Линклар

logo-print
АҚШ ҳукумати Эронда нисбатан мўтадил қарашлардаги номзоднинг президентлик курсисига ўтиришига қарасмасдан, Вашингтон Теҳронга ядровий битим таклиф этмаслигини билдирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки Вашингтон Эрон ядровий дастури бўйича янги музокараларга тайёр эканини, бироқ бу борада дастлабки қадамни Теҳрон қўйиши кераклигини айтди.

Псакига кўра, Эрон ҳукумати халқаро ҳамжамият тарафидан апрел ойида қилинган таклифга ўз жавобини бериши керак.

Эслатамиз, жорий йилнинг апрел ойида Эронга ўз ядровий дастурининг энг мунозарали қисмларидан воз кечиши эвазига халқаро санкцияларни енгиллатиш ваъдаси берилган эди.

Эронда ислоҳотчи номзод Ҳасан Руҳонийнинг янги президент этиб сайланиши халқаро ҳамжамиятнинг ядровий сўзлашувларда ижобий натижага эришиш умидини оширди.

Бироқ Жен Псаки Эрон ядровий дастурига оид бўлган барча қарорлар мамлакат Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий тарафидан қабул қилинишини эслатиб ўтди.
XS
SM
MD
LG