Линклар

Қозоғистон президентининг Тошкентга сафари бошланди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов таклифига биноан икки кунлик расмий ташриф билан Тошкентга кледи.

Пайшанба кунининг иккинчи ярмида етиб келган Назарбоевни Тошкент аэропортида президент Каримов ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бўрибой Жексембин кутиб олди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, жума куни эрталаб Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг тор ва кенг доирадаги музокаралари ўтказилиши режалаштирилган.

Расмийларга кўра, Каримов ва Назарбоев ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро майдондаги долзарб муаммоларни муҳокама қилади.

Музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Назарбоев сафари арафасида маҳаллий матбуотда чиқиш қилган Қозоғистон Чегараолди ҳамкорлик уюшмаси вакили Марат Шибутов, Назарбоев Каримов билан учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалга ошмай қолаëтган имконлари ҳақида тўхталишини билдирди.

Унга кўра, Марказий Осиëнинг икки йирик қўшниси ўртасидаги товар алмашинув реал имкони 3 миллиард АҚШ долларигача бориши мумкин бўлган ҳолда, ҳозирда бу кўрсаткич 1,95 миллиард АҚШ долларидан ошмаëтир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қозоқ сармояси асосида ишлаëтган 178 муассаса, Қозоғистонда эса, Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокидаги 605 ширкат фаолият юрғизмоқда, деб қайд этади Шибутов.

Назарбоев матбуот хизмати шунингдек¸ Қозоғистон раҳбарининг Тошкентда қозоқ халқ шоири ва мутафаккири Абай ҳайкали ва Қозоғистон элчихонаси янги биносининг очилиш маросимида қатнашишини ҳам маълум қилди.
XS
SM
MD
LG