Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:34

Эрон: президентлик сайловида Ҳасан Руҳоний олдинда бормоқда


Эрондаги президентлик сайловларида олдинги ўринларда бораётган номзодлар Ҳасан Руҳоний (ў) ва Муҳаммад Боқир Қалибаф (ч).
Эрондаги президентлик сайловларида олдинги ўринларда бораётган номзодлар Ҳасан Руҳоний (ў) ва Муҳаммад Боқир Қалибаф (ч).

Эрондаги президент сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, мўътадил диний арбоб Ҳасан Руҳоний жамғарган овозлар 50 фоиздан ошган ва у биринчи босқичдаёқ ғалаба қозониши мумкин.


Овозларнинг ўн фоиздан кўпроғи саналганидан кейин Миллий хавфсизлик олий кенгашининг собиқ котиби, ислоҳотчи Ҳасан Руҳоний 52 фоиз билан биринчи ўринни, консерватив қарашга эга бўлган Теҳрон собиқ ҳокими Муҳаммад Боқир Қалибаф қарийб 17 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.


Эрон ядровий дастури бўйича музокараларда Теҳронни тамсил этган Саид Жалилий эса учинчи ўринда бормоқда.

Агар кеча бўлиб ўтган овоз бериш натижалари бўйича биронта номзод 50 фоиздан ортиқроқ овоз ололмаса, 21 июн куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади.

Расмий маълумотларга кўра, кечаги сайловда сайловчилар давомати 70 фоиздан кўпроқни ташкил қилган.

Жума куни Эронда ўтказилган президентлик сайловида 50 миллионга яқин сайловчи олти номзод учун овоз бериш имкониятига эга бўлдилар.

Сайлов ғолиби икки муддат президентлик курсисини эгаллаб турган Маҳмуд Аҳмадийнажод ўрнини эгаллайди.

Эронда ўтказилган ва овоз бериш вақти бир неча соатга узайтирилган президентлик сайловларини кузатиш учун халқаро кузатувчилардан ҳеч ким келмаган.

Эслатиб ўтамиз, Эрондаги аввалги президентлик сайлови натижаларида, мухолифат даъвосига кўра, оммавий сохталаштириш кузатилган ва бу иддао билан чиққан мухолифат тарафдорлари қатағонга учраганди. Бу ҳолат ғарб давлатлари томонидан қораланган.

Эрон Ислом Республикаси сиёсий тизимида энг катта ваколат президентда эмас, олий руҳоний етакчи қўлидадир.

Хусусан, президент армияга қўмондонлик қилиш, ташқи сиёсий масалаларни бошқариш ва Эрон ядровий дастури каби лойиҳаларни назорат қилиш масалаларида охирги қарорни олиш ваколатига эга эмас.

Президентликка номзод Ҳасан Руҳоний Ғарб билан алоқаларни нормаллаштириш ва Эронни халқаро изоляциядан халос қилиш тарафдори бўлиб ҳисобланади. У сайловчиларга фикр эркинлиги ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш ваъдасини берган.

Айни пайтда Эрон ядровий дастури бўйича собиқ бош музокарачи бўлган Руҳоний мамлакат ядровий дастурининг давом эттирилишини истайди. Ғарб мамлакатлари Эрон расмийлари бу дастурдан ядро қуроли яратиш учун фойдаланаётганини тахмин қилади.

Эроннинг собиқ президентлари Муҳаммад Ҳотамий ва Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ҳамда мамлакат руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг укаси Ҳодий Хоманаий кечаги президентлик сайловида Ҳасан Руҳонийни қўллаб чиқдилар.

Ислоҳотчи номзод Муҳаммад Ризо Ориф президентлик сайловида иштирок этиш имкониятига эга бўлганди, бироқ у Руҳонийнинг ғолиб бўлиш имкониятини ошириш учун жорий ҳафта бошида ўз номзодини олиб ташлашини билдирган.
XS
SM
MD
LG