Линклар

Тошкентдаги ўзларини “Nas WHY?” арт гуруҳи деб атаган рассомлар Ўзбекистондаги чинорлар кесилиб ўрнига арча экилганига қарши кўча кўргазмаси ўтказишди.

Озодлик билан суҳбатда бу арт гуруҳ вакили исмлари ва кўргазманинг қайси кўчада ўтганини айтмасликни илтимос қилишди:

- Биз ҳар ҳолда эҳтиëт бўлганимиз маъқул. Чинорлар кесилиб ўрнига арча экилгани истеҳзо қилинган кўргазмани ўтказишга Ўзбекистондаги ҳеч бир галерея изн бермади. Шу боис биз Тошкент кўчаларидан бирида бу кўргазмани ўтказдик¸ дейди “Nas WHY?” арт гуруҳи вакили Озодлик билан суҳбатда.

9 июн куни Тошкентнинг овлоқ кўчасида бошланган бу кўргазма “My Favorite Tree” (Севимли дарахтим) деб номланди.

“Жаннатга кетаëтган поезд”

Ярим махфий ва норасмий кўргазани бориб кўрган фотоҳужжатчи Умида Аҳмедованинг Озодликка айтишича¸ кўргазмада “Nas WHY?” арт гуруҳи атрофига жипслашган ўнга яқин рассомнинг ижтимоий фаол асарлари намойиш қилинмоқда:

- Шулардан бири “Жаннатга кетаëтган поезд” деб аталади. Бу жуда кучли мажозга эга асар. Асарда қум устига экилган арчалар атрофидаги эшак минган бобой акс этган. Уни атрофида эса дум-думалоқ темир йўл. Бу темир йўлдаги поезднинг сўнг манзили йўқ. У айланиб юраверади¸ дейди Умида Аҳмедова.

Суҳбатдошга кўра¸ бу асар Тошкент марказидаги Амир Темур хиëбони билан боғлиқ вазиятни эслатади:

- Биласиз¸ Амир Темур хиëбонидаги асрий чинорлар кесилиб ўрнига Ўзбекистонга ëт бўлган арчалар экилди. Бу арчаларнинг сояси ҳам йўқ. Рассом мана шу ҳолатни кесатиб тасвирлаган¸ дейди Умида Аҳмедова.

Одатда замонавий абстаркт санъат оддий одамларга тушунарсиз бўлади. Аммо Тошкентдаги кўргазмага қўйилган асарларни интернетда томоша қилган УзГазойлнинг ўзини Равшан деб таништирган мутахассиси бу кўргазмадаги кинояни аниқ тушунганини айтади:

- Арча жонга тегди ўзи. Масалан¸ УзГазОйл” шохобчалари атрофидаги боғчаларга экилган арчаларга қараш ишлари бизга¸ яъни ширкат операторлари зиммасига юклатилган.

Ҳар бири 150 доллар экани писанда қилинган арча дарахти парваришининг ходимлар зиммасидаги оғир юк бўлмоқда¸ дейди Равшанбек Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра бу арчалар қуриб қолса¸ ходимлар ойлигидан 150 доллар ушлаб қолинади.

Тақсимга параллел

Кўргазма очилган 9 июн куни Истанбулнинг Тақсим майдонидаги Гези паркида дарахтларни кесишга қарши намойишлар авжига чиққан эди.

Тақсимдаги намойишлар тошкентлик рассомлар қалбига жасорат бердими? деб савол бердик “Nas WHY?” арт гуруҳи вакилига:

- Бу тасодифан тўғри келди. Чунки биз бу идеяни ўйлаб юрганимизда ҳали Истанбулда намойишлар йўқ эди. Аммо Истанбулда бўладими ë Тошкентдами дарахтлар кесилса ëмон¸ дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги кўргазмани бориб кўрган фотоҳужжатчи Умида Аҳмедова кўргазманинг Истанбул воқеалари билан бир вақтга тўғри келишида мантиқ кўради:

- Истанбулда ҳам Тошкентда ҳам рассомлар дарахтлар кесилишига чидай олишмаяпти. Рассомлар устахонасига бекиниб ғоясиз расмларни чизиб ўтирмасдан¸ ўз норозилигини санъат воситасида билдириши таҳсинга лойиқ¸ дейди Умида Аҳмедова.
XS
SM
MD
LG