Линклар

Депутат: "Пулинг бўлса - Россияга марҳамат! Бўлмаса - йўқ..."


Россия депутатлари марказий-осиёлик мардикорларга минг долларлик солиқ солмоқчи.

Россия депутатлари марказий-осиёлик мардикорларга минг долларлик солиқ солмоқчи.

Давлат Думаси депутатлари Россия билан визасиз муносабатлари бўлган мамлакатлардан келаётган меҳнат муҳожирларини миграция векселларисиз чегарадан киритмаслик ташаббуси билан чиқди. Қонун лойиҳаси ташаббусчиларига кўра, ҳар бири 30 минг рубл (1000 АҚШ доллари) турадиган миграция векселлари Россияда ноқонуний мигрантлар сонини кескин камайтиради ва давлат бюджетига қўшимча 225 млрд рубл даромад келтиради. Мутахассислар бу ташаббусни “камситувчи” дея баҳоламоқда.



Россия парламентининг Мудофаа масалалари бўийча қўмитаси аъзолари “Единая Россия” вакили Алексей Журавлев ва ЛДПР намояндаси Сергей Жигарев куни-кеча қилган чиқишида “Россия Федерациясига кириш ва Россия Федерациясидан чиқиш тартиби тўғрисида” ҳамда “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунларига киритиш учун ўзгартишларни ишлаб чиққанини маълум қилди.

Озодликка берган интервюсида Давлат Думаси депутати, “Родина-Рус жамоалари Конгресси” миллатчи-империячи партияси раиси Алексей Журавлев қонун лойиҳасида Россияга кириб келаётган мигрантлар махсус “миграция вексели”ни харид қилиб, мамлакатга кириш ҳуқуқига эга бўлиши кўзда тутилганини айтади.

- Миграция вексели – фоизсиз хазина вексели бўлиб, виза талаб қилинмайдиган мамлакатлардан кириб келаётган хориж фуқароларига сотилади. Бу унинг депортация қилиниши ҳолатида тўлашга қодир экани кафолатидир. Содда қилиб айтсам, бу унинг молиявий мажбурияти бўлиб, мамлакатдан чиқиб кетаётганида тўлиқ қайтарилиб бериладиган маблағдир,- дейди Россия Давлат Думаси депутати Алексей Журавлёв.



Суҳбатдошга кўра, агарда меҳнат муҳожири Россия қонунчилигини бузса – депозитга қўйилган ўз маблағи ҳисобига ортга жўнатиб юборилади.

У миграция қонунчилигини кескинлаштириш тарафдори бўлган бир гуруҳ парламент аъзолари томонидан ишлаб чиқилган бу лойиҳа ёрдамида “мамлакат бирлигини сақлаб қолиш, Россияда криминоген (жиноятчилик-таҳр.) вазиятни пасайтириш ва бюджетга қўшимча 225 миллиард рубл (7 млрд АҚШ доллари)” даромад келтиришни режалаштирмоқда.

“2012 йилда Россия Федерацияси ҳудудига 15,88 миллион одам кириб келган (шундан 1,34 одамга ишлаш учун рухсатнома берилган), 2011 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 13,8 миллионни (1,19 миллион ишга рухсатнома) ташкил этган”, дейилади киритилган лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатида.

“Экспертлар маълумотларига кўра, мамлакатимизда камида 3 миллион ноқонуний меҳнат муҳожири яшаб келмоқда”, дея давом этади Россия Думасининг Мудофаа масалалар бўйича қўмитаси аъзоси Алексей Журавлев.

- Лекин бу рақам анча камайтириб кўрсатилган – мутахассислар 10 миллион деяпти. Яъни, 10 миллион ноқонуний муҳожирни депортация қилиш юзлаб миллиард рубл сарф-ҳаражатни талаб қилади: буни эса бирорта бюджет кўтара олмайди. Йилдан йилга миграция соҳасида муаммоларимиз кўпайиб бормоқда ва биз муайян чора қўллашимиз керак. Қўшимча қилишим мумкинки, бу Россияда миграция оқимини тартибга келтиришнинг биринчи қадамларидан бири: биз Миграция Кодексига ҳам бошқа ўзгартишлар тайёрлаяпмиз,- дейди депутат Журавлёв.

Алексей Журавлёв “миграция векселларининг” жорий қилиниши ФМС, полиция ва бошқа давлат идораларига ноқонуний миграция билан курашиш учун қўл келишини илова қилди.

Халқ намояндаси оммавий ахборот воситаларида хабар қилинаётган “миграция векселларининг” 30 минг рубл турадиган нархи бироз ошириб юборилгани, аслида у 15-20 минг туриши мумкинлигини айтади.

- Мигрантни депортация марказига жойлаштириш учун унинг ҳужжатларини топиш керак, сўровнома юбориш зарур. Одатда ноқонуний муҳожир ўзи билан бирорта ҳужжат олиб юрмасликка ўрганиб олди. Унга саноқсиз ҳужжат тўлдириш, уни бу ерда ушлаб туриш, боқиш учун мана кўрсатилган пул маблағи сарфланади,- дейди Алексей Журавлев.

Депутат бу режани амалга оширишда федерал бюджетдан қўшимча харажат талаб этилиши билдирсада, бироқ бу сарф хориж фуқаролари депозитга қўйилган маблағдан қопланишини маълум қилди.

Жаноб Журавлев Россияда малакасиз ишчилар сонинг кўпайиши ортидан Россия миллий бирлигигага путур етказилмоқда ва мамлакатда содир этилаётган оғир жиноятлар сони кескин ошиб бормоқда, дейди.

У биргина 2012 йилда Россия қонунчилигини бузганликда айбланиб, 35134 нафар мигрант мамлакатдан депортация қилинганини қўшимча қилди.

Суҳбатимиз сўнггида "бундай чоралар МДҲ давлатларининг норозилигига сабаб бўлмайдими", деган саволимизга у:

- Марҳамат! Мен бу ерда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Биринчидан, агарда улар ҳақиқатан бундай чораларни қўлласа, биз фуқароларимизга дотация тарзида кўмак беришимиз мумкин. Мамлакатимизга йилига ўртача 15 миллион одам кириб келмоқда, демак векселлардар тушган маблағ юзлаб миллионларни ташкил этади. Ана шу пулнинг бир қисмини шунга сарфлаймиз. Қолаверса, Ўзбекистон ёки Тожикистонда яширинча қолиб яшаётган Россия фуқаролари ҳақида ҳозирча эшитганим йўқ,- дея таъкидлади Россия Давлат Думаси депутати Алексей Журавлёв Озодлик билан суҳбатда.

Дума муҳокамасига киритишга тайёрланаётган “миграция векселлари”га қатор мустақил кузатувчилар эътироз билдирмоқда.

Россияда миграция масаласида энг йирик экспертлардан саналган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина парламентнинг айрим депутатлари киритаётган бу ташаббусни “ғирт ахмоқлик” деб атаб, айниқса МДҲ давлатлари ва Россия ўртасида очиқчасига совуқчилик юзага келишини тахмин қилади.

- Мен Думамизга ишончим қолмаган бўлсада, бундай ахмоқликка ҳатто улар қўл қўймаслигига ишонаман. Чунки бундай ҳаракатлар жавоб реакциясини келтириб чиқаради. Масалан, ҳамма жаноб Жириновскийнинг ҳатто парламентда жанжаллашганини кўрган. Демак ундан ҳам 30 минг евролик депозит олиб киритиш керак бошқа мамлакатларга! Менимча бу ғирт беманилик, шундай хулоса келиб чиқадики, Дума депутатлари қўл ураётган ҳар қандай ташаббус коррупцияга кенг йўл очиб беришга қаратилган. Улар нима, энди яқин қўшнилар билан жанжаллашиш ниятидами? Марҳамат, бошлаб кўрсинчи, дея қонун лойиҳасига ўз муносабатини билдирди ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкина.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG