Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:31

Каспаров: Европа ҳам Магнитский қонунини қабул қилиши керак


Бирлашган фуқаролик фронти етакчиси Гарри Каспаров Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчисидир.
Бирлашган фуқаролик фронти етакчиси Гарри Каспаров Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчисидир.

Ўтган ҳафта шахмат бўйича жаҳон чемпиони, россиялик гроссмейстер ва мухолифат фаоли Гарри Каспаров, Россиядаги таъқиблар боис яқин келажакда муҳожиратда қолиш ниятида эканини эълон қилди. Лекин, Озодликка берган интервьюисда, Гарри Каспаров мамлкат ташқарисида бўлгани билан, Россия сиёсий майдонидан ташқарида бўлиш нияти йўқлигини айтади.



Нью Йоркда туриб, телефон орқали Озодлик билан суҳбатлашган Гарри Каспаров Россия сиёсатидан четда туриш нияти йўқлигини айтмоқда.

50 ёшли шахмат гроссмейстери ва мухолифат намояндаси Россия Президенти Владимир Путин режимини “Гитлерча моҳиятга” эга деб таърифлар экан, сўзларни танлаб ўтирмайди.

- Бугун судлар орқа-олдига қарамай ҳукмларни чиқармоқда. Полиция бошлиқлари одамларни уриш, таъқиб қилиш ва ҳибсга олишни буюрмоқда. Губернаторлар минтақаларда ўзига хон, ўзига бек бўлиб қолган,- дея таърифлайди Россиядаги бугунги вазиятни мухолифатчи.

Ўтган ҳафта, сиёсий мотивлар асосида таъқиблар кучаяётгани боис “ҳозирча” Россияга “қайтишдан тийилиб туриши”ни эълон қилганидан кейин берган илк интервьюсида Каспаров ўз фаолиятини Европа мамлакатларини инсон ҳуқуқларини топтаётган Россия мулозимларига нисбатан санкциялар жорий қилишга кўндиришга сарфалашини айтади. Озодлик рус хизмати билан суҳбатда Каспаров Қўшма Штатлар ўтган йили қабул қилган Магнитский акти каби чораларни ғарбнинг бошқа мамлакатлари ҳам қабул қилиши лозим, деган фикрни билдирди.

АҚШ қонуни 2009 йилда Россия мулозимларини солиқларни яширганликда айблаши ортидан ҳибсга олиниб, қамоқда вафот этган адвокат Сергей Магнитский номига қўйилган.

Каспаров бу каби санкциялар Россия сиёсий элитасини ўйлантира олишига ишонишини айтади.

- Бу каби ҳаракатлар -- инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарлик бўлиши яққол кўринса, яъни мулозимларнинг Европага сафар қила олиши ёки Россияда ўғирланган пулларни ғарбда сарфлай олишига тўсиқ қўйилиши муқаррар бўладиган бўлса, Путин ҳукмрон элита ва Россия бюрократиясининг ҳиомячиси сифатида мутлақ заиф бўлиб қолади,- дейди Каспаров.

Бундай чоралар самарали эканини Кремлнинг уларга бор кучи билан қаршилик кўрсатишидан кўриш мумкин, дея давом этади мухолифатчи.

- Путин бундай таҳдид тилини яхши тушунади. Шунинг учун ҳозир Россия дипломатияси ва Россия манфаатларини ҳимоя қилувчи гуруҳларнинг бутун кучи Магнитский қонунига қарши сафарбар қилинган.

Каспаров “The New Times” журналига жорий ҳафтада берган интервьюсида, Россияни тарк этишидан аввал Тергов қўмитаси унинг онасига икки марта қўнғироқ қилиб, мухолифатчининг қаердалиги билан қизиққанини гаприб берди.

Гарри Каспаров ўзи ва мухолифатнинг Мувоффиқлаштирувчи қўмитаси аъзолари Магнисткий қонунини қўллаб-қувватлаётгани учун яқин орада таъқибларга учрай бошлашига шубҳа қилмаслигини айтади. Мухолифат фаоллари АҚШ расмийларини Магнитский актига биноан Америкага кириши тақиқланган Россия расмийлари рўйхатига Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастриккинни ҳам киритишга чақириб келади.

Каспаров Европа мамлакатларини Москва ҳукуматига нисбатан санкциялар жорий қилишга кўндириш осон кечмаслигини англашини қўшимча қилади. Чунки, дейди у, Кремл АҚШ қабул қилган қонунга қарши кўраётган чоралари, Вашингтон ва Европа расмийларига қаратилган баёнотлари билан Москва Магнитский қонунига ўхшаш чораларни қўллаш масаласини муҳокама қилаётган Европа мамлакатларини “қўрқитишга” уринмоқда.

Магнисткий қонунига жавобан Россия АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни боқиб олишини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Шунга қарамасдан гроссмейстер ўйин ҳали тугагамагани ва охиргача курашишини айтади суҳбат сўнгида.

- Келаси бир йил давомида Европанинг битта ёки бир нечта мамлакати Магнитский қонунини қабул қилиш масаласига жиддий ёндашади, дейишга асослар бор, деб ҳисоблайман,- дейди мухолифатчи Гарри Каспаров.
XS
SM
MD
LG