Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

Тожикистон "Ҳалол" стандарти ишлаб чиқди, Ўзбекистон воз кечди


Тожикистонда озиқ-овқат маҳсулотлари учун "Ҳалол" стандарти жорий қилинди. Аҳолисининг 95 фоизи мусулмон бўлган давлат ҳукумати бундай стандартга зарурат бор, деб ҳисобламоқда. Аҳолисининг 93 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистон ҳукумати эса бундай стандартдан бутунлай воз кечди.


"Тожикстандарт" давлат назорат агентлиги раҳбарияти мавжуд зарурат боис мамлакатда "Ҳалол" стандарти жорий қилинганини эълон қилди.

Журналистларга бу ҳақда маълум қилган агентлик раҳбари Нарзулло Шарипов ҳозирга келиб, мамлакатда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи 6 та корхонага "Ҳалол" тамғаси остида гўшт маҳсулотлари ва ширинликлар ишлаб чиқариш учун сертификат берилганини айтди.

Агентлик раҳбари берган маълумотга кўра, "Ҳалол" стандартини ишлаб чиқиш учун 2 йил вақт кетган.



Бу жараёнда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Уламолар Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги иштирок этган.

Бу идоралар вакилларидан тузилган махсус комиссияси "Ҳалол" ёрлиғи билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ҳам назорат қилиб боради.

"Ҳайъат аъзолари бутун жараённи - хомашёнинг етиштирилиши ва ишлаб чиқарилишидан тортиб, унинг етказиб берилиши ва сотувига қадар бўлган жараённи назорат қиладилар", деди "Тожикстандарт"нинг "Ҳалол" ёрлиғи остида чиқарилаётган маҳсулотлари бўйича назорат бўлими раҳбари Авзалшо Оидов.

Шунингдек, расмийга кўра, асосий эътибор ҳалол маҳсулотлар таркибига исломда тақиқланган хориждан келаётган генетик таркиби модификацияланган маҳсулотлар, кимёвий қўшимчалар, нотабиий рангларнинг қўшилиши олдини олишга ҳам қаратилмоқда.

Тожикистонлик ишлаб чиқарувчилар орасида эса аҳоли орасида харидоргир бўлган ушбу ёрлиқни олиш учун уринаётганлар сони кундан-кунга ортмоқда.

Норасмий кузатувларга кўра, аҳолисининг 95 фоизи мусулмон бўлган бу давлатда фақат "Ҳалол" ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларни харид қилишни афзал кўрганлар аҳолининг 40 фоизга яқинини ташкил қилади.

Марказий Осиёнинг Тожикистонга қўшни бўлган ва аҳолисининг 93 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда эса харидорларнинг 30 фоизга яқини озиқ-овқатнинг ҳалолини қидиради.

Тошкент ва Тошкент вилоятининг нисбатан гавжум нуқталаридаги озиқ-овқат дўконлари сотувчиларидан олинган маълумотларга кўра, бу талаб кўпроқ гўшт маҳсулотларига тегишлидир.

- Менимча, тахминан 30 фоизи колбаса, сосискаларни олаётганда, "Ҳалолми?" деб сўрайди. Кейин таркибига қараб, суриштириб олади. Қолганлари эса шундоқ келиб олиб кетаверади,- дейди Тошкент вилоятидаги озиқ-овқат дўконларидан бирининг сотувчиси Ботиржон ака.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакат бозорларидаги пештахталарда "Ҳалол" ёрлиғи ёпиштирилган гўшт маҳсулотлари бор.

- "Покиза", "Тўхтаниёз ота", "Шамс" деган фирмаларнинг колбасалари яхши кетади. Баъзиларининг устига "ҳалол", деб ёзиб қўйишган. Кўринадиган қилиб, алоҳида қилиб ёзиб қўйишган. Хардиорлар келиб, ўша ёзувига қараб олади. Яхши кетади уларнинг маҳсулотлари,- дейди Ботиржон ака.

Лекин, Ўзбекистонда 2011 йилда озиқ-овқат маҳсулотларига "Ҳалол" ёрлиғини ёпиштириш тақиқланган эди.

"Ўзстандарт" Давлат Стандартлаштириш, метрология ва сертификация агентлиги буни Ўзбекистонда “Ҳалол” номли ёрлиқ давлат рўйхатидан ўтмагани, чунки бундай стандарт ишлаб чиқилмагани билан изоҳлаган эди.

Агентлик мутасаддилари ўшанда мамлакатда "Ҳалол" стандарти ишлаб чиқилаётгани ва унинг жорий этилиши учун 2 ойдан бир йилга қадар муддат кетишини айтган эдилар.

11 июн куни Озодлик мухбири саволларига жавобан агентликнинг Стандартлаштириш Бош бошқармаси ходими бу жараён тўхтатилганини маълум қилди.

"Ўзбекистонда "Ҳалол" стандартини жорий қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деган қарорга келинган ва бунақа стандартдан воз кечилган", деди қисқагина қилиб Озодлик саволига микрофонсиз жавоб берган мулозим Руслан Хуснулин.

Бу мулозимнинг сўзларидан тушунилишича, бу қарор Стандартлаштириш агентлиги ва бир қатор мутасадди ташкилотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликдаги муҳокамалар асосида қабул қилинган.

"Нега энди "Ҳалол" стандартини жорий этиш Ўзбекистонда мақсадга мувофқимас?" деган саволимизга жавобан Руслан Хуснуллин бундай қарор "жамоатчилик сўрови асосида" қабул қилингани ҳақида ноаниқ жавоб берди ва бунга ортиқча ойдинлик кирита олмаслигини айтди.

Аслида, 2000 йиллардан сўнг Ўзбекистонда гўшт маҳсулотларига "Ҳалол" ёрлиғини ёпиштириш урф бўлган эди.

Биргина Тошкент шаҳри ва вилоятида ишлаётган 40 дан ортиқ гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хусусий корхоналар ўз маҳсулотларига “ҳалол” ёрлиғини ёпиштириб сотаётган эди.

Хусусан, “Тўхтаниёз-ота”, “Сағбон”, “Шаршара” номли корхоналар ҳалол гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва қисқа йиллар ичида харидорларнинг ишончини қозонган йирик корхонага айланиб улгурган эди.

2011 йилги тақиқдан сўнг бу каби корхоналарнинг айримлари ўз маҳсулотидаги махсус “Ҳалол”, деган ёрлиқни олиб ташлаган.

Тошкент шаҳрида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бирининг раҳбари ўзбекистонликларнинг аксарияти учун бунақа ёрлиқнинг аҳамияти йўқ, деб ҳисоблашини билдирди.

- Аҳоли орасида бунга унақа талаб йўқ. Агар талаб бўлса, масалан, биз шунақа ёрлиқ ҳақида ўйлаб кўришимиз мумкин. Лекин, бизда ҳамма мусулмон ва тўлиқ процесс мусулмонча. Бунга алоҳида стандарт шартмас,- деди Тошкент шаҳридаги йирик колбаса ишлаб чиқариш корхоналаридан бирининг исми ошкор этилишини истамаган раҳбари.
XS
SM
MD
LG