Линклар

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматига пахта етиштиришда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича ошиғич ва жиддий чоралар кўришни тавсия қилди.

Бу ҳақда ўзбекистонлик ва ғарблик ҳуқуқ фаоллари томонидан 11 июн куни тарқатилган баёнотда айтилади.

Мазкур баёнот Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми (АҚШ) масъули Брайан Кэмпбелл, Қулликка қарши кураш халқаро ташкилоти (Буюк Британия) вакиласи Жоанна Эварт-Жеймс, Инсон ҳуқуқлари бўйича Германия-Ўзбекистон форуми (Германия) етакчиси Умида Ниёзова ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (Франция) вакили Надежда Атаева томонидан имзолаган.

Баёнотда Халқаро меҳнат ташкилотининг дунё ҳукуматлари томонидан халқаро меҳнат меъёрларига риоя қилинишини назорат қилувчи Стандартларни қўллаш қўмитаси 11 июн куни ўз хулосаларини тақдим қилгани, унда ўзбек расмийлари мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича чоралар кўриши лозимлиги қайд этилгани урғуланади.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова Халқаро меҳнат ташкилотининг Женевада ўтган анжуманида халқаро касаба уюшмалари, иш берувчилар ва ҳукумат расмийлари томонидан Ўзбекистон ҳукуматига берилган тавсияларни юқори баҳолашини айтади.

Хусусан, мазкур анжуманда иштирок этган German workers ва Education International ташкилотлари болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича давлат тизими жиддий ва доимий муаммо бўлиб ҳисобланишини қайд этган. Анжуманда Ўзбекистон расмийлари бу йил ҳам 10 ёшли ва ундан катта болаларни ғўза чопиғига чиқаргани айтилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Стандартларни қўллаш қўмитаси ҳисоботи тингланган пайтда Ўзбекистон расмийлари 2012 йили пахта далаларида болалар ишлатилганини инкор қилган, мамлакатда катталар мажбурий меҳнати мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга эса муносабат билдирмаган. Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси ва Халқаро иш берувчилар ташкилоти вакиллари ўзбек расмийларининг бу эътирози мустақил фуқаролик жамияти вакиллари томонидан тақдим этилган фактларга зид келишини урғулаганлар.

Халқаро иш берувчилар ташкилоти вакиллари яна: “Агар пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаганида, ўзбек расмийлари Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Ўзбекистон далаларида мониторинг ўтказилишига тўсқинлик қилмаган бўларди”, дея қайд этганлар.

“Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилмаётгани ҳақида гапларини исботлаш учун расмийлар Халқаро меҳнат ташкилоти миссиясини 1 августгача мамлакатга таклиф қилиши керак”, дер экан Қулликка қарши кураш бўйича халқаро ташкилот вакиласи Жоанна Эварт-Жеймс бу иш амалга ошмаган тақдирда миллиондан зиёд бола ва катталар яна бир йил пахта теришга мажбур бўлишини қўшимча қилган.

Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми масъули Брайан Кэмпбелл эса Ўзбекистон ҳукумати ХМТ мониторинг миссиясини қабул қилиши лозимлигини айтаркан, бу миссия таркибига фуқаролик жамияти вакили бўлган мустақил кузатувчилар ҳам киритилиши зарурлигини таъкидлаган.

Кэмпбеллга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритувчи ноҳукумат ташкилотларининг миссия ишида иштирок этиши ўзбек расмийларининг халқаро меҳнат меъёрларига риоя қилинишига содиқ эканларини кўрсатувчи омил бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG