Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:18

PayNet-дан ҳам нақд пул талаб қилинмоқда


UzPayNet ширкати расмий сайтидан олинган фотоэълон.
UzPayNet ширкати расмий сайтидан олинган фотоэълон.

Республика бўйлаб ишлаётган 25 мингга яқин PayNet тўлов қабул қилиш шохобчалари эгаларидан ҳам давлат ғазнасига кўпроқ нақд пул топшириш талаб қилинмоқда. Норасмий маълумотларга кўра, ушбу тармоқ орқали бир кунда айланадиган 50 миллиард сўм атрофидаги тўловнинг қарийб ярми нақд пулда амалга оширилади.


Фарғона вилоятидаги PayNet тўлов қабул қилиш шохобчасига эга бўлган хусусий тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, шу кунларда бу шохобчалардан ҳам давлат ғазнасига кўпроқ нақд пул тушириш талаб қилинмоқда.

"Ҳозир ҳокимнинг қарори бор шунақа. Қопга кўпроқ нақд пул тикиш керак, дейишяпти. Мендан бир кунга 1 ярим миллион тикасан, дейишди. Мен 800 минг сўм тикиб бердим", дейди ўзини Хайрулло деб таништирган тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

Унинг сўзларидан тушунилишича, "қопга тикиш", деган ибора остида тадбиркорнинг "Халқ банки"даги ўз ҳисоб рақамига кўпроқ нақд пул тушириш маъноси ётади.

Бу қопга кирган нақд пул эса, тадбиркорнинг таъбири билан айтганда, "қулоғини ушлаб кетади". Яъни, тадбиркор истганида бу пулини нақд ҳолида банкдан ололмайди.

Шу боис, тадбиркорлар сўнгги кунларда маҳаллий ҳокимиятлар томонидан нақд пул тушумини ошириш бўйича келаётган оғзаки, баъзи ҳудудларда эса ёзма топшириқларни норозилик билан қабул қилмоқда.

"Бундан ташқари, пластикда келаётган клиентлар кўпайяпти. Ҳозир Фарғонадаги PayNetчиларнинг 90 фоизи пластикка пул ечмаймиз, деяпти. Чунки, ҳаммага нақд пул қулай", дейди яна Хайрулло.

PayNet тўлов қабул қилиш тизими Ўзбекистондаги энг етакчи тезкор тўлов тизимидир. Бу тармоқ орқали юздан ортиқ тўловни амалга ошириш мумкин.

"Соткага, уйдаги телефонга, светга, газга, Интернетга тўлаш мумкин. Бундан ташқари, Интернет тармоғидаги исталган онлайн магазинлар, масалан, анави Torg.uz-morg.uz деганларини ҳаммасидан интернетдан нарса сотиб олиш мумкин", деди Хайрулло.

Унинг шохобчаси бир кунда 1 ярим - 2 миллион сўмлик тўловни қабул қилиб олади ва бунинг ярмидан кўпи нақд пул кўринишида амалга оширилади.

"Чунки, менинг точкам бозорга яқин, клиентларам каттароқ кишилар, кўпи Интернет билан ишламайди. Асосан, ҳаммаси телефонга пул туширади. Ойига 3-4 та клиент светга, газга тўлайди", дейди Хайрулло.

Тадбиркор билан UzPayNet ширкати ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, Хайрулло кунлик тушумнинг 2 фоизини хизмат ҳаққи сифатида олиб қолади.

Яна икки фоизи UzPayNet ширкатининг ҳаққи. Яъни, ушбу тўлов тизимидан фойланувчи мижозлардан жами 4 фоиз хизмат ҳаққи олинади. (Хизмат ҳаққининг 8-12 фоизга қадар олинишига оид ҳолатлар ҳам кўп қайд этилган. Аммо, бу масалага келгусида алоҳида тўхталамиз.)

UzPayNet ширкати расмий сайтида берилган маълумотга кўра, ҳозир республика бўйича 25 мингдан ортиқ тўлов қабул қилиш шохобчаси бор.

Ҳар бир шохобча бир кунда ўртача 1 - 1 ярим миллион сўмдан 4 миллион сўмга қадар тўлов қабул қилади.

Шундан ҳисоб олинса, ширкатнинг "Халқ банки"даги ҳисоб рақамлари орқали бир кунда айланадиган пул миқдори ўртача 50 миллиард сўмни ташкил қилади.

"Бунинг икки фоизи 1 миллиард сўм (Ўзбекистон Марказий Банкининг шу кунлардги курсида қарийб ярим миллион АҚШ доллари) бўлади. Бу соф даромад опа, чунки бу фирманинг расходи йўқ. Бундан ташқари, шунча пулни тушириб бергани учун Uсell, Beeline компанияларидан ҳам хизмат ҳаққи оладику. Хуллас, бизни ширкат ҳаводан пул қилади, ҳаводан", дейди Хайрулло.

Маълумотларга кўра, UzPayNet ширкатининг ҳисоб рақами Республика "Халқ банки"да очилган.

Тушунилишича, 25 минг шохобча орқали қабул қилинаётган 100 дан ортиқ соҳа бўйича ярми виртуал кўринишда пластик карточкалардан тушаётган, ярми эса нақд кўринишдаги пул "Халқ банки" орқали орқали уяли компаниялар, коммунал хизмат идоралари ва интернет провайдерлари ҳисобига ўтказилади.

Аммо, мустақил манбалардан олинган маълумотларга кўра, бунча пул тушумининг нақд пул кўринишидаги қисми айни дамда мутлақо маҳаллий ҳокимиятлар тасарруфидадир.

Шу тариқа "ҳаводан пул қилиш"ни уддалаётган бу хусусий ширкат Ўзбекистонда 2005 йилда иш бошлаган.

Унинг айнан кимга қарашли экани ҳақида расмий сайтда аниқ маълумот берилмаган.

Лекин, яқинда Озодлик тасарруфига келиб тушган ҳужжатларда бу ширкат акцияларининг асосий қисми Гаяне Авакиянга қарашли экани иддао қилинган.

Гаяне Авакиян Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова раҳбарлигидаги Ўзбекистон Маданият ва санъат форуми жамғармаси қошидаги Модалар уйининг директоридир.

Бундан ташқари, у ҳозир Швеция терговчиларининг бу мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати билан Гулнора Каримова ўртасидаги коррупцион алоқаларга оид айбловлар бўйича олиб бораётган тергов марказида турган Takilant.Ltd ширкатининг раҳбари ҳамдир.
XS
SM
MD
LG