Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:09

Рўйхатдан ўтмаган тадбиркордан бир йиллик солиқ ундирилади


Давлат рўйхатидан ўтмаган тадбиркорлар энди бир йиллик солиқ суммаси миқдорида жарима тўлайди.
Давлат рўйхатидан ўтмаган тадбиркорлар энди бир йиллик солиқ суммаси миқдорида жарима тўлайди.

Биринчи июндан бошлаб рўйхатдан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади. Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қарорига кўра, рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлардан бир йиллик солиқ суммаси ундириб олинади.



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг "Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорини Ўзбекистон Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказди.

Бу қарорга кўра, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби белгиланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида хабар берилган.

Ушбу қарор билан тасдиқланган Низомнинг 4- ва 5-бандларига биноан, жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи ходими Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштиради.

Тошкент шаҳридаги Олмазор тумани солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу қарор ғайриқонуний ишлаётган тадбиркорларни қонун доирасида ишлашга мажбур қилишини айтади:

- Баъзи тадбиркорлар ўз бизнесини бошлашдан олдин бу бизнеснинг қандай ривожланишини синаб кўрмоқчи бўладилар. Кейин бизнеси яхши кетса ҳам солиқлардан қочиб фаолиятини расмийлаштирмайдилар. Бу қарор шундай ғайриқонуний тадбиркорликнинг олдини олишга қаратилган,- деди солиқ инспектори.

Бироқ, исми сир қолишини сўраган андижонлик тадбиркор мазкур қарор
солиқ тизимида порахўрликни урчитишидан ташвиш билдирмоқда.

- Ҳар қандай тадбиркорнинг бир йиллик солиқ суммаси анча катта бўлади. Бу қарор солиқчиларга икки қўллаб Худо бергандай бўлди. Сўнгги пайтларда тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини яхши билиб олгани боис, порахўрлик анча камайган эди. Энди инспекторларга яна йўл очилибди-да. Чунки, кўчанинг бурчагида тўртта семичка билан қурт сотиб ўтирганларга ҳам энди қийин бўлади. Солиқчилар “бир йиллик солиғинг бунча бўлади” деб, уларни ҳам қийратади энди,- дейди андижонлик тадбиркор.

Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланаётган 32 ёшли Зафаржон бу қарордан сўнг ғайриқонуний ишлаётган тадбиркорларнинг “ушланиши”га шубҳа билдиради:

- Ушланса агар. Ўша ушланса... Мен уларнинг ушланишига тарафдор эмасман. Ҳаммасини ҳам бола-чақаси бор, ҳаммаси ҳам меҳнат қилади. Лекин уларнинг ушланмайдигани ҳам кўпда. Чунки кимнидир солиқда яқин таниши бор, кимдир ўша туман солиқчисига муайян “солиқ” тўлаб туради, келишуви бор. Буни ҳамма билади, бу ўзбекистонликлар учун янгилик эмас,- дейди тошкентлик тадбиркор Рустам.

Қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳолатини аниқлаган давлат солиқ хизмати органи ходими икки иш куни давомида тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширган жисмоний шахсга қатъий белгиланган солиқнинг йиллик суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани тадбиркорга тақдим этади.
XS
SM
MD
LG