Линклар

“Автогол-Шораҳмедов” Қатарга қарши ўйинда ҳам ўйнаши мумкин


Жанубий Корея-Ўзбекистон ўйинида автогол пайти.

Жанубий Корея-Ўзбекистон ўйинида автогол пайти.

Ўзбекистон-Қатар ўйини олдидан терма жамоа мураббийи Миржалол Қосимов Озодликка эксклюзив интервью бериб ўйинга тайёргарликлар ҳамда Жанубий Корея билан ўйиндаги автогол муаллифи Акмал Шораҳмедовнинг бугунги аҳволи борасида сўзлади.

“Қатар дарвозабонсиз ўйнайди”

18 июн куни Тошкентда Ўзбекистон терма жамоаси қатарликлар билан беллашади. 11 июн куни сафардаги мағлубият ўзбек футболчиларини муддатидан аввал чемпионатга чиқиш имконидан маҳрум қилди. Келаётган сешанба кунги ўйин жаҳон чемпионатига чиқиш учун охирги саралаш ўйинидир.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Миржалол Қосимовга кўра, сўнгги ўйинда ўзбек футболчиларининг чемпионатга чиқиши имконияти нафақат ўзларига боғлиқ, балки Жанубий Корея-Эрон жамоаларининг ўйини натижасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

- Кореяда бўлган ўйинда ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда эди. Энди ҳозир кимгадир қараб қолганмиз. Бошқа ўйин натижасига қараб ҳал бўлиши мумкин. Бу ерда ҳар-хил вариант бор. Авваламбор, Корея Эронни мағлуб этиши, қолаверса, бизлар Қатарни мағлуб қилишимиз керак. Ҳар хил варианти бор. Кейин тўпларни нисбати бор... Энди бу ерда мана бунақа ўйин қилиб ташламаса. Мана Ливан Эронга совға қилиб юборди-да, бу нарсани. Кўриниб турганди. 15 минут кўриб, ўчириб қўя қолдим яна асабийлашмаслик учун, дейди Миржалол Қосимов.

Мураббийнинг сўзларига кўра, сешанба кунги ўйинда Қатар жамоасининг имкониятлари камроқ бўлишига қарамасдан ўйин осон кечмайди.

- Қатар ҳам келиб бу ерда шундоқ ўйнаб кетмайди. Барибир жанговор ўйин бўлади. Лекин уларда даврозабон ўйнамайди ва 6-номерли ҳимоячиси ўйнамайди. Шундай бўлишига қармасдан улар майдонга тушгандан кейин ўзининг давлати учун, ўзининг имижи учун ҳаракат қилади. Шунинг учун ўйин осон кечмайди, дейди Миржалол Қосимов.

“Шораҳмедовнинг автоголда айби йўқ”

11 июн куни Сеулда ўтган Жанубий Корея-Ўзбекистон ўйинидаги ягона гол соҳиби ўзбек футболчиси Акмал Шораҳмедов бўлди. Лекин бу гол- автогол бўлгани учун Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионатига муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритиш имконидан маҳрум бўлди. Ҳафсаласи пир бўлган миллионлаб футбол фанатлари мағлубият учун автогол муаллифи Акмал Шораҳмедовни айблаган ҳолатлар кўп бўлди.



Лекин мураббий Қосимов мағлубиятда Шораҳмедовнинг айби йўқ, деб ҳисоблайди.

- Акмал машғулотларда иштирок этаяпти. Лекин шунақа вазият бўлганига ҳақиқатдан ҳам жуда сиқилаяпти. Энди бу футболда учраб турадиган ҳолат. Манаман деган футболчилар ҳам ўз дарвозасига уриб қўйган. Мен айтишим мумкин, Акмалнинг бу ерда ҳеч айби йўқ. Тўп оширилган пайтда уни олдида Тўхтахўжаев сакради ва лекин автоматический реакцияси етмади. Кўрмай қолдиям тўпни. Шунинг учун буни палакат деймизми. Энди бунинг ёмон изи қолади ўйинчида. Йигитлар Акмални қўллаб-қувватлашди. Бу ёқда мураббийлар, ўзимиз ҳам чақириб, далда бердик. Нимагаки жуда қаттиқ сиқилаяпти. Шунинг учун ҳам бу вазиятдан чиқиб кетиш керак. Ким билан бўлмайди энди бунақа вазиятлар.

Озодлик: Энди сиқилган, руҳан анча заифлашган одамни майдонга чиқариш тўғри бўлармикин?

- Ўйингача ҳали анча вақт бор. Мен ўйланманки, бу трансдан чиқиб кетади. Қўллаб-қувватлаяпмиз. Футбол ишқибозлари ҳам қўллаб-қувватлашаяпти. Шунинг учун ҳам бу ерда муаммо бўлиши керак эмас. Кейин ҳали вақт бор. Машғулотлар жараёнида бу нарса кўринади. Ҳали тўрт кун бор, деди Қосимов.

“Чемпионатга бориб, музқаймоқ ҳам ермиз”

Ўзбекистон жамоасининг Сеулдаги мағлубиятидан сўнг маҳрум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ўзбек футболчилари ҳақидаги ҳазили жуда кўп эсланди. Ҳатто қизиқчининг ушбу ҳазилидаги машҳур иборалари битилган футболкалар Чорсу бозорида савдога чиқарилгани айтилди.

CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи эса 12 июн куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг 2 та расмий сайти ва Twitterдаги 4та саҳифасига ҳужум қилиб, сайтларни вақтинча ишдан чиқариб, у ерга Ҳожибой Тожибоевнинг ўша машҳур ҳазилидаги ибораларни жойладилар.

Қизиқчининг “Футболчиларимиз жаҳон чемпионатига бориб, музқаймоқ ялаб келса ҳам майли эди”, деган ибораси бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳар бир даврада эсланаётган бўлса ажаб эмас.

- Ўзим ўйнаган пайтда ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш армон бўлиб қолган. Футболчиларимизнинг ҳам нияти хурсандчилик улашиш. Бу ҳамма ўйинчиларнинг орзуси. Шунинг учун иложи борича ҳаракат қиламиз, Худо хоҳласа. Насиб қилса, чиқсак, морожниесини ҳам ермиз, дейди Миржалол Қосимов.

Қуйида Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Миржаол Қосимов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG