Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

АҚШда Фазлиддин Қурбонов адвокатлари уни ҳимоя қила олмасликларини айтмоқда


Fazliddin Kurbanov
Fazliddin Kurbanov

АҚШнинг Айдаҳо штатида террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбоновнинг адвокатлари маблағ етишмовчилиги сабаб ўз мижозилари ҳимоясини таъминлай олмасликлари тўғрисида судга ариза киритди.



Қурбоновнинг адвокатларига кўра, АҚШда давлат бюджети кесилиши муносабати билан адвокатлик ширкати маблағ етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар қаршисида қолган.

АҚШда чиқадиган Idahopress нашрига кўра, суд томонидан тайинланган адвокатлар Ричард Рубин ва Томас Монагханлар маблағлари чеклангани боис, жараёнда фаолиятларини давом эттира олмасликларини айтиб, маҳкамага мурожаат қилганлар.

Улар АҚШда секвестр, яъни давлат ҳаражатлари кесилиши оқибатида давлат маблағи эвазига ишлайдиган адвокатлик ширкатининг бюджети 10 фоизга камайгани, келаси йилда яна 14 фоизлик қисқариш кутилаётганидан шикоят қилишган.

Айдаҳо штатида адвокатлар ўрта ҳисобда соатига 125 АҚШ доллари миқдорида ҳақ олишлари айтилади.

Адвокат Ричард Рубиннинг айтишича, 17 май куни ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг иши узоқ давом этиши инобатга олинса, бу кўп маблағ талаб этади.

Айдаҳо маҳкамасининг ҳаками Микел Уилямс душанба куни адвокатлар Ричард Рубин ва Томас Монагханларни ўзбекистонлик Қурбонов манфаатларини маҳкамада ҳимоя қилувчи адвокат сифатида тайинлаган эди.

Терроризм айбловлари билан Бойсе шаҳридаги ўз квартирасида ҳибсга олинган 30 ёшли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 17 май куни илк бор маҳкамада ҳозир бўлган эди.

Айдаҳо штатида Қурбоновга террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти, деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш каби айбловлар қўйилган.

Юта штатида эса у портловчи модда ясашни ўргатишда айбланмоқда. Фазлиддин Қурбонов дастлабки маҳкамада ўзига қўйилган айбларни бўйнига олмаган.

Ҳибсга олинишидан олдин ҳайдовчи бўлиб ишлаган Қурбонов 2009 йил августидан АҚШда яшаб келган.

Фазлиддин Қурбонов устидан маҳкама 2 июл куни давом этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG