда жуда фаол ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Биз аёллар билан бу борада жуда қаттиқ турибмиз. Уларни тез-тез чақириб гаплашаяпмиз. “Рўмолларингни орқадан ўранглар, иложи бўлса бошяланг юринглар”, деб гапирамиз. Тадбирлар ўтказамиз. Ўтган жума куни 5-мактабда тадбир бўлди. Унга имом, маҳалла жамғармасидан вакиллар, замҳоким келди. Ҳаммалари аёлларга гапириб, тушунтиришди. Бозорга бориб ҳам рўмол ўрамаслик борасида тушинтириш ишлари қилинди”, деди Дилором Каримова.

Фаолнинг айтишича, Қўқон шаҳар 23-маҳалласида 3000дан ортиқ киши яшайди, уларнинг 1000 нафари вояга етган хотин-қизлардир.

"Амалга оширилган тадбирлар натижасида маҳалла аёлларининг 70 фоизи ўранмаслигига эришдик", дейди яна Дилором Каримова.

“Ҳозир аёлларимиз бола пулини олиш учун чиққан пайти ёки маҳалла мажлисларига келган пайти бошяланг ёки рўмолини орқадан ўраб чиқишаяпти. Лекин қария аёллар орасида ўранганлар бор. Энди уларга сўзимиз ўтмайди. Лекин маҳалламизда умуман қорага ўранган аёллар қолмаган”, деди Дилором Каримова Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

Ўзбекистонда кейинги 4-5 йил давомида рўмолли аёлларга қарши кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётгани кузатилмоқда.

Дастлаб давлат идораларида ишловчи аёлларга рўмолларини ечиш талаби қўйилди. Кейин ушбу тақиқ мамлакат бозорларига кўчди.

2010 йилдан бошлаб ўқувчи қизларга рўмол ўраш мутлақо тақиқланди.

Бугунги кунда мамлакат олийгоҳларининг талаба қизларига ҳам рўмол ўраш тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG