Линклар

logo-print

Биометрик паспортни тезлатиш учун Тошкент ИИБлари 7 кун ишламоқда


Тошкент шаҳар Ҳамза тумани Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, 2013 йил 12 июн.

Тошкент шаҳар Ҳамза тумани Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, 2013 йил 12 июн.

Ўзбекистон президентининг мамлакат аҳолисини 2015 йилга қадар халқаро андазаларга мос биометрик паспорт билан таъминлаш ҳақидаги фармонини вақтида адо этишга маъсул Ички ишлар вазирлигининг Тошкент бўлимлари ҳозирда тўлиқ ҳафта¸ кунига 13 соатдан ишламоқда.

Навбат бироз камайди...

Тошкент шаҳар Ҳамза туман Ички ишлар бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда биометрик паспортга ҳужжат топшириш учун навбат кутиш вақтининг ўтган ойлардагига нисбатан камайганини билдирди.

Ўз исмини айтмаган ички ишлар ходими биометрик паспортга ҳужжат топшириш навбати камайганини Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳафтасига етти кун эртадан кечгача ишлаётгани билан изоҳлади:

- Кечгача ҳужжат топширолмаётганлар йўқ. Вақт сал чўзилиб кетаётгани бор. 2 - 3 соат кутишингиз мумкин. Навбатга қарабда. Соат 4 дан кейин келсангиз одамлар камроқ бўлади. Паспорт столи бир ҳафтада етти кун, эрталаб 8 дан кеч соат 9 гача ишлаяпти.

Ички ишлар ходими кўп ҳужжатлар биометрик паспорт асосида расмийлаштирилаётгани боис¸ йил бошида янги паспорт олувчилар сони кўпайиб кетгани қўшимча қилди:

- Энди бу ерда кимдир пропискага қўяди, кимдир меҳмонни вақтинча прописка қилади. Шунга биопаспорт керак бўлади. Масалан, “Домовой книжка” қилиш учун ҳам паспортни алмаштириш керак.

Биометрик паспорти йўқларга бошқа ҳужжат ҳам йўқ?

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш учун навбат кўпайгани сабабларидан бири бюджет идоралари ходимларига тез фурсатда янги паспорт тизимига ўтиш кераклиги, акс ҳолда, маошлар берилмаслиги тўғрисида юқори идоралардан кўрсатма берилгани ҳақидаги миш-мишлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган Шаҳодат опа юқоридан шу ҳақда расмий хат келганини тасдиқлади:

- Бизга хат келди. Ойлик тўғрисида, ойлик берилмайди, деган унақа паника гаплар йўқ. Фақат ишчилар янги паспорт тизимига ўтсин, дейилган. Унақа “мажбурий” деган жойини кўрганим йўқ. Юқоридан хат келгани учун, ишхонамизда кўпчилик эмасмиз, ким ўтмаган бўлса ўта қолинглар, дейишди. Бултур 25 ёшга тўлганлар алмаштириб бўлишган экан, деди Шаҳодат опа.

Сўнгги ойларда биометрик паспорт олиш учун навбат кўпайгани сабабларидан яна бири янги паспорти бўлмаган абитуриетлардан олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат қабул қилинмасин, деган мазмундаги юқорининг оғзаки кўрсатмаси ҳам сабаб бўлгани айтилмоқда.

Олий ўқув юртларига шундай кўрсатма берилганини иккита мустақил манба Озодликка тасдиқлади.

Бироқ 13 июн куни Тошкент Давлат Техника университетининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда абитуриентлардан биометрик паспорт талаб қилинмаслигини таъкидлади:

- Ҳамма ёқда 20 июндан ҳужжат қабул қилинади. Бунинг учун паспорт керак, битиргани тўғрисида гувоҳнома керак, ҳарбий билети керак, олтита расм керак, медсправка керак. Паспорт ҳаммаси ўтаверади. Биометрик паспорт шарт эмас, дея қатъий жавоб берди Тошкент давлат Техника университети ходими.

Ўзбекистон Миллий университети расмийлари ҳам абитуриентлардан биометрик паспорт талаб қилиниши ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида биометрик паспорт бериш жараёни 2012 йилнинг 1 январида бошланган.

Ўтган йил февралидан бошлаб Тошкент вилояти, март-апрелидан бошлаб эса бошқа вилоятларда биометрик паспорт берила бошланган.

Ўзбекистонда эски турдаги паспорт 2015 йил 31 декабрга қадар амал қилади.

Бу муддат ичида республика фуқароларига биометрик паспорт бериш ишлари тугатилиши режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG