Линклар

logo-print

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси ҳайдовчилар чўнтагига тўғри келмаëтгани айтилмоқда.

Автомобилларни газга ўтказиш бўйича давлат дастурида иштирок қилаëтган Тошкентдаги “Газамир-Про” ширкати усталари деярли ишсиз ўтирибди.

“Газамир-Про” масъулияти чекланган жамиятининг ўзини Дониëр ака деб таништирган мухандисининг Озодликка айтишича, йил бошидан бери машинасини газга ўтказадиганларнинг сони кескин камайган.


- Сабаби пул. Бизнинг хизматимиз мижозларга қимматлик қиляпти. Биз ҳам арзон қила олмаймиз. Чунки агрегат ва ускуналарнинг ҳаммаси четдан импорт қилинади. Божхона тўловлари юқори¸- дейди суҳбатдош.

Дониëр ака ишлаëтган ширкат оддий Нексия машинасига Жанубий Кореядан келтирилган баллон ва газ ускунасини 2 миллион 400 минг сўмга ўрнатиб бермоқда.

- Бу арзони¸ агар тўртинчи авлод ускуна ўрнатсак, уч миллиондан ошади. Уч миллион 400 минг сўм бўлади¸- дейди муҳандис.

“Газамир-Про” масъулияти чекланган жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан бери бу соҳада фаолият олиб боради.

Ширкат вакилининг Озодликка айтишича¸ улар“Экоҳаракат”, “Савдо-саноат палатаси” билан ҳамкорликда ишламоқда.

- Биз тасдиқланган стандартлар доирасида юқори малакали хизмат кўрсатяпмиз¸ биз ўрнатган агрегатларга кетган харажат сал ўтмай қопланиб кетишига ҳам кафолат берамиз. Лекин мижозлар пана-пастқамдаги қўлбола усталарга арзон гаров нархларда контрафакт ускуналарни ўрнатишни мақул кўрмоқда. Охир-оқибатда машиналар мотори ишдан чиқмоқда,- дейди “Газамир-Про” масъулияти чекланган жамиятининг ўзини Дониëр деб таништирган муҳандиси.

Суҳбатдошга кўра¸ дунёнинг барча мамлакатларида газ мосламаларини автоуловга ўрнатиш арзон нархда давлат кўмагида амалга оширилади:

- Газ билан ишлайдиган моторларнинг экологияга зарари камлигини ҳисобга олиб бу соҳага божхона¸ солиқ ва бошқа имтиëзлар жорий қилинишини истаймиз,- дейди муҳандис.

Суҳбатдош техник жиҳатдан унча мураккаб бўлмаган бу ускунларни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши тарафдори.

Ўзбекистонда машиналарни газга ўтказиш ускуналарини Навоий вилоятида ишлаб чиқариш уринишлари муваффақиятсиз тугагани айтилади.

Бу аснода божхона ҳаражатларининг кўплиги боис Ўзбекистон ҳудудига машинани газга улайдиган агрегатлар контрабандаси ҳам кўпайгани кузатилади.

Озодлик мухбири Сирдарëнинг Гулистон шаҳрида машиналарни газга ўтказиш билан рухсатсиз фаолият кўрсатаëтган бир нечта устахона борлиги ҳақидаги маълумотни қўлга киритди.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ бу устахоналар арзон нархларда машиналарга газ ускуналарини ўрнатиб бермоқда:

- Бу устахоналар Беларусда ишлаб чиқарилган газ установкаларини қўйиб беради. Фақат установкаларнинг сертификати йўқ. Техосмотрдан ўтган пайтда милиционерлар билан келишишга ҳам тўғри келади. Лекин барча ҳаражатлар жамланган тақдирда ҳам бу анча арзон тушяпти¸- дейди Озодлик билан микрофонсиз ва исмини айтмасдан суҳбатлашган сирдарëлик уста.

Суҳбатдошга кўра¸ автоуловга газ мосламасини ўрнатишнинг асосий афзалликларидан бири унинг тежамкорлигидадир:

- Масалан, "Нексия" автомобили 100 километрга 9 литр бензин сарфласа, газда 9,9 литр сарфлайди. "Дамас" автомобиллари эса 100 килметрга 7,5 литр бензин, 8,25 литр газ сарфлайди. Бир йил давомида қанча иқтисод бўлишини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг,- дейди суҳбатдош.

Шу кунларда бир литр газнинг нархи 880 сўм экани, бир литр бензининг нархи эса 1800 сўм экани муқояса қилинса, ëқилғи иқтисодидан 50 фоиздан ортиқ фойда кўрилиши аëн бўлади.

Тошкентда газ АËҚШ танқис

Суҳбат асносида газ билан юрадиган машиналарни ёқилғи билан таъминлайдиган АËҚШлар камлиги билан боғлиқ муаммо борлиги ҳам аëн бўлди.

Масалан, 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13та автомобилларга газ қўйиш шохобчаси ишлаб турибди.

"Ўзбекнефтегаз" ширкати мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳозир республикада қанча газ АËҚШи борлиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтиб¸ бутун мамлакатда 2015 йилгача 352та газ қўйиш шохобчаси очилиши режаланганини билдирди.

Билишимизча, 30 миллионлик Ўзбекистонда газ АËҚШлари сони икки юздан сал кўпроқдир.

Масалан, таққослайдиган бўлсак, бир миллион аҳоли яшайдиган Прага шаҳрида тўртюздан ошиқ автомобилларга газ қўйиш шохобчаси мавжуд.

10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бутун Чехияда эса 4 мингга яқин шоҳобчада машиналарга газ қуйиш имкони яратилган.

Тўрт ғилдиракли бомба

Газнинг баллонда босим остида сақланиши дизел ва бензин ёнилғисига қараганда анчагина хавфли деган фикр мавжуд.

Шу боис Европа мамлакатларида газ билан юрадиган машиналарнинг ер остидаги оммавий ëпиқ гаражларга киришига тақиқ қўйилган.

Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши оқибатида одамлар нобуд бўлгани фактлари бор.

Масалан, Хоразм вилоятида келин олиб келаëтган машина, мавжуд анъанага кўра, олов устидан ўтганида портлаб кетгани айтилади.

Хоразм вилояти Ички Ишлар бошқармаси ходимлари айни кунларда газ билан юрадиган автомобиларнинг келин куëв кортежида қатнашини тақиқлаб қўйгани айтилади.

Газ билан юрадиган автомобилларнинг тўйларда олов устидан ўтмаслигини Хоразмдаги маҳалла оқсоқоли таъминлаши керак.

Ўзбекистон бозорига "Samsung" савдо белгиси остида газ баллон мосламалари олиб келинмоқда.

Стандартлар бўйича Ўзбекистон давлат қўмитаси бу баллонларнинг хавфсизлик даражаси юқори эмаслиги ҳақида маълумот тарқатди.

Бу баллонлардан фойдаланиш жараёнида газ резервуарларида мавжуд кўплаб механик боғламалар билан боғлиқ камчиликлар аниқланди.

“Газамир-Про” масъулияти чекланган жамиятининг ўзини Дониëр ака деб таништирган мухандисининг Озодликка айтишича¸ газ баллонлар анча хавфсиз ёнилғидир. Улар ёрилиш ёки портлаш хавфини келтириб чиқармайдиган даражада мустаҳкам қилиб ишланган:

- Масалан, БМВ фирмаси аниқ фактлар асосида автомобил корпусининг шикастланиш хавфини ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, автомобил корпусининг газ билан жойлашган қисмида шикастланиш хавфи атиги 1-5 фоизни ташкил қилар экан. Автомобиллардан фойдаланиш тажрибаси ҳам газ билан ҳаракатланадиган машиналарда нисбатан портлаш хавфи камроқ эканлигини кўрсатмоқда,- дейди суҳбатдош.

Айни пайтда муҳандис қўлбола газ ускуналари ўрнатилган машиналарнинг тўрт ғилдиракли бомба эканлигидан барчани огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG