Линклар

Туркманистонда Ўзбекистон SIM картаси таъқиб этилмоқда


Туркманистонда Beeline ҳали ҳам оммабоп.

Туркманистонда Beeline ҳали ҳам оммабоп.

Туркманистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида Ўзбекистондаги мобил алоқа операторларига қарашли SIM карталаридан фойдаланиб келган мижозлар кузатув остига олинмоқда.

Озодлик радиосининг туркман хизмати Тошҳовуз ва Лебапда полиция кўчада истаган одамни тўхтатиб, ўзбек SIM картаси бор одамларга ҳеч бир асоссиз равишда 1000 АҚШ доллари миқдорида жарима солаётгани ҳақида хабар қилди:

- Ўзбек "симка"ларига қарши кампания бошланганига бир неча ой бўлди. Сўнгги кунларда бу яна ҳам кучайди. Полиция кўчада очиқчасига одамларни тўхтатиб SIM карталарини текширмоқда. Ҳозир кўпчилик Ўзбекистоннинг SIM картаси бўлса¸ ёнида олиб юрмайди,уйида қолдиради¸ дейди ўз исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирган лебапликлардан бири.

“Жараён” интернет нашри ҳам Туркманистондаги ўз манбааларига асосланиб полиция ўз айғоқчиларига Ўзбекистондаги уяли телефон ширкатлари SIM картасига эга бўлган кишиларни кузатиб боришни буюргани ҳақида хабар қилди.

Туркманистонда Beeline ва Ucell ҳали ҳам оммабоп

Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларида яшовчи аҳоли ўзбек операторлари бўлмиш Beeeline ва Ucell хизматларидан фойдаланишни афзал кўради.

Хусусан¸ Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида уяли телефон мижозлари орасида Beeline ҳамда Ucell мобил алоқа операторлари SIM карталари оммалашган. Бу вилоятлар аҳолисининг 70-80 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Яқинларгача¸ кўпчилик ёнида ҳам туркман¸ ҳам ўзбек операторига уланган уяли телефонни олиб юриши одат тусига кирган эди¸ дейди Озодлик суҳбатлашган туркманистонликлардан бири:

- Ҳозир иккинчи телефонни уйда сақлашга мажбур бўлаяпмиз. Фақат Ўзбекистондаги, Урганчдаги қариндошларимиз билан гаплашсак фойдаланамиз.
Чунки Туркманистондаги МТС халқаро телефон сўзлашуви учун кўп ҳақ олади. Ўзбекистонникида ички тарифда ҳақ олади, дейди тошҳовузлик уяли телефон мижозларидан бири.

Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида ўзбек SIM карталари эгалари таъқиб қилинишининг Ўзбекистондаги Beeline ҳамда Ucell мобил алоқа операторлари ўз сигнал қамровини кенгайтириши ортидан бошлангани айтилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондаги иккита йирик уяли телефон ширкати Туркманистонга чегарадош Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида ўз станциялари сонини оширган, жумладан сигнал қамрови Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятлари ҳудудларини ҳам қамровчи 500 дан зиёд станция қурилди.

Бу эса Туркманистонда ўзбек SIM карталаридан фойдаланадиган уяли телефон мижозлари сони ошишига олиб келди:

- Ота-онам Тошҳовузда, мен Хоразмга келин бўлиб тушганман. Дадамга тез-тез гаплашиб турамиз, деб бу ерни SIM картасини олиб бериб юборганман. Ҳозир кўп текширишaяпти экан, тўғри, лекин ҳозир ҳам гаплашaяпмиз, амаллаб, дейди Урганчда яшовчи тошҳовузлик Меҳрибон.

Туркманистон назоратдан йироқ SIM карталардан хавфсирамоқда

Туркманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз фуқароларининг ўзга мамлакат SIM картасидан фойдаланишини мамлакат миллий хавфсизлиги учун таҳдид сифатида кўрмоқда:

- Туркманистондек авторитар давлатда фуқароларнинг назоратдан йироқ телефон хизматидан фойдаланиши махсус хизматларни ташвишлантириши табиий, дейди Венада яшовчи туркманистонлик ҳуқуқ фаоли Фарид Тухбатуллин.

Туркманистонда инсон ҳуқуқлари бўйича Ҳельсинки жамғармаси раиси Тожигул Бекметова фикрича, буни ортида иқтисодий сабаблар ҳам бор:

- Туркманистон шу пайтгача ўз фуқароларига қулай коммуникация хизматини яратиб беришнинг уддасидан чиқмади. Ҳозир мамлакатда ягона монополист уяли телефон ширкати МТС бор. Рақобат бўлмагандан кейин, бу ширкат хоҳлаган тарифни белгилайди, истеъмолчилар бундан зиён кўради. Улар алоқа қилишнинг ўзларига қулай ва арзон бўлган йўлини ахтаришга мажбур бўлишади, дейди туркман фаоли

Россиядаги МТС уяли телефон ширкатининг Туркманистон мобил алоқа бозоридаги улуши 80 фоизни ташкил этади.

Туркманистондаги давлатга қарашли "Олтин аср" деб аталувчи ширкат эса¸ бор-йўғи 500 минг абонентга эга.

Чегара билмас SIM карталар

Айни пайтда қўшни Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг Ўзбекистонга туташ чегара ҳудудларида яшовчи асосан этник ўзбеклардан иборат аҳолисининг ҳам Ўзбекистондаги Beeline ва Ucell мобил алоқа операторлари SIM карталаридан фойдаланиши айтилади.

Ўтган йил севган қизи билан учрашиш учун Амударёни кечиб, Термизга ўтган афғонистонлик Абдулназарбек ҳам севгилиси билан Ўзбекистон SIM картасидан адашиб қилинган қўнғироқ ортидан танишган эди.

Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистонга чегарадош туманларида яшовчи аҳоли эса қўшни мамлакатлардаги қариндошлари билан телефон алоқасини ушлаб туриш учун ўзбек SIM карталарини ишлатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG