Линклар

Футбол мухлислари чипталар “қўл”га чиқиб кетганидан хавотирда


Ўзбекистонлик футбол мухлислари чипта олиш илинжида Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони чиптахонаси яқинида турибдилар, 2013 йилнинг 17 июни.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари чипта олиш илинжида Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони чиптахонаси яқинида турибдилар, 2013 йилнинг 17 июни.

18 июн куни Тошкентда ўтадиган Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги футбол учрашувига чипталар тамом бўлди. 17 июн – душанба куни эрта тонгдан “Бунёдкор” стадиони атрофига тўпланган юзлаб мухлисга милиция ходимлари шундай деб маълумот берди.


Чиптахоналар атрофи панжаралар билан ўраб олинган. Бир неча юз чоғли мухлис эса қуруқ билан қайтгиси келмай, шу ерда турибди. Чипта илинжида тўпланган издиҳом доираси кенгайиб боряпти. Стадион атрофида тартибни сақлаш учун ўндан зиёд ички ишлар ходимини кўриш мумкин.

Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги сўнгги ўйин – Ўзбекистон ва Қатар учрашуви учун чипталар 15 июндан сотила бошлаган. Стадион атрофида тўпланган аксар мухлислар – улар орасидан чипта учун атайин вилоятлардан келганлар ҳам бор – қисқа муддатда 30-35 минг дона чипта сотилиб кетишига ишонмаётир. Мухлислар чипталар “қўл”га – олибсотарларга чиқиб кетган, деб гумон қилмоқда.

– Билет 15 июн, шанбадан бошлаб сотилган. Касса якшанба куниям бир-икки соат ишлаган, холос. Кунига нари борса, 5 мингтадан сотгандир. Икки кун ичида 30 мингта билет сотилиб кетганига ишониш қийин-да. Менимча, билетлар “қўл”га чиқариб юборилган. Мана кўрасиз, эртага 15 минглик билетни 100 мингдан пуллашади, – дейди Сардор исмли футбол мухлиси.

“Бунёдкор” стадионидаги учрашув учун чипта баҳоси 15 минг сўмдан 35 минг сўмгача белгиланган. Чипта сотуви пайти мухлислардан паспорт нусхасини кўрсатиш талаб қилинган.

"Бунёдкор" стадиони чиптахонаси Ўзбекистон-Қатар жамоалари ўйинидан бир кун олдин ҳам ёпиқлигича қолмоқда.

"Бунёдкор" стадиони чиптахонаси Ўзбекистон-Қатар жамоалари ўйинидан бир кун олдин ҳам ёпиқлигича қолмоқда.

Аксар мухлислар “Бунёдкор” стадиони маъмурияти футбол ишқибозларини чалғитувчи маълумотлар берганидан ёзғирмоқда.

– Бошида “Бунёдкор” сайтида билетлар 13-14 июн кунлари сотилади, деган хабар беришди. Шунга ишониб, қанча одам 13-14 июн кунлари бу ерга келди, лекин кассалар тақа-тақ ёпиқ. Кейин “бу нотўғри информация”, деб айтишди. Шунча одамни овора қилмай, тўғри информация берса бўлмайдими?! – дейди Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқийдиган Беҳзод исмли ишқибоз.

“Бунёдкор” стадиони маъмурияти билан боғлиқ чипта можароси илк бор кузатилаётган йўқ. Жорий йил 26 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ливанликларни қабул қилганида ҳам чипта олмоқчи бўлган мухлислар сарсон бўлган.

Ўзбекистон-Қатар ўйини ҳақида “Бунёдкор” стадиони панжарасига илинган баннер.

Ўзбекистон-Қатар ўйини ҳақида “Бунёдкор” стадиони панжарасига илинган баннер.

18 июн куни ўтадиган футбол учрашувини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари умид ва илинж билан кутмоқдалар. Қатар билан кечадиган ўйин Ўзбекистон терма жамоасининг Бразилияда ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш масаласини ҳал қилиши мумкин. Шу куни параллел вақтда ўтадиган Жанубий Корея – Эрон баҳсида корейслар форсларни ер тишлатса ва Миржалол Қосимов шогирдлари Қатарни мағлуб эта олса, Ўзбекистон Бразилия йўлланмасини қўлга киритади.

Терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиши йўлидаги ҳал қилувчи ўйинини стадионнинг ўзида кўриш ашаддий мухлислар учун катта аҳамият касб этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG