Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:09

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси алмаштирилади


Бахтиёр Ғуломов президент Ислом Каримовнинг Андижон воқеаларидан кейин илк бор Брюсселга таклиф қилинишига эриша олгани билан танилгани айтилмоқда.
Бахтиёр Ғуломов президент Ислом Каримовнинг Андижон воқеаларидан кейин илк бор Брюсселга таклиф қилинишига эриша олгани билан танилгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси алмаштирилмоқда. Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси вакили, шахси сир қолиши шарти билан, Илҳом Неъматовнинг ваколати яқин ҳафталар ичида тугаб, унинг ўрнига Белгиядаги элчи Бахтиёр Ғуломов тайинланаётганини маълум қилди.


АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасидаги манбанинг Озодликка маълум қилишича, Илҳом Неъматовнинг элчилик ваколати яқин ҳафталар ичида тугайди. Шу кунларда уни кузатиш маросимига тайёргарлик кетмоқда, дея маълум қилди манба.

АҚШдаги элчи лавозимига эса, Ўзбекистоннинг Белгия Қироллигидаги элчиси, Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссияси раҳбари лавозимини эгаллаб келган Бахтиёр Ғуломов тайинланмоқда.

Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси консуллик бўлимининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан телефон суҳбатида, Бахтиёр Ғуломов бир ҳафта аввал Тошкентга қайтиб кетганини тасдиқлади, лекин айни пайтда унинг Вашингтонга юборилаётгани тўғрисида бехабар эканини таъкидлади.

“Бахтиёр Ғуломов Америкага элчи бўлиб кетяптиларми, йўқми бундан хабаримиз йўқ. Лекин Белгиядаги ваколати тугаб, Тошкентга қайтиб кетганлари рост”, деди Брюсселдаги элчихона вакили.

Шу билан бирга дипломат Ўзбекистоннинг Белгия Қироллигидаги элчиси, Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссияси раҳбари лавозимига ҳозирча ҳеч ким тайинланмаганини маълум қилиб, бу вазифани вақтинча ким бажараётганини очиқлашдан бош тортди.

“Ҳозирча бу вазифани вақтинча катта дипломатларимиздан бири бажариб турибди. Бу дипломатнинг исмини сизга айта олмайман”, деди Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси расмийси.

49 ёшли Бахтиёр Ғуломов дипломатик фаолиятини 1992 йилда бошлаган. Брюсселдаги миссия раҳбари этиб 2010 йилда тайинланган. Унгача эса Германиядаги элчи лавозимида ишлаган.

Унинг АҚШга элчи этиб тайинланаётгани дипломатик мақоми жиддий тарзда кўтарилаётганини ангалатади.

Озодлик манбаларига кўра, у Европа Иттифоқидаги миссия раҳбари сифатида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил январида Брюсселга таклиф қилиниши ва Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозо тарафидан қабул қилинишига эриша олгани учун мансаб пиллапоясидан кўтарилмоқда.

Президент Каримовнинг 2011 йилдаги Брюссел сафари 2005 Андижон воқеаларидан кейинг Европага қилган илк сафари бўлган эди.

АҚШ элчиси лавозимини тарк этаётган 61 ёшли Илҳом Неъматов ҳам Вашингтонга 2010 йилда юборилган эди. У элчи этиб тайинланишидан аввал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари, Россия ва Ҳиндистонда элчи лавозимларида ишлаган.
XS
SM
MD
LG