Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқа оладими?


Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сешанба куни Сеулда Жанубий Корея командасига 1:0 ҳисобида ютқазди. Мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши охирги саралаш ўйинда ғалабага эришиши ҳамда Жанубий Корея-Эрон жамоалари ўйини натижасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.


Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 11 июн куни Жанубий Кореяни ютса, 2014 йил Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионати муддатидан олдин йўлланма олиши мумкин эди. Лекин ўйин ўзбек ишқибозлари кутган натижани бермади. Ўзбек футболчилари корейсларга 1:0 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Айни пайтда, А гуруҳидаги Эрон миллий терма жамоаси 11 июн куни ўз майдонида Ливан терма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.

Сешанба кунги ўйинлардан сўнг А гуруҳида терма жамоалар қуйидаги ўринларни эгаллади.




Жамоалар ўйинлар очколар
1 Жанубий Корея 7 14
2 Эрон 7 13
3 Ўзбекистон 7 11
4 Қатар 7 7
5 Ливан 8 5

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳали ҳам Бразилияга йўлланма олиш имконлари сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийси Вадим Абрамов Озодлик билан суҳбатда бу имкониятга оид комбинацияни шарҳлаб берди.

“Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати финал ўйинларига чиқишини кафолатлаш учун терма жамоамиз Қатар жамоасини 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратиши шарт”, дейди Абрамов.

Ўзбекистон жамоасининг имконияти кўп жиҳатдан Жанубий Корея билар Эрон терма жамоалари ўйини натижаларига ҳам боғлиқдир.

1. Агар Жанубий Корея Эронни ютса, биз Қатарни ютишимиз етарли бўлади.

2. Агар Корея ютқазса, биз Қатарни 6:0 ҳисобида ютишимиз керак бўлади.

3. Агар Жанубий Корея Эрон билан дуранг ўйнаса, Ўзбекистон Қатарни 4:0 ҳисобида ютиши керак.

4. Ўзбекистон-Қатар терма жамоалари беллашуви дуранг натижа билан тугаса, Ўзбекистон терма жамоаси плейофф ўйинларида иштирок этишига тўғри келади.

Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг охиргисини 18 июн куни Тошкентда Қатар терма жамоаси билан ўтказади.

Шу куни Жанубий Корея терма жамоаси Сеулда Эрон терма жамоасига мезбонлик қилади.

Ўзбекистон терма жамоасининг Жанубий Кореядаги мағлубияти миллионлаб футбол фанатлари хафсаласини пир қилди.

Корейс йигитга турмушга чиқиб Сеулда яшаётган ўзбекистонлик аёл Озодликка қўнғироқ қилиб, 6 яшар қизи Ўзбекистон терма жамаоси мағлубиятидан хафа бўлиб йиғлагани ва отасидан аразлаганини айтди.

Айни пайтда, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари мамлакат миллий терма жамоаси 18 июн куни Қатар устидан ғалаба қозониб, Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионати ўйинларида иштирок эта олишига умид қилмоқда.

Футбол бўйича мутахассис Баҳодир Носиров Озодлик билан суҳбатда шогирдлари ва фарзандлари Ўзбекистон ютса, Бразилияга билет олиб беришни ваъда қилганларини айтди.

- Ўзбекистон ишқибозлари биттаси ҳам умидини узмади ҳали. Худо хоҳласа, Бразилияга борамиз, деб юришибди. Кечаги ўйиндан кейин шашликхонага бориб ўтирдик. У ерда ҳаммма 18 июнда Ўзбекистон ютади, дейишди. Ҳеч ким умидини йўқотмаган. Ўзимнинг шогирдларим, болаларим, яхши ният қилинг, Ўзбекистон Бразилияга чиқса, Сиз бориб биринчи қаторда футбол кўрасиз, деб менга билет олиб беришди, дейди Баҳодир Носиров.
XS
SM
MD
LG