Линклар

Путин яна "лидер"ликка сайланди


Путин Манеж залида ўтган йиғилишда.

Путин Манеж залида ўтган йиғилишда.


12 июн куни Россияда миллий байрам – Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган кун кенг нишонланди.

Бу кундан бир кун олдин Москвада Бутунроссия миллий фронти Таъсис қурултойи иш бошлади. Кремл рўпарасидаги Манеж залида бўлиб ўтган йиғилишда Россиянинг турли ўлкаларидан келган 2000 га яқин вакил бир овоздан ўзининг лидери этиб мамлакат президенти Владимир Путинни сайлади.

Ташкилотнинг номи ҳам ўзгартирилди: Путиннинг ҳокимият тепасига келишда асосий “қурол” саналаётган Бутунроссия миллий фронти “Россия учун Халқ фронти” номини олди.

Чоршанба куниёқ қурултой иштирокчилари ташкилот Низомини қабул қилди. Путинга раисдош этиб Миллий фронт штабига режиссёр Станислав Говорухин, “Деловая Россия” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Александр Галушка, Дума депутати Олга Тимофеевалар сайланди.

Жами марказий штаб аъзолигига 55 номзод киритилди. Жумладан, “Россия сиёсий интеграциясини” таъминлашга биринчи космонавт аёл Валентина Терешкова, болалар врачи Леонид Рошал, Мариинка театри бадиий раҳбари Валерий Гергиев, кинорежиссёр Карен Шахназаровлар жалб қилинди.

Мутахассислар шу тариқа Владимир Путин ўзининг тушиб бораётган сиёсий обрўсини фуқаролик жамияти органларини уюштириш орқали кўтаришга уринаётганини гапирмоқда.

12 июн кунги қурултойда ҳаракат кўринишига эга бўлган Халқ фронти таъсисчилари сонининг 480 кишини ташкил этгани айтилмоқда.

Таъсис қурултойида қабул қилинган манифестда Владимир Путин сайловолди дастурининг қисқа баёни акс этгани кўзга ташланди.

Қурултой давомида махсус таклиф қилинган ёшларнинг “Россия! Россия!” ҳайқириғи Владимир Путин минбарга кўтарилиши билан “Путин! Путин!”га айланди.

Йиғилишда сўзга чиққан Путин ижтимоий жараёнларга таъсир ўтказа олиш имконияти барчага очиқ бўлиши кераклигини уқтирди:

- Янги одамларни, янги номзодларни илгари суриш керак, бу сайловларга зарур бўлган ўзимизнинг одамларимизни чиқаришимиз керак. Халқ фронтининг асосий мақсади – ҳар бир шахсга буюк Россияни яратишга имкон бериш керак. Ва биз бу ғоя ва қадриятларни қўллаб-қувватлаётганлар билан ишлашга тайёрмиз, дея таъкидлади 14 йилдан бери бировга ўз ўрнини бўшатишни истамаётган Россия раҳбари.

Шу тариқа Россияда “жамоатчилик ташкилотлари, сиёсий партиялар ва фуқаролар кўнгилли уюшмаси”нинг пайдо бўлгани иддао қилинди.

Ҳаракатнинг асосий мақсад ва вазифалари қисқа ва лўнда – “Россия равнақи учун!” қилиб белгиланди.

Йиғилишдан бироз муддат олдинроқ – 1-2 июн кунлари – Бутунроссия Жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Халқ фронти”га оддий россияликлар муносабатини ўрганиб чиқди.

Сўров натижаларига биноан, россияликларнинг ярмиси Бутунроссия Миллий фронт фаолиятига “бефарқ” экани, 29 фоиз аҳоли – “ижобий” муносабатда экани аниқланди.

Сўровда иштирок этган 9 фоиз фуқароларгина “Путин ҳаракатига” “салбий” баҳо қўйди.
XS
SM
MD
LG