Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Ўзбек мигрантлари Москва саҳнасида


Всеволод Лисовский спектал орқали "мигрантлар ҳам сиз каби инсон¸ бу инсонларни тушунинг" деган муждани бермоқдамиз¸ дейди.
Всеволод Лисовский спектал орқали "мигрантлар ҳам сиз каби инсон¸ бу инсонларни тушунинг" деган муждани бермоқдамиз¸ дейди.

Москвадаги DOC театрида ўзбек мигрантлари ҳақидаги саҳна асари намойиш қилинмоқда. Режиссер Всеволод Лисовский саҳналаштирган бу спектаклдаги ролларни Москвада меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари ижро қилмоқда.



Режисер Всеволод Лисовский Озодлик билан суҳбатда¸ мигрантлар Россия воқелигининг ажралмас қисмига айлангани боис¸ улар ҳаëтига қизиқиш ортганини айтади:

- Мигрантлар атрофимизда бирдан пайдо бўлди. Худди кўчки ëки сел каби. Туб аҳоли бу мигрантлар оқимига руҳан тайëр эмас эди. Шу боис туб аҳоли зеҳниятида мигрантларга ëвқараш мавжуд. Биз спектакл ëрдамида мигрантлар борасида оз бўлса ижобий таассурот яратишга уриняпмиз, дейди Всеволод Лисовский.

Мигрант ҳақида баллада


Москвадаги DOC театрида намойиш қилинаëтган спектакл “Мигрантлар ҳақида баллада” деб аталади.

Спектаклдаги ўзбек мигранти ролини Фарғонадан келиб Москвада ишлаëтган Анвар Юсупов ижро қилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:37 0:00
Бевосита линк


34 яшар Анвар уй-жой таъмир қиладиган уста. Москвадаги қурилишларда бошқа ўзбеклар қатори ишлайди.

Бундан икки йил олдин Москвадаги тақирбош миллатчилар ҳужумига учраган.

Тақирбошлардан ўзини мудофаа қилган Анвар улардан бирини қаттиқроқ уриб қўйгани учун қамалиб кетишига оз қолган.

Анварнинг бошидан кечирганлари Россия матбуотида ëритилди.

Анварнинг муҳожир ҳаëти билан танишган театр арбоби Всеволод Лисовский уни ўз спектаклида рол ўйнашга таклиф қилди.

Озодлик билан суҳбатда Анвар театрда ҳеч бир зўриқишсиз рол ижро этаëтганини айтади:

- Мен ғурбатдаги ҳаëтим ҳақида саҳнадан туриб ҳикоя қиляпман. Менинг бу оддий ҳикояларимни залдаги томошабинлар қизиқиб эшитяпти. Спектакл тугаб¸ ташқарига чиққанимда ҳам томошабинлар ўраб олиб саволга тутмоқда¸ дейди муҳожирликда актерга айланган Анвар Юсупов.

Суҳбатдошга кўра¸ туб аҳоли зеҳниятидаги мигрантлар ҳақидаги қоронғу фикрларга ойдинлик киритиш спектакл боис осон кечмоқда.

Томошабоп мигрантлар


Режиссер Всеволод Лисовский, Озодлик билан суҳбатда, мигрантларга полициянинг кўча-кўйда таҳқирли муносабати очиқ осмон остидаги театр томошасини эслатишини таъкидлади.

Анвар Юсупов шу пайтгача театр саҳнасидан айтиб келган гапларини “Дождь” телеканалининг миллионлаган аудиториясига айтиш имконига эга бўлди.
Анвар Юсупов шу пайтгача театр саҳнасидан айтиб келган гапларини “Дождь” телеканалининг миллионлаган аудиториясига айтиш имконига эга бўлди.
Ўтган ойда Москвада ўтказилган махсус рейд давомида қўлга олинган юзлаб марказий-осиëлик муҳожир¸ этап қилинаëтган хавфли маҳбус асир олинган душман каби¸ бир-бирининг елкасига қўли қўйдирилган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб намойишкорона олиб ўтилгани тасвирланган видео Интернетда пайдо бўлди.

Москвадаги мигрант “овлаш” амалиёти акс этган видеотасвир Facebook ижтимоий тармоғига қўйилиши билан жиддий мунозарага сабаб бўлди.

Россия блоггерлари бу “томоша”ни “Россия ҳукуматининг шармандалиги!” деб таснифлашди.

Таниқли журналист Леонид Парфенов “Дождь” телеканалида бу “шармандалик” ҳақида кўрсатув ҳозирлаганида DOC театрининг мигрант актери Анвар Юсуповни студияга таклиф қилди.

Анвар Юсупов шу пайтгача 250 нафар театр томошабинига айтиб келган гапларини энди “Дождь” телеканалининг миллионлаган аудиториясига айтиш имконига эга бўлди.

Озодлик билан суҳбатда Анвар Юсупов россияликлар зеҳниятида шаклланган “ëвуз ниятли гастарбайтер” тимсолини ижобий тарафга ўзгартириш йўлида¸ бу каби кўрсатувларнинг роли катта эканини урғулади.

Мигрантлар зоопарки


Швейцариянинг Базел ва Германиянинг Берлин шаҳарларидаги ҳайвонот боғларида 1936 йилга қадар АҚШ ва Африкадан келтирилган ҳиндулар ва қора танлилар намойиш қилинган.

Ҳайвонот боғига келган оқ танли аҳоли сим тўр орқасидаги бани одам авлодини чипта олиб томоша қилган.

Режиссер Всеволод Лисовский, Озодлик билан суҳбатда¸ Россия туб аҳолисининг мигрантларга муносабати 1936 йил Базел ҳайвонот боғидаги манзарага ўхшашини айтади:

- Уй бекалари болаларини "яхши ўқимасанг, мигрант бўласан" деб қўрқитишади. Телеканалларда мигрантлар олабўжи қилиб кўрсатилади. Бу ҳақиқатда, 1936 йилги Базел ҳайвонот боғида қора танлиларни томоша қилиш манзарасига менгзайди. Лекин бизнинг спектаклимиз олдига қўйган мақсад бошқа. Биз "мигрантлар ҳам сиз каби инсон¸ бу инсонларни тушунинг" деган муждани бермоқдамиз¸ дейди суҳбатдош.

DOC театри- мигрантлар минбари


Ҳужжатли асарларни саҳналаштиришга ихтисослашган DOC театри 2002 йилда москвалик драматурглар Михаил Угаров, Елена Гремина ва Александр Родионов тарафидан ташкил қилинган.

Бу театр Москвадаги нодавлат, нотижорат ва мустақил саҳна майдони сифатида ном чиқарган.

Москвадаги бошқа театрлардан фарқли тарзда DOC театри жамиятдаги ижтимоий муаммоларни журналистикага энг яқин тарзда талқин қилиши айтилади.

Ўтган ой DOC театрида асли ўзбекистонлик ижодкор Талғат Баталов “Ўзбек” деган моноспектаклни томошабинларга ҳавола қилган эди.

Шу кунларда намойиш қилинаëтган “Мигрантлар ҳақида баллада” спектакли “Ўзбек” спектаклида кўтарилган мавзунинг узвий давоми сифатида кўрилади.

Ҳар иккала спектаклда ўзбек мардикорларининг ғам-ғуссали кечмишлари экс этган.
XS
SM
MD
LG