Линклар

Истанбулда тўқнашувлар шиддати кучайди


Истанбулдаги Тақсим майдони, 2013 йилнинг 11 июни.

Истанбулдаги Тақсим майдони, 2013 йилнинг 11 июни.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар туни билан давом этди.

Полиция намойишчиларни Тақсим майдонидан сиқиб чиқариш учун кўздан ёш сиздирувчи газ, сув пуркагич ва резина ўқлардан фойдаланди. Норозилар эса полицияга қарши тош ва ёнувчи модда билан тўлатилган шишалар улоқтирди.

Чоршанба тонгида ҳам давом этаётган тўқнашувларда қанча одам жароҳат олгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Айни пайтда тунги тўқнашув 12 кун аввал бошланган тўқнашувлар ичида энг мудҳиши экани айтилмоқда.

Истанбул ҳокими Ҳусейн Авни Мутлу сешанба оқшомида махсус кучлар норозиларни тарқатиш амалиётини туну кун тўхтамай давом эттириши ҳақида билдирган.

Аввалроқ Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон намойишчилар расмийларнинг тоқатини тоқ қилганини таъкидлаганди.

Туркияда ҳукуматга қарши норозиликлар 31 май куни Тақсим майдонининг Гези паркида дарахтлар кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши намойишга чиққан одамларни полиция куч билан тарқатиб юборганидан кейин бошланган.

Тўқнашувлар чоғида икки намойишчи ва бир полиция ходими нобуд бўлган, беш мингдан ортиқ одам жароҳат олган.
XS
SM
MD
LG