Линклар

Россия Сурия ҳукумати кимёвий қурол ишлатганига оид хабарга ишонмаяпти


Россия Президенти Владимир Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Қўшма Штатлар Сурия ҳукумати кимёвий қурол ишлатгани тўғрисида Россияга тақдим қилган маълумот “ишончлига ўхшамайди”, дея баён қилди.

Юрий Ушаков жума куни қилган чиқишида АҚШнинг Сурия исёнчиларига ҳарбий ёрдамни ошириш қарори Москва ва Вашингтоннинг бўҳронни тинч йўл билан ҳал этиш уринишларига путур етказади, дея таъкидлади.

Пайшанба куни Оқ уй Сурия ҳукумати исёнчиларга қарши кимёвий қурол ишлатганига оид далилларни қўлга киритганини маълум қилди.

Президент Барак Обама шу пайтгача кимёвий қуролларнинг қўлланиши Қўшма Штатларнинг Сурия можаросидаги аралашувини оширувчи “қизил чизиқ” бўлади, деб келаётган эди.

Оқ уй баёнотига кўра, АҚШ разведка хизматлари Сурия ҳукумати кимёвий қуроллар, жумладан, асаб тизимини ишдан чиқарувчи зарин газини кейинги бир йил давомида бир неча марта ишлатганига оид далилларни қўлга киритган.

Бу ҳақда АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Бен Роудс пайшанба кунги баёнотида маълум қилди.

Унинг айтишича, Сурия ҳукумат кучлари тарафидан кимёвий қурол ишлатилиши оқибатида 100-150 киши ҳалок бўлган.

Пайшанба кунги баёнот суриялик исёнчи кучлар кейинги пайтларда жанговар ҳаракатлардан кўраётган талафотлар боис мукаммалроқ қурол қидираётган пайтга тўғри келди.

Вашингтон исёнчиларга қандай турдаги ҳарбий ёрдам кўрсатишини аниқлаштирганича йўқ.

Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг жума куни қилган чиқишида Лондон Вашингтон вазиятга бераётган баҳога қўшилишини баён қилди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен эса АҚШ бу ҳақда “аниқ” баёнот берганини олқишлашини билдирди.
XS
SM
MD
LG