Линклар

Ўзбекистон банклари пул ўтказмаларидан улуш ола бошлади


Ўзбек банкларининг Озодликка билдиришича¸ пул жўнатмаларидан улуш олина бошлаганига Western Union каби тизимларнинг банкларга тўлаб келган хизмат ҳақини камайтиргани сабаб бўлган.

Ўзбек банкларининг Озодликка билдиришича¸ пул жўнатмаларидан улуш олина бошлаганига Western Union каби тизимларнинг банкларга тўлаб келган хизмат ҳақини камайтиргани сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги бир неча банк хориждан борган пул жўнатмасидан хизмат ҳаққи олаяпти.

Россияда ишлайдиган Шерзод исмли йигит Ўзбекистонга пул жўнатганида¸ "Халқ банки" 3 доллар миқдорида хизмат ҳақи олганидан нолиди.

Суҳбатдош пул жўнатмаси учун икки тарафлама ҳақ олинаëтганидан ташвиш билдирди.

Озодлик суҳбатлашган Нилуфар исмли қиз Кореядан Ўзбекистонга пул юборганида¸ Миллий банкнинг Тошкентдаги бўлимларидан бирида хизмат ҳақи олинганини билдирди.

Бундан олдин Ўзбекистондаги "Капиталбанк" ҳиссадорлик-тижорат банки хориждан бораётган пул ўтказмаларига тўлов жорий қилгани ўз тасдиғини топган эди.

Озодлик билан суҳбатда банк расмийлари 1 июндан бошлаб хориждан "Капиталбанк" орқали Ўзбекистонга юборилган 300 долларгача пул жўнатмаси учун 3 доллар, ундан ортиғига эса беш доллар хизмат ҳақи олинаëтганини билдиришган эди.

Озодлик билан суҳбатда банк ходими "Капиталбанк" раҳбарияти хорижий трансакциялар учун янги тарифлар жорий қилганини тасдиқлаган ҳолда¸ хизмат ҳақи 5 доллардан ошмаслигини урғулади:

- Нолдан 300 гача уч доллар, 301 дан юқори суммага 5 доллар тўланади, деди банк ходими.

"Капиталбанк" 1 июндан бошлаб берган бу амалиëтнинг орадан 10 кун ўтиб бошқа банкларда ҳам қўлланила бошлагани кузатилди.

"Халқ банки"нинг Озодлик билан микрофонсиз сўзлашган ходими мижозлар учун ноқулай бўлган бундай тизимга бошқа банклардан кейин ўтишганини писанда қилди:

- Бошқа банклар пул жўнатмасидан хизмат ҳақи олаëтган пайтда бизнинг банк ташқаридан келган пулдан бир тийин ҳақ олмасдан мижозларга етказиб турди¸ аммо ҳозир бизда ҳам вазият ўзгараяпти¸ деди мулозим Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ ташқаридан келадиган пул жўнатмаларининг асосий оқимига соҳиб бўлган Western Union банкларга трансакция учун тўлайдиган хизмат ҳақини 0.6% дан 0.3% га туширган.

Ўзбекистондаги банк тизимидан хабардор бўлган ва ўзини Жавлон деб атаган мутахассисга кўра Россиядаги меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга пул жўнатишида воситачилик қиладиган МIGOM, Contact, Быстрая почта, MoneyGram, Unistream, Золотая Корона, АзияЭкспресс каби пул ўтказиш хизматлари ҳам банкларга тўлайдиган хизмат ҳақини камайтиришган.

Бу ўзгаришнинг эса ўз навбатида четдан келадиган пул ўтказмаларини Ўзбекистондаги банклар учун кам фойда берадиган трансакцияга айлантиргани кузатилди.

Бу соҳадан келадиган фойда оқимини мувозанатлаш учун биринчи бўлиб "Капиталбанк" хориждан юборилаётган пул ўтказмаларига тўлов жорий қилди.

Ўзбекистондаги банк тизимидан хабардор мутахассис назарида¸ бу амалиëтнинг бошқа банкларга тарқалиши “кўпга келган тўй” тарзини олди.

Зарар меҳнат муҳожири зиммасида

Россия Марказий банкининг маълум қилишича, 2012 йилда ўзбекистонликлар ватанларига пул жўнатишда МДҲда биринчи ўринга чиққан.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар уйига жўнатган пул миқдори ўтган йили жами 6 миллиард 241 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Пул жўнатмаларидан Ўзбекистон банкларининг улуш ола бошлагани мардикорлар учун малол келаяпти¸ дейди Россияда меҳнат қилаëтган Дилшод исмли муҳожир:

- Мен Россиядан уйга пул жўнатгандим, бугун лекин укам шу пулни олиш учун Фарғонадаги учта банкка борибди¸ ҳар қайсиси шу жўнатилган пулдан фоиз олиб қолишларини айтишибди. Сабабини ҳечам тушунолмай қолдик мен ва шерикларим ҳар ойда уйга пул узатамиз . Масалан¸ биз жўнатган 16 минг доллардан 500 долларига Ўзбекистон банклари шериклик қилмоқчи. Бу бизга қаттиқ ботаяпти¸ дейди Дилшод.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG