Линклар

Интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғи маъмурияти АҚШнинг махсус идораларидан тармоқ фойдаланувчилари ҳақидаги шахсий маълумотлар сўралган минглаб сўровнома олганини айтмоқда.


Facebook маъмуриятининг ҳуқуқий бўлими раҳбари Тед Улиотнинг билдиришича, 2012 йилнинг иккинчи ярмида АҚШдаги маҳаллий ва федерал даражадаги жосуслик хизматларидан 20 мингга яқин аккаунт ҳақида маълумот сўралмиш 9-10 мингта шундай сўровнома келиб тушган.

Facebook бу ҳақда эълон қилганидан бир неча соат ўтиб яна бир Интернет гигант - Microsoft ширкати ҳам айни давр ичида АҚШдаги полиция ва махсус хизматлардан 30 мингдан зиёд аккаунт ҳақида маълумот сўралган 6-7 мингта сўровнома олганини билдирди.

Бу ерда гап йўқолган болалар ёки қидирувда бўлган жиноятчилар, террорчилик хавфи бор шахслар ҳақида бормоқда.

Facebook ҳамда Microsoft ширкатларининг бу баёнотлари АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ва Марказий разведка бошқармасида ишлаганини иддао қилаётган 29 ёшли Эдвард Сноуден махфий хизматлар қўллайдиган кузатув усуллари ҳақида матбуотга маълумот сиздирганини тан олиши ортидан янгради.

Сноуден АҚШ махфий хизматлари Facebook, Google, Yahoo, Apple ва Microsoft каби йирик Интернет ширкатлар серверларига тўғридан-тўғри кириш ва фойдаланувчилар аккаунтлари ҳақида маълумот олиш салоҳиятига эгалигини иддао қилган эди.

Сноуденга кўра, АҚШ махфий хизматлари ҳар бир америкаликни кузатишга қаратилган жосуслик машинасини яратаётгани боис бу ишга қўл урган.
XS
SM
MD
LG