Линклар

logo-print

Тошкентда яна Mercedes-Benz автобуси ёниб кетди


WhatsApp орқали Озодликка йўлланган видеода ёнаётган автобус акс этган.

WhatsApp орқали Озодликка йўлланган видеода ёнаётган автобус акс этган.

WhatsApp орқали Озодликка ёнаётган автобус акс этган видео йўлланди. Норасмий манбаларнинг хабар қилишича, ҳодисада ҳеч кимга зарар етмаган ва бу автобуснинг Тошкент шаҳридаги "3-Автобус Саройи"га қарашли экани айтилмоқда. Айни пайтда ёнғин сабаблари номаълум қолмоқда.

WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали Озодлик радиосига йўлланган 18 сониялик видеода бир неча метр наридан олинган автобуснинг деярли ёниб битаёзгани акс этган.

Қолган-қутган шакли ва яшил рангидан ёнаётган автобус экани аниқ кўриниб турган бу видеони йўллаган манба ҳодисанинг жума куни Тошкентнинг Қорасарой дахасида содир бўлганини билдирди.

Озодлик мухбирининг бу видео ортидан аниқлашича, бу автобус шаҳардаги "3-Автобус Саройи"га қарашли автобус бўлгани айтилмоқда.

Ҳозирча бу автосарой билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Аммо, шаҳардаги бошқа автосарой ходимларидан йиғилган маълумотларга кўра, ҳодиса Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида содир бўлган.



Маълумотга кўра, бекатга яқинлаган автобусда ёнғин хавфи сезилгач, ҳайдовчи дарҳол йўловчиларни автобусдан туширган ва нари кетишни сўраган.

"Кейин шу пожар бўпти экан. Ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаган. Ҳамма тарқалиб кетган бўлган уже. Шу 3-атопаркка қарашли, деб айтишди. Бугун эрталаб билдим буни", деди шаҳардаги автосаройлардан бирининг диспетчери.

Тошкентдаги 12-, 18-, 8-Автобус саройлари ходимларидан йиғилган маълумотларга кўра, Mercedes-Benz Conecto русумидаги автобус ёнғиндан сўнг яроқсиз ҳолга келган.

Бу ёнғин ҳақида ўзбек ижтимоий тармоқларидаги маълумотлар асосида хабар қилган Gazeta.uz нашри ҳам ҳодисанинг Олмазор туманидаги "Қорасарой" автобус бекатида бўлганини ёзди.

Таҳририятга сурат йўллаган Елена исмли ўқувчисига таянган интернет нашрнинг ёзишича, автобуснинг ички қисмида бошланган ёнғин автобус салонига кўчгунига қадар йўловчилар уни тарк этишга улгурган.

Ёнғинни ўчириш учун эса 3 та ўт ўчирувчи машина келган.

Ҳозирча, ҳодисадан сўз очган манбаларнинг ҳаммаси ёнғин сабаблари номаълум экани ҳақида ёзмоқда.

Бунга қадар шу йилнинг 14 мартида ҳам Тошкент шаҳридаги "7-Автокорхона"га қарашли экани айтилган Mercedes-Benz русумидаги автобус ёниб кетган эди.

Унда ҳам ҳеч кимга зарар етмаган ва ёнғин сабаблари қоронғулигича қолган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда бу ҳодисаларнинг қизғин баҳси бормоқда ва фойдаланувчилар айнан сабаблар хусусида баҳс қилмоқдалар.

Қуйида бу баҳсларда тилга олинаётган бир неча омиллар келтирилади:

- Биринчидан, нақд пул тушуми бўйича кундалик режани бажаришга мажбур этилаётган Автобус саройлари мутасаддилари техник назоратга эътиборсизлик билан қарамоқдалар ва одатан, ёнғинга айнан вақтида аниқланмаган носозликлар сабаб бўлмоқда.

- Иккинчидан, шаҳарда автомобил йўллари ўта абгор ҳолга келгани боис автобуслар кутилган муддатидан олдин ишдан чиқмоқда. Айнан Mercedes-Benz русумидаги автобуслар учун асл эҳтиёт қисмлари эса сўнгги 4 йил ичида хориждан келтирилмаган.

- Учинчидан, ҳозир аксар автосаройларда автобус моторини совутиш учун махсус суюқлик — антифриз ўрнига сув ишлатилмоқда. Mercedes-Benz русумидаги автобуслар моторини эса сув билан совутиш мутлақо мумкин эмас.

- Тўртинчидан, аслида 22+1 нафар йўловчига мўлжалланган автобусларда, одатан, 50-60 нафар, аҳоли қатнови тиғиз вақтларда эса унданам кўп одам ташилиши боис ёз кунларида транспорт мотори янада қизиб кетмоқда.

Булар ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан Mercedes-Benz автобусларида юзага келаётган ёнғин сабаблари хусусида ўртага ташланаётган тахминлардан баъзилари эди.

Мана шу тахминларга ойдинлик киритишини сўраб, Озодлик мухбири боғланган Тошкентдаги Автобус саройлари ходимлари фақатгина йўлларнинг нобоплигига оид тахминларни қувватладилар.

"Бизда мана ҳозирам ишлаяпти техникларимиз. Уларнинг иш режими бор. Ҳар битта автобус ипидан-инграсигача техосмотрдан ўтади. Ўтин ташимаяммизку ҳар ҳолда, тўғрими?! Керакли эҳтиёт қисмлар қўйилади керак бўлса! Лекин, сиз айтган ёнғинга нима сабаб бўлганини ман билмадим энди. Экспертный группа айтадида уни", деди Тошкентдаги йирик автобус саройларидан бирининг исмини айтмаган диспетчери.

Шу тариқа, шаҳар аҳолисини ташиётган ва ташқи кўринишдан яп-янги турган Mercedes-Benz автобусларида рўй бераётган ёнғин сабаблари ҳақида Озодлик ҳозирча бирор расмий ташкилотдан муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Аммо таҳририят келгуси иш ҳафтаси давомида бу ҳодисалар юзасидан расмий ташкилотлар муносабатини ўрганишга уринишда давом этади.

Янгиликларни Озодликда кузатинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG