Линклар

Қирғизистонда ҳукуматни зўравонлик билан босиб олишга ҳаракат қилганлик учун озодликдан маҳрум этилган уч депутат оқланди.

Душанба куни Бишкек шаҳар судида ўтган маҳкамада депутатлар Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовлар суд залида озод этилган.

Парламент депутатлари жорий йилнинг март ойида Бишкекнинг Биринчи Май тумани суди тарафидан бир йилдан бир ярим йилгача бўлган муддатга қамоққа ҳукм қилинган эди.

Прокурорлар суддан судланувчи депутатларга 9 йилдан 10 йилгача бўлган қамоқ жазосини тайинлашни сўраган.

Уч мухолифатчи ўтган йилнинг 3 октябридаги Бишкекда зўравонликларга айланиб кетган минг кишилик намойиш ортидан ҳисбга олинган эди.

Депутатлар ўша митингда ҳукуматни босиб олиш чақириқларини айтиб, намойишга келганлар гуруҳи билан парламент ва президент маъмурияти биноси панжараларидан ошиб тушишга ҳаракат қилган.

Ҳибсдаги депутатлар тарафдорлари бир неча бор норозилик акциялари ўтказиб, июн ойи бошида Бишкек-Ўш йўлини бир неча кунга тўсиб қўйишган эди.
XS
SM
MD
LG