Линклар

logo-print
Тошкент ҳарбий лицейига қабул учун 1500 доллар талаб қилинди. Милиция ходимларига радарни текширувдан ўтказиш эслатилди. “Арсенал” Одил Аҳмедовни арзонга баҳолади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши кураш хизмати ташкил этилди”

Ўзбекистонда Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизмати (UZ-CERT) ташкил этилди (“Халқ сўзи”, 13 июн). Янги хизмат кибержиноятлар – миллий ахборот ресурслари ва тармоқларга қаратилган ҳужумлар, Интернет-фирибгарлик ҳамда компьютер вируслари яратиш ва тарқатишга қарши курашади. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Футбол федерацияси ҳамда Миллий телерадиокомпания расмий сайтларига хакерлик ҳужумлари қайд этилди.

Мамлакат қонунчилигида компьютер тизимига рухсатсиз кириб ўғрилик содир этиш, ахборотни ноқонуний тўплаш, уни ошкор этиш ва фойдаланиш каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Хабарга кўра, UZ-CERT хизмати кибержиноятчилар томонидан жиноят изини яшириш мақсадида йўқ қилинган маълумотларни ҳам қайта тиклайди.

“Тошкент ҳарбий лицейига киритиш учун 1500 доллар пул талаб қилинди”

Тошкентда ҳарбий лицейга ўқишга киритиш ваъдаси билан одамларни чув туширган Акобир Абдусамадов қўлга олинди (“Адолат кўзгуси”, 13 июн).

Яккасарой тумани прокуратураси вакили Абдусамад Агзамовга кўра, Акобир Абдусамадов икки нафар фуқародан фарзандларини ҳарбий лицейга жойлаб қўйиш эвазига 1000 доллардан пул олган. Келишув бўйича, болалар ўқишга киргач, ота-оналар яна қўшимча 500 доллардан бериши талаб этилган. Аммо болалари лицейга ўтолмагач, ота-оналар Абдусамадов устидан ҳуқуқ идораларига шикоят қилган ва у қамоққа олинган.

“Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетганлар танқид қилинди”

Ижтимоий тармоқларга ипсиз боғланиб қолиш шу даражага етдики, айримлар ҳар бир қадамини, ҳатто ейдиган таомини ҳам суратга тушириб, саҳифасига жойлаштирадиган бўлди (“Даракчи”, 13 июн). Республика психологлар уюшмаси аъзоси, психолог Азиз Аҳроровга кўра, “Фейсбук”, “Одноклассники”, “Твиттер” каби ижтимоий тармоқларга муккасидан кетганларнинг аксари эътиборга муҳтож ва ўзининг одамларга керак эканини ҳис қилишни истаганлар одамлар. Газетага кўра, айни пайтда ижтимоий тармоқлар сабабли оилаларнинг бузилиши ҳолати ҳам кўпайган. “Бизда ҳам бу ҳолатнинг миқдори аниқланганмикин, деб тегишли ташкилотлардан суриштириб кўрдим. Афсуски, айнан ижтимоий тармоқлар сабаб бузилиб кетган оилалар статистикаси йўқ экан” деб ёзади муаллиф Д.Собирова. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган одамларда ҳасад ва ўзидан қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади.

“Тошкент марказида чироқ ўчиб қоляпти”

Сўнгги икки ҳафта давомида Тошкент шаҳри Миробод туманидаги кўп қаватли уйларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда (“Новый век”, 13 июн). Ёзнинг жазирамасида электрдаги узилишлар электр ҳақини ўз вақтида тўлаётган фуқаролар норозилигига сабаб бўлмоқда. “Миробод тумани электр тармоқлари корхонасига қўнғироқлар жавобсиз қолмоқда. Авария хизмати ҳам тугаб кетган, шекилли: 291-15-92 рақамига эрталабми, кундузи, кечқурунни – фарқи йўқ, қўнғироқ қилсангиз, ҳеч ким жавоб бермайди. Хўш, биз нима қилишимиз керак? Ҳеч бўлмаса, кундуз кунлари электрда узилишлар бўлмаслиги керак, акс ҳолда, яшаб бўлмайди-ку” деб ёзади Людмила Сидирова.

“Вилоят газетаси қонунбузарликда айбланди”

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг “Cурхон тонги” газетаси реклама қонунчилигини бузишда айбланди (“Истеъмолчи”, 13 июн). Газета таҳририяти обуна учун тузилган шартномада нашрнинг умумий ҳажмидаги реклама миқдорини кўрсатмаган. Шунингдек, уяли алоқа операторлари ва банклар рекламаларини чоп этишда ҳам мавжуд тартиб-қоидаларни бузган. Қонунбузарликлар бўйича “Сурхон тонги” таҳририятига иш қўзғатилган, ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлма ёзма кўрсатма берилган.

“Милиция ходимларига радарни текширувдан ўтказиш эслатилди”

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги мутасаддиларига ҳаракат тезлигини ўлчаш воситаси – радарни бир йилда бир марта мажбурий давлат қиёсловидан ўтказиш эслатилди (“XXI аср”, 13 июн). Сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти вакили Ғайрат Ғозиевнинг таъкидлашича, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ўз вақтида, тегишли тартибда текширувдан ўтказилмаган радарлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.

“Қирғизистонга қорамол олиб ўтаётган фуқаро жазога тортилди”

Наманган вилояти Чортоқ тумани Ҳазратишоҳ қишлоғи орқали Қирғизистонга 8 бош қорамол олиб ўтаётган фуқаро Э.Хўжаев қўлга олинган (“Диёнат”, 13 июн). Тафсилотларга қараганда, чегарани бузиб ўтаётган фуқаро чегарачилар талабига бўйсунмач, осмонга қарата ўқ узилган. Хўжаев қорамолларни ташлаб Ҳазратишоҳ қишлоғига қочиб кетган. Чегарани бузиб ўтиб, ноқонуний равишда қорамол сотишга уринган учун Хўжаевга жазо тайинлангани хабар берилган. 8,1 миллион сўмга баҳоланган 8 бош қорамол давлат фойдасига мусодара қилинган.

“Арсенал” Одил Аҳмедовни арзонга баҳолади”

Лондонннинг “Арсенал” клуби “Анжи” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро таклиф қилмоқда (“Биржа”, 12 июн). Одил Аҳмедовнинг ўзи ҳам бу маълумотни тасдиқлаган. “Ҳа, бу рост. “Арсенал” клуби скаутлари мени анчадан бери кузатиб юришибди. Агар бу клубга ўтадиган бўлсам, бу нафақат мен учун, балки бутун ўзбек футболи учун фойдали бўлади” деган футболчи. Россиялик таниқли мураббий, бир муддат Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган Валерий Непомняший Одил Аҳмедов Англия премьер лигасида ҳам “йўқолиб” қолмаслигини айтган. Футболчининг “Анжи” клуби билан шартномаси 2015 йилда тугайди. Хабарга кўра, “Арсенал” таклиф қилаётган сумма Одил Аҳмедов transfermarkt.de сайтида кўрсатилган нархидан анча кам. Мазкур сайт Аҳмедовни 6 миллион еврога баҳолаган.

“Қовунларга қирон келтирувчи “чет эллик” зараркунанда пайдо бўлди”

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига “қовун пашшаси” деб аталган зараркунанда жиддий зиён етказа бошлади. Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вакили Баҳром Юсуповнинг “Даракчи” нашрига маълум қилишича, шу пайтгача Ўрта Осиёда учрамаган бу ҳашарот Кавказ ва Кавказолди ҳудудларидан келтирилган полиз экинлари билан бирга кириб келган. Ушбу ҳашарот асосан қовун танасига ўрнашиб кўпаяди ва полиз экинини еб бўлмайдиган ҳолатга олиб келади. Ҳашаротнинг ғумбаги тупроқ остида қишлаб, кейинги йили ҳам кўпайиши мумкин. Битта “қовун пашшаси” 100-120 тача тухум қўяди ва бир мавсумда 2-3 авлод беради. Ҳозирда зараркунандаларга қарши кураш чоралари кўрилаётгани хабар қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG