Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:45

Обидхон Назаровга суиқасд юзасидан суд тугади


Юзига ниқоб тутилган Нодира Аминова судга олиб келинмоқда
Юзига ниқоб тутилган Нодира Аминова судга олиб келинмоқда
Швециянинг Сундсвалл шаҳрида Обид қори Назаровга суиқасдда гумон қилинган Юрий Жуковскийга жиноий шерикликда айбланган икки ўзбек - Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар устидан маҳкама жараёни тугади. Маҳкамада жиноят ишига оид янги далилларни ошкор қилган прокурор жиноятга шерикликда айбланаётган ўзбекистонликларга яна 8 йиллик қамоқ жазоси сўради.

Таниқли имом Обид қори Назаровга нисбатан суиқасдга алоқадорликда айбланаётган Нодира Аминованинг аввалги кўрсатмаларига зиддиятли нуқталар борлигини швед прокурори Кристер Петерссон 14 июн куни бўлиб ўтган маҳкама жараёнида айтиб ўтган.

Суд жараёнида иштирок этиб келаётган ўзбекистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг Озодликка айтишича, прокурор шу пайтгача судга маълум бўлмаган янги материалларни тақдим қилган:

- Обидхон қори аканинг отилганидан икки кун кейин 24 февралда Нодира Аминова билан унинг Москвада яшаётган акаси Умид орасида шундай ёзишма бўлган экан. Акаси Нодирага айтадики, телефонларингни алмаштир, компютерингни янгила ва тезда Москвага қайтинглар, дейди. Шуни прокурор янги маълумот сифатида тақдим қилиб, Нодирадан бу ёзишманинг сабабини сўради, деди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Обутовга кўра, ўзининг аввалги кўрсатмасида “биз Обидхон аканинг отилганини бир ҳафтадан сўнг, Саййод сайтидан ўқиганмиз, унгача биз билмаганмиз, деб кўрсатма берган Нодира Аминова прокурорнинг саволларига шундай деб жавоб берди:

- Нодира Аминова бу саволларга “ компютерим эски бўлганлиги учун акам менга компютерни янгила¸ деди, Москвага кел дегани саёҳатга кел дегани”, деб жавоб берди. Кейин буни қаранг, Баҳодир Пўлатовнинг хотини Нодира Аминовага “эҳтиёт бўл, менинг кўнглим ғаш” деб ёзган СМСи бор экан. Бу СМС ҳам қори ака отилгандан икки кундан кейин 24 февралда ёзилган экан. Шуни прокурор Баҳодирдан “нега кўнглим ғаш деб ёздинг, нега эҳтиёт бўл деб ёздинг” деб сўради. Баҳодир эса “Нодира велосипедни миниб кетганди, шунга эҳтиёт бўлсин, йиқилиб тушмасин”, деб ёзгандим, деб жавоб берди. Хуллас шунақа гаплар билан булар саволлардан ўзини олиб қочаяпти, дейди Обутов.

Муҳаммадсолиҳ Обутовга кўра, швед прокурори сўнгги сўзида суддан Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни Обидхон Назаровнинг қотилига билиб туриб ёрдам берганлигини фактлар билан тасдиқланганини айтар экан, олдинги судда талаб қилганидек уларга 8 йиллик қамоқ жазоси берилиши сўради.

Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатовнинг адвокатлари суд жараёнида ўз ҳимоясидаги шахслар бу суиқасдга алоқаси йўқлигини, уларнинг алоқасини билвосита тасдиқловчи исбот-далил йўқлигини айтганлар.

Суд томонлар маърузаларини эшитиб бўлгандан сўнг, 1 июл куни ҳукм ўқилишини эълон қилган.

Швед прокурори Кристер Петерссон киритган шикоят асосида 3 июн куни бошланган Сундсвалл суди ҳайъатига 828 саҳифалик айблов хулосаси берилган эди.

Обид қори Назаровга 2012 йилнинг 22 февралида уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинган икки ўзбек — Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ўтган йили 26 апрел кунги маҳкама қарори билан оқланган эди.

Исботини топмади, дея суд томонидан бекор қилинган айбловда ўзбекистонлик эр-хотиннинг Обид қорига ўқ узгани гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга жиноий шерик экани иддао қилинган.

Швед прокурори илгари сурган айблов асосида Обидхон қорига ўқ узганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси, 1978 йил туғилган Юрий Жуковскийнинг қаерда экани ҳам ҳозирча кенг жамоатчиликка номаълум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG