Линклар

Эрдўғон намойишчиларни Тақсим майдонини тарк этишга чақирди


Истанбулнинг Тақсим майдони, 2013 йил 11 июн.

Истанбулнинг Тақсим майдони, 2013 йил 11 июн.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон аксилҳукумат намойишчиларини Истанбулнинг Тақсим майдонини тинч тарк этишга чақирди. Эрдўғон ҳукуматга қарши уюштирилаётган намойишлар тўлқинини Туркиянинг обрўси ва иқтисодиётига зарар етказиш режасининг бир қисми, дея атади. Сешанба куни полиция намойишчиларни Тақсим майдонидан сиқиб чиқаришга киришди.



Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон қарийб икки ҳафта олдин Истанбулда бошланган норозилик намойишларидан ғаразгўй одамлар ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланмоқда, дея иддао қилди.

Сешанба куни пойтахт Анқарада депутатлар олдида сўзлаган Эрдўғон ҳукуматга қарши намойишларни Туркия обрўсига путур етказиш ҳақидаги режанинг бир қисми, деб баҳолади.

Чоршанба куни Эрдўғон аксилҳукумат намойишлари иштирокчилари билан учрашиши кутилмоқда.

Бу ҳақда душанба куни кечқурун Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари Булент Аринж эълон қилди.

- Туркия Бош вазири норозилик намойишлари уюштираётган айрим гуруҳлар вакиллари билан учрашув белгилади. Улар таклифига кўра, учрашув чоршанба куни ўтказилади. Яқин кунларда Бош вазир бошқа гуруҳлар вакиллари билан ҳам учрашади,- деди Булент Аринж.

11 июн куни Туркия полицияси кучлари бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери Истанбулнинг Тақсим майдонини эгаллаб олган аксилҳукумат намойишчиларини тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, шовқин чиқарувчи граната ва сув пуркагичларни қўллади.

Ҳуррият газетаси мухбири Эрдем Гунеш сешанба куни эрталаб Гези паркида рўй берган воқеалар ҳақида Озодликка буларни гапириб берди.

- Паркни ҳозир ҳам намойишчилар назорат қилмоқда. Тақсим майдонининг қолган қисмини, яъни, Жумҳурият ёдгорлиги, Отатурк маданий маркази, майдондаги улкан бинони полиция ўз ҳимоясига олган. Полиция Отатурк Маданий марказидаги ҳамма шиорлар ва байроқларни олиб ташлаб, ўрнига Туркия байроғини илиб қўйган,- деди Ҳуррият газетаси мухбири.

Хабарларга кўра, бир неча намойишчи полициячиларга қарата "Молотов коктейли" ва мушаклар отган.

Туркияда ҳукуматга қарши норозиликлар 31 май куни Тақсим майдонининг Гези паркида дарахтлар кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши намойишга чиққан одамларни полиция куч билан тарқатиб юборганидан кейин бошланган.

Зўравонликлар пайтида икки намойишчи ва бир полиция ходими нобуд бўлган, беш мингдан ортиқ одам жароҳат олган.

Намойишчилар исломий қарашдаги Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғонни авторитар бошқарув жорий этганликда айблаб, унинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича масъули Штефан Фюле ўтган ҳафта Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида Туркия ҳукуматини Истанбул ва Анқарада полициянинг намойишчиларга нисбатан меъёрдан ортиқ куч қўллагани учун масъул бўлган расмийларни жавобгарликка тортишга чақирган эди.

Фюле Туркиядаги зўравонликлар билан боғлиқ тергов “тез ва шаффоф” ўтказилиши кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG