Линклар

logo-print

"Мемориал" Ўш воқеаларига оид "Зўравонлик хроникасини" тақдим этди


 “Мемориал” марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарев

“Мемориал” марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарев

“Мемориал”да ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди

Москвада “Мемориал” марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарев Норвегия Ҳелсинки қўмитаси ҳамда “Freedom House” кўмагида “Зўравонлик хроникаси: Қирғизистон жанубида 2010 йил июн ойи воқеалари (Ўш минтақаси)” деб номланган ҳисоботининг чоп этилган вариантини тақдим этди.

Бу ҳисоботнинг электрон варианти роппа-роса бир йил олдин Интернетда пайдо бўлганига қарамай, босма нусхасининг қийинчилик билан бўлса-да¸ ниҳоят Москвадаги “Мемориал” марказига етиб келгани айтилди.

Виталий Пономарёв ҳисоботда 2010 йилнинг апрел ойидан 15 июнга қадар ҳодисалар тарихи хроника тарзида баён этилганини айтади:

- Бу ерда Ўш минтақасига оид тўпланган материалларнинг бир қисмигина акс эттирилган. Ҳисоботга 2010 йилнинг 15 июнгача бўлган воқеалари киритилган. Ҳозирда ҳисоботнинг иккинчи қисми устида иш олиб борилмоқда. Унда Жалолобод воқеалари тарихи берилади ва Ўш ҳодисаларига оид қўшимча материаллар чоп этилади. Ҳисоботни биз Норвегияда чоп этиб бу ерга олиб келишда анча қийинчиликларга учрадик. Қозоғистон божхоначилари уни бир неча ой ушлаб ётди, кейин китоблар яна Норвегияга қайтариб олиб кетилди. Ниҳоят яқинда уни Москвага етказиб келишди, дейди ҳуқуқ фаоли.



Ҳисобот 2010 йилнинг апрел-июн ойларидаги вазиятнинг кескинлашиб бориши таҳлилидан бошланади. Ҳисобот давомида “Олой” меҳмонхонаси олдидаги можаро ва ундан кейин 10-дан 11 июнга ўтар кечаси Ўш ва унинг атрофида бошланиб кетган қирғин ва талон-тарож хроника тарзида берилган.

Манбалар ҳақида

Виталий Пономарёв мустақил ҳисобот тайёрлашда жабрланганлар билан шахсан ўзи ўтказган 300 яқин интервю, 550 яқин видео ва 3000 фото, мустақил кузатувчилар ҳисоботлари, ҳуқуқ фаоллари билан олиб борилган суҳбатларга таянганини билдирди.

Шунингдек, июн ҳодисалари хроникасини тузишда Қирғизистон прокуратура, милиция, хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, парламент ва халқаро комиссиялар, тиббиёт муассасалари ва ҳатто гувоҳларнинг онлайн хабарлари таҳлилидан ҳам фойдаланилган:

- Бу тўсатдан юзага келган миллатлараро низо дейиш, бизнингча, етарли эмас. Биз можаро ўша пайтда мавжуд сиёсий қарама-қаршилик, ҳокимият учун бўлаётган гуруҳлар кураши, ташқи кучларнинг унга аралашуви нуқтаи назаридан баҳоланиши кераклиги ҳақида хулоса қилдик, дея давом этади "Мемориал" фаоли.

Можаронинг авж олишида иштирок этган томонлар ҳақида

Понамарев¸ зўравонлик ва тартибсизликларнинг авж олишидаги маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ролига ҳисоботда алоҳида эътибор қаратилганини айтади:

- Ҳисоботда биринчи кечада ўлдирилганларнинг деярли барчаси фуқароларнинг ўзаро тўқнашуви қурбонлари эмаслиги, балки куч ишлатар тизими ходимлари томонидан қурол қўлланилгани натижасида ўлдирилганлар экани батафсил ёритилган. Масалан, “Олой” меҳмонхонаси олдида, дарёнинг нариги соҳили ва Фрунзе бозори олдида эрталаб ўлдирилган яна икки киши биринчилар эди. Бироқ бу факт бирорта расмий ҳисоботга киритилмаган. Прокуратура ва бошқа куч ишлатар идоралари ўзларини бу ҳодисалар умуман бўлмаганидек тутишаяпти, дейди Пономарёв.

Ҳисобот муаллифлари полициянинг жиноий тарафкашлиги туфайли Ўш воқеалари иккинчи босқичга кўчгани – можарода иштирок этган бир тараф қурол-яроғ ва оғир ҳарбий техникага эга бўлиб олганини кўрсатган.

Пономарёв фикрича, Сулаймон тоғида жойлашиб олган снайперлар сони ҳам расмий манбаларда кўрсатилганидан фарқли ўлароқ¸ анча кўп бўлган.

“Шунингдек, қирғиннинг кучайишига қишлоқ туманларидан бўлган ёшлар гуруҳларининг уюшқоқлик билан Ўшга ташлангани сабаб бўлди”, дейди у:

- Икки ҳафта олдин менинг қўлимга бир давлат ҳужжати тушиб қолди. Унда айтилишича, 12 июнда Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларидан Ўшга 4000 га яқин одам келгани кўрсатилган. Бундай омманинг келиб қолиши стихияли тарзда амалга ошмайди, уларни ташкиллаштириш, боқиш керак бўлган. Ўшда куйиб кул бўлган уйлар айнан шу гуруҳлар томонидан ёқиб юборилган, дейди Виталий Пономарёв.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, бир томондан қирғин ва можаронинг тўхтатилишига Ўзбекистондан қўшин киритилаётгани тўғрисидаги миш-мишлар тарқагани сабаб бўлган. Маълум бўлишича, можаро бошланганидан бир-икки кун ўтгач, Ўшнинг айрим туманларидан қирғиз аҳолиси эвакуацияси бошланган, кечаси шаҳарда юрган овоз кучайтиргичли машина орқали “икки соатдан кейин Ўзбекистондан ҳужум бошланиши”, “одамлар ўз уйларини тарк этиб қочишлари кераклиги” айтилган.

“Айнан шу кечаси қирғин ва ўт қўйишларда иштирок этган кучларнинг асосий қисми шаҳарни тарк этди”, дейди Пономарёв.

Ўзбекистондаги айрим кайфиятлар тўғрисида

Давра суҳбатида иштирок этган Россия Фанлар Академиясининг Этнология ва антропология институти ходими, тарих фанлари доктори Сергей Абашин Ўзбекистоннинг бетарафлик сиёсати можаронинг маҳаллий кўринишдан жиддийроқ кўринишга ўтмаслигига ижобий таъсир кўрсатганини билдирди. Абашин¸ айни пайтда¸ мамлакатда мавжуд бошқа кайфиятлар¸ ҳисобга олинмаганини таъкидлади:

- Ўзбек жамиятида Ўш воқеаларига турлича муносабат мавжуд. Ва биз бу воқеаларга бўлган айрим ўзбекистонликларнинг салбий муносабатлари қачонлардир сиёсий кун тартибига олиб чиқилмаслигига кафиллик бера олмаймиз. Шунинг учун, ҳам Ўзбекистон раҳбарияти, ҳам Қирғизистон ҳукумати келажакни ўйлаб иш юритиши керак, дея фикр билдирди Сергей Абашин.

Мутахассис шунингдек, Россия ва КХШТ аъзоларининг Ўш ҳодисаларига нисбатан ëндашуви расман ижобий баҳоланаётган бўлса-да, аслида улар томонидан қирғиннинг олдини олишга бирор жўяли ҳаракат қўлланилмаганини қўшимча қилди.

Мулоқот ва интеграция ҳақида

Ҳисобот муаллифи Виталий Пономарёв 2010 йилги Ўш ҳодисалари тўғрисидаги ҳақиқатнинг ошкор этилиши икки миллат ўртасидаги тушунмовчилик ва гиналарни унутиб, соғлом муносабатларни тиклашга, воқеаларга оид миш-миш ва ёлғон-яшиқ хулосаларни бартараф этишга олиб келишини таъкидлади.

Пономарёв Қирғизистон ҳукумати олиб бораётган сиёсат ҳосиласи ўлароқ¸ уч йил ўтиб ҳам можаро сўнмаётгани, таъқиб ва ноҳақ қама-қамалар давом этаëтгани хусусида ташвиш изҳор қилди:

- Ингтеграциялашув ва мулоқот ўрнатиш учун ҳамкор керак. Ҳозирда эса ўзбек диаспораси амалда тарқатиб юборилган, янги лидерлар пайдо бўлмаяпти. Борлари эса таъқибларга учрашдан қўрқиб қолган. Демак, ўзбек жамиятининг республикада тикланишига имкон яратилмас экан, бу диаспора ва ҳукумат ўртасида сўзлашувлар бўлиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қирғизистон ҳукумати ва қўшни давлатларнинг бу можаро оқибатларини бартараф этишда қилаётган ишлари етарли эмас, деб ҳисоблаймиз, дея хулоса қилди “Мемориал” марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG